Линклар

logo-print

Мол аччиғи – жон аччиғи

  • Абдулла Искандар

Ўзбекистонда маҳалласи ҳорижий ширкат томонидан сотиб олиниб, уйи бузилган Муяссар Раҳимова ҳукумат унинг ҳуқуқларини ҳимоя қила олмаганидан ўкинади.

Ўзбекистонда маҳалласи ҳорижий ширкат томонидан сотиб олиниб, уйи бузилган Муяссар Раҳимова ҳукумат унинг ҳуқуқларини ҳимоя қила олмаганидан ўкинади.

Тошкент шаҳрининг Бешëғоч маҳалласида истиқомат қиладиган Муяссар опа Раҳимованинг уйи¸ олий маҳкама қарорига кўра¸ 17 апрел куни бузиб ташланди. .

Тошкент шаҳар ҳокимиятидан олинган маълумотга кўра¸ Муяссар Раҳимова истиқомат қиладиган маҳалла ҳудуди хорижий ширкат тарафидан сотиб олинган.

Ширкат тарафидан бузилган уй эвазига таклиф қилинган товон Муяссар Раҳимовани қаноатлантирмади. Муяссар Раҳимова ўз уйини ҳимоя қиламан деб туман судидан то олий судга қадар пиллапояларни босиб ўтди.

"Ўзбекистондай бир катта давлат мен каби муштипар аëл ҳуқуқини тижорий ширкат сармоячилари тажовузидан ҳимоя қила олмади"¸ дейди мухбиримиз билан суҳбатда Муяссар Раҳимова

“Бульдозер билан келиб¸ дод-войимга¸ учта болам билан қарши туришимга қарамасдан бузиб ташлашди”.

Тошкентлик уй бекаси¸ 40 яшар Муяссархон Раҳимова 17 апрел кунидан бери ҳар куни ўзининг бузилган уйи вайроналари олдига келади. 15 йил мобайнида қурган уйим бир кунда ост-уст бўлди¸ қурилиш материалларини олиб кетай десам¸ олиб борадиган жойим йўқ¸ деб зорланди опа.

- “Қурилиш материалларимни олиб олай. Бунга 15 йиллик меҳнатим кетган” деганимга қарамасдан уйимни бульдозер билан суриб бузиб ташлашди. Ҳозир мен кўчадаман. Учта болам билан кўчада вокзалларда ëтиб юрибман¸ дейди зорланиб Муяссар Раҳимова.

Муяссархон Раҳимова уйи бузилган минглаб тошкентликлардан бири. Қонунга кўра уйлари бузилган оилаларга товон пули ëки уй беришлари лозим.

Муяссархон Раҳимованинг уйини бузган бўлсак¸ ўрнига дом обердикку¸ дейди Чилонзор туман ҳокимояти мулозими Ҳамза ака.

- У кишига беш хонали уй берилганку. Себзордан¸ шаҳар марказидан беш хонали уй берилган¸ дейди Ҳамза ака.

Ҳокимият мулозимига кўра¸ Муяссархон Раҳимовага марказдан беш хонали уй берилган.

“Уй беришди¸ аммо мен у уйга сира рози эмасман”¸ дейди Муяссархон.

- Ўша суднинг тақдим қилган уйи. Улар бергани йўқ. У уйни компания олиб берган. Бу уйни мен рад қилдим. Тўртинчи этаждан беш хонали уй берган эди¸ дейди Муяссархон Раҳимова.

Яна ҳокимият мулозимига боғланамиз. Биз суҳбат қилаëтган мулозим уй бузилаëтган пайтда шахсан иштирок этганлигини писанда қилади.

- Майли тушунарли. Рози бўлмаган тақдирда бизларнинг энг каттамиз шаҳар ҳокими ҳисобланади¸ дейди ҳокимият мулозими.

Уйни биринчи қаватга ўзгартириш масаласини Тошкент шаҳар ҳокими ҳал қилади¸ деб гапни қисқа қилди мулозим.

Биз Тошкент шаҳар ҳокимияти қурилиш ва сармоя бўлимига қўнғироқ қилдик. Бу муаммо билан Чилонзор тумани шуғулланади¸ биз Тошкент шаҳар ҳокимиятимиз¸ деди ҳокимиятдаги мулозима аëл.

Уйи бузилган Муяссар Раҳимованинг шаҳар ҳокимиятига қатнайвериб оëқлари қаварди.

- Ҳамза ака айтган эди¸ ҳокимга чиқдим. Биринчи ҳоким ўринбосари Бахтиëров қабул қилди. Энди борсам умуман яқинига йўлаштиришмаяпти¸ дейди Муяссар Раҳимова.

Ширкат¸ ҳокимият¸ суд деб аталган доира тинимсиз айланаверди¸ аммо ҳар сафар ечим Муяссар опа зарарига чиқди. Замона зўрники¸ томоша кўрники эканда¸ деб ëзғирди суҳбатдош.

- Менга қулоқ ҳам солишгани йўқ. Улар менинг талабимни қондириши керак эдику. Олий суд кўрди¸ дейди Муяссар Раҳимова.

Тошкентдаги ҳуқуқий муаммолар маркази ҳуқуқшуноси масалани фақат суд ҳал қилади деди.

Муяссар Раҳимова ўзининг Арпапоя маҳалласидаги уйини ширкатдан ҳимоя қиламан деб туман судидан то Олий судгача борди.

Суд жараëнлари рус матрешкасидаги ич – ичига кийдирилган қўғирчоқлар каби бир бирини кичрайган тарзда такрорлайверди.

Тошкентдаги ҳуқуқий муаммолар марказининг уй-жой низоларига ихтисослашган ходими Дилбар опа назарида Муяссар Раҳимованинг омади келган¸ чунки унга ҳар ҳолда беш хонали уй ваъда қилишган.

- Биласизми¸ ҳозир ҳатто уйлар ҳам беришмайди. Бир хилларига дом ҳам бермаяптию. Қўлига 1000-2000 беради¸ шу билан тамом¸ дейди Дилдора опа.

Агар ҳамма ҳимоя воситалари харж бўлган бўлса¸ Муяссархон энди президентга арз қилсин¸ дейди ҳуқуқшунос.

- Жуда бўлмаса биласиз бизларда юқориси президент. Охири энди фақат президентга мурожаат қилса бўлади¸ дейди Дилдора опа.

Муяссархон бир неча марта президентга арз қилмоқчи бўлди аммо:

- Президентга борсам киргизишмаяпти. Борсам¸ ГОВДдан одам келиб дарров уйимга олиб бориб келаяпти. Ундан кейин РОВДдан келиб менга жиноятчидай қарашаяпти.

Беш-олти марта чиқдим президентга. Мен киришим билан дарров ГОВДдан Бахтиëр деган бола келаяпти. Расмга олаяпти¸ телефонига ëзиб олаяпти. “Компания эртага келади. Сизнинг талабингизни қондиради” деб жўнатади. Эртасига компаниянинг ўрнига РОВДдан одамлар¸ милиция ходимлари келиб “Сиз қонунга қарши иш қилаяпсиз” деб қўрқитиб кетаяпти.

Мен қонунга қарши ҳеч қандай иш қилганим йўқку. Ҳокимнинг “Ҳар бир уй эгасини рози қилиб чиқарсин” деган қарори бор. Компания бу қарорни нимага инобатга олмади¸ дейди Муяссар Раҳимова.

Мол аччиғи жон ачиғи. Уйи бузилган Муяссархон баклашка ичига бензин тўлдириб¸ Оқсарой олдида ўзига ўт қўймоқчи ҳам бўлди.

- Аччиқ устида ўзимни ëқиб юбормоқчи эдим. Қўлимдаги бензинни тортиб олишди. Маҳалла раиси чиқиб¸ қўлимдаги бензини бор баклашкани олиб қўйди. Ўзимни Оқсаройнинг ëнида ëқаман деб чиқиб кетаëтган эдим¸ дейди Муяссар Раҳимова.

Мақолага нуқта қўйишдан олдин Муяссар опага яна қўнғироқ қилдик.

- Шундай катта ҳукумат¸ кичкина оилани ҳимоя қила олмади. Майли нима қиламан энди. Пешонадагини кўраман¸ дейди Муяссар Раҳимова.

Шундоқ катта давлат менинг мулкий ҳуқуқимни ширкат тажовузидан ҳимоя қила олмади деб зорланди суҳбатдош.

Шу ўринда Тошкентдаги ҳуқуқий муаммолар маркази ҳуқуқшуноси изоҳини ҳам келтириб ўтишни маъқул деб топдик.

- Бу муаммонинг ечими йўқ¸ ҳатто ерни тортиб олган ширкат учун ҳам. Чунки Ўзбекистонда ер хусусий мулк эмас. Ер давлатга тегишлидир. Ўзбекистонда ер хусусий мулк бўлмас экан¸ уй-жой билан боғлиқ муаммолар давом этаверади¸ деди Тошкентдаги ҳуқуқий муаммолар маркази ҳуқуқшуноси.
XS
SM
MD
LG