Линклар

Петровкадаги оммавий тартибсизлик бостирилди


Қирғизистоннинг Москва туманидаги Петровка қишлоғидаги тартибсизлик иштирокчилари бу ерда яшовчи этник курдларни зўравонликларда айбладилар.

Қирғизистоннинг Москва туманидаги Петровка қишлоғидаги тартибсизлик иштирокчилари бу ерда яшовчи этник курдларни зўравонликларда айбладилар.

Бишкек шаҳри яқинидаги Петровка қишлоғида 26 апрел куни бўлиб ўтган оммавий тартибсизликлар пайтида намойишчилар бу қишлоқда яшовчи этник курдларнинг уйларига тош улоқтирганлар ва уларнинг бу ердан кўчиб кетишини талаб қилганлар.

Бишкек яқинидаги Москва тумани Петровка қишлоғида якшанба куни бўлган тартибсизликлар оқибатида маҳаллий курдларга қаршали 15 уйга зиён етган, бешта автомашина ағдарилган ва битта “Лексус” жип автомашинаси ёндириб юборилган.

Бу қишлоқда содир этилган тартибсизликлар ҳақида маълумот берар экан, Қирғизистон Ички ишлар вазири Молдомуса Қоғантиев бу воқеада курд ва қирғиз миллатига мансуб икки киши тан жароҳати олганини ҳам айтиб ўтди.

Ички ишлар вазирлиги томонидан тартибсизликларда иштирок этган 80га яқин одам қўлга олинган. Айни пайтда бу воқеа юзасидан очилган жиноят иши Миллий хавфсизлик қўмитасига ўтказиб берилган.

- Айни пайтда вазият изга тушди, қишлоқ назорат қилинмоқда. Тартибсизликларда иштирок этгани учун қўлга олинганларга нисбатан тергов жараёни бошланди. Биз бу тартибсизликларнинг асосий ташкилотчиларини аниқламоқчимиз,-деди Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Бақит Сейитов.

Президент фармони билан Москва тумани ҳокими Дептаги Аринов лавозимидан бўшатилган.

26 апрел куни Петровка қишлоғи аҳолисининг бир қисми бу ҳудудда яшовчи маҳаллий курдларнинг кўчиб кетишини талаб қилиб намойишга чиққан ва бу тадбир оммавий тартибсизликка айланиб кетган эди.

Норозилар курд миллатига мансуб 22 ёшли Абдулло исмли йигитни 4 ёшдаги рус қизини зўрлаганлигини иддао қилган эдилар.

- Қизалоқ бу ерга қандай келиб қолгани, қандай қилиб уларнинг қўлига тушиб қолганини билмаймиз. Хуллас, улар қизчани зўрлашган,-деди Петровка қишлоғида яшовчи норозилардан бири Лариса.

Ички ишлар вазири Молдомуса Қоғантиев 27 апрел куни экспертиза 4 ёшли қизнинг зўрланганини тасдиқламаганини маълум қилди.
Шунингдек, Ички ишлар вазири Петровка қишлоғида маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячиси Сапар Аргинбоев ҳам қамоққа олинганини айтиб ўтди.
Ҳуқуқ ҳимоячиси тартибсизликлар пайтида қишлоқдан курд миллатига мансуб бўлган одамларнинг 24 соат ичида кўчиб кетиши талаб қилган чақириқ ташаббускори бўлган эди.

Ички ишлар вазири Молдомуса Қоғантиевга кўра, ҳуқуқ ҳимоячиси Сапар Аргинбаев бу чақириқ билан одамларни миллий низога даъват қилган ҳамда Қирғизистон фуқароларининг мамлакатдаги исталган ҳудуда яшаш ҳуқуқини чекламоқчи бўлган.
XS
SM
MD
LG