Линклар

Қирчумоли уйларни қираяпти


Ўзбекистон шаҳар ва қишлоқларидаги минлаб турар-жойлар қирчумолиларнинг кўпайиши оқибатида вайрона ҳолатига келмоқда.

Ўзбекистон шаҳар ва қишлоқларидаги минлаб турар-жойлар қирчумолиларнинг кўпайиши оқибатида вайрона ҳолатига келмоқда.

Ўзбекистон Фанлар академияси Зоология институти маълумотига кўра, мамлакатнинг тўрт вилоятидаги 25 мингдан зиёд турар-жой термит (қирчумоли)дан зарарланган.

Ўзбекистон фанлар академияси Зоология институти "Энтомология" бўлими мудири, профессор Оловиддин Ҳамроевнинг Озодликка билдиришича, ҳозирча фақат тўртта вилоятдаги термитдан шикастланган турар-жойлар бўйича маълумот мавжуд.

-Чунки бизлар ҳали Жиззах вилоятини¸ Тошкент вилоятини тўлиқ ҳисобга олмаганмиз. Бундан ташқари, гапнинг очиғи Хоразмда, Қашқадарёда ва бошқа вилоятларда ҳам айрим қишлоқларни ҳисобга олганимиз йўқ. Шунинг учун биздаги маълумотлар ҳозирча шу- 25 минг хонадон термитдан зарарланган.

Озодлик: Демак, термитдан шикастланган уйлар сони бундан ҳам кўп бўлиши мумкин?

-Ҳа¸ бундан ҳам кўп бўлиши мумкин, - дейди Оловиддин Ҳамраев.

Профессор Ҳамроевга кўра, мамлакат бўйича Навоий, Сурхондарё, Қашқадарё, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасидаги турар-жойларнинг термитдан зарарланиши кучли эканлиги аниқланган.

Лекин айни пайтда мамлакатда термитдан зарарланган маъмурий бинолар бўйича тўлиқ маълумот мавжуд эмас.

- Маъмурий биноларни тўлиқ ҳисобга олганимиз йўқ. Биргина Самарқанднинг Нуробод туманида термитдан зарарланган маъмурий биноларни аниқлаганмиз. Туманда 17та мактаб термитдан шикастланган.

Бундан ташқари Термиз аэропорти ҳудудини бутунлай термитлар қоплаб олган. Яна Нуротада “Ҳасан-Ҳусан” деган зиëратгоҳ жойни термитлар жуда қаттиқ шикастлаган. Бундан ташқари кўп жойларда масжидлар ва тарихий ёдгорликлар ҳам шикастланган, - дейди Оловиддин Ҳамраев.

Маълум бўлишича, биргина Хива шаҳридаги 56 та тарихий ёдгорликдан 31 таси термитлар томонидан зарарланган.

Биология фанлари номзоди Икром Абдуллаевга кўра, Хоразмда термит ёдгорликлардан ташқари аҳоли турар-жойларига ҳам жиддий зарар етказяпти.

-Хива тумани ва шаҳри, Шовот, Ҳазорасп, Питнак, Янгиариқ туманларида термит кенг тарқалган. Питнакдаги Шорловиқ посëлкасида 70 фоиз хонадон термитлар билан кучли зарарланган,- дейди Икром Абдуллаев.

Маълум бўлишича, Хивада янги қурилган иморатларда ҳам термитлар борлиги аниқланган.

Хива шаҳридаги “Мевастон” маҳалласида термит дастлаб ўтган асрнинг 80-йилларида пайдо бўлган. Ҳозир маҳалладаги 300га яқин хонадон термитлардан зиён тортмоқда.

“Мевастон” маҳалласида яшовчи фуқаролардан бири термитдан шикастланган уйларда яшаш хавфли эканлигини айтади.

-Уйим йиқила бошлаганига анча йиллар бўлди. 12 та хонамиз бор эди. Бу йил яна 2-3 хона термитдан шикастланиш туфайли қулаб тушди. Қурт (термит) кўп. Уйни устунлари қачон синиб кетар экан, деган хавфда ëтамиз,- дейди мевастонликлардан бири.

Маълумотларга кўра, 2004 йили Хива шаҳрида тўрт ёшли эгизак қизлар Ойша билан Фотима Сафаевалар термит қуртидан зарарланган деворнинг қулаб тушиши оқибатида ҳалок бўлишганди.

Биолог мутахасислар маълумотига кўра, дунёда термитларнинг 2800 тури мавжуд. Уларнинг 20 тури ўта жиддий зараркунанда ҳисобланади.
Термитлар жуда тез кўпаяди. Битта оилада 20-24 минг термит яшайди. Беш-олти йил яшайдиган она термит умри давомида бир миллиондан ортиқ тухум қўяди.

Профессор Ҳамроевга кўра, термитлар ёғочдан ташқари 69 хил нарсани ейиши аниқланган.

- Термитнинг Ўзбекистонда иккита тури учрайди. Термитлар асосан ëғоч кемирувчи ҳашорат. Айтайлик деворнинг ичида сомон бўлса ҳам¸ ëғоч бўлса ҳам топиб ейди. Йўлида нима тўғри келиб қолса¸ ўшани тешиб ўтишга ҳаракат қилади. Ëғочдан ташқари 69 хил маҳсулотлар термитлар билан зарарланиши аниқланган. Масалан,ғишт¸ резина¸ изоляцион қоплама¸ сунъий териларни шулар қаторида айтишимиз мумкин, -ейди Оловуддин Ҳамроев.

Профессор Ҳамроевга кўра, айни пайтда улар термитга қарши курашишда АҚШ билан ҳамкорликда фаолият кўрсатишмоқда. Бугунги кунда ўзбекистонлик олимлар томонидан термитга қарши курашнинг кўплаб самарали усуллари ишлаб чиқарилаётганини айтади профессор.

-Дунëда биринчи бўлиб бизлар термитга қарши заҳарли емхўракларни ишлатганмиз. Буни биздан бошқа тайëрлайдиган ташкилот йўқ. Ҳозир антитермит деган махсус мослама қурдик. У бир соатда 400-500 дона заҳарли емхўрак ишлаб чиқаради. Ўша мосламани бир ойнинг ичида ўрнатиб бўламиз. Июлдан бошлаб албатта ишга тушади.

Бундан ташқари биз яна қурилиш маҳсулотларининг термитларга қарши чидамлилигини ошириш бўйича ишлаяпмиз. Бунақа ечимлар дунëда айтарли қилинмайди, - дейди Оловуддин Ҳамроев.

Ўзбекистонда термитлар биринчи марта 1875 йили рус олимлари томонидан аниқланган. Фақат ўтган асрнинг 50-йилларига келибгина термитлар билан шуғулланиш бошланган. Лекин 70-йиллардан бошлаб бу иш яна тўхтаб қолган.

Ўзбекистонлик олимлар 2001 йилдан бошлаб термитга қарши жиддий кураш бошлашган. 2003 йили АҚШ қишлоқ хўжалиги департаментининг термитга қарши кураш бўйича 291 минг долларлик гаранти ютиб олинган. 2006 йилдан бошлаб ушбу грантнинг иккинчи босқичига 256 минг доллар ажратилган.
XS
SM
MD
LG