Линклар

Етмиш ўзбек Новосибирск ахлатхонасидан ҳайдалди

  • Сарвар Усмон

Мутахассислар фикрича, Россия ўз аҳолиси сонини Минтақа давлатлари фуқаролари ҳисобига кўпайтирмоқчи.

Мутахассислар фикрича, Россия ўз аҳолиси сонини Минтақа давлатлари фуқаролари ҳисобига кўпайтирмоқчи.

"Меҳнат миграцияси, агар кўлами шу кундаги даражада сақланиб қолгудай бўлса, Марказий Осиёдаги уч мамлакат - Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистоннинг хавфсизлигига таҳдиддир".

Бу фикрни Озодлик мухбири билан суҳбат чоғида икки олим - ўзбекистонлик социолог ҳамда қирғизистонлик иқтисодчи билдирди. Миграция кўлами эса, баъзи маълумотларга қараганда, келажакда янада кенгайиши мумкин.

Олимларни суҳбатга тортишимизга ана ўша "баъзи маълумотлар" сабаб бўлди.

РБК-daily газетасига кўра, жорий асрнинг ўрталарига бориб, россияликлар нуфузи 26 миллион кишига камаяди.

Аҳолининг камаяётган қисми ўрни марказий осиёликлар ҳисобига тўлдирилиши мумкин.

Агар шу кунда Россияга ташқаридан келган ишчи кучининг катта қисми Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистондан эканлигини ҳисобга олсак, Россия ҳукумати бундан буён ҳам шу минтақалик мигрантларга ўз эшикларини каттароқ очишга мажбур эканлигини тахмин қилиш қийин эмас.

Хўш, бундан суюниш керакми ёки хавотирга тушиш керакми?

Ўзбекистонлик социолог олим Камолиддин Раббимовнинг фикрича, миллионлаб ўзбекнинг Россияга бориб, ишлаб қайтаётгани бугунча фойдали.

- Бугунги кунда албатта бу фойдали. Чунки Ўзбекистоннинг ичкарисида шунча аҳолини иш билан таъминлаш имконияти мавжуд эмас. Яъни ҳокимият ҳаддан ташқари марказлашган. Шунинг учун ўша аҳолимиз четда ишлашга маҳкум¸ дейди Камолиддин Раббимов.

Бироқ Раббимовнинг фикрича, бугун ҳар бир фуқаро учун фойдали кўринаётган нарса эртага бутун жамият учун зарарли бўлиши мумкин.

- Бу келажакда давлатчиликда жуда катта муаммолар шакллантириши мумкин. Чунки Ўзбекистон тўлақонли давлат бўлиши учун унга 30 миллион аҳоли ҳам кам. Лекин афсуски мана шундай ҳолатлар¸ тенденциялар ҳали давом этса керак.

Лекин¸ келажакда Ўзбекистон давлатининг табиатида авторитаризмдан демократик жамиятга ўтиш бўлади деган умиддаман ва ўша пайтда ўзимизнинг аҳолимиз ўзимизга керак бўлади¸ дейди Камолиддин Раббимов.

Қирғизистон ҳам Россияга ишчи кучи етказиб бераётган мамлакатлардан бири.

Қирғиз иқтисодчиси Айилчи Сарбаев иш излаб бошқа давлатга, одатда, аҳолининг ишлаб чарчамайдиган ёшдаги фуқаролари боришини ёдга солар экан, меҳнат миграцияси охир-оқибат мигрантларнинг ўз мамлакати учун иқтисодий хавф пайдо қилади, дейди.

Чунки меҳнат мигрантлари ўз мамлакати эмас, бошқа мамлакат иқтисодиёти тараққиётига хизмат қилмоқда.

Ўзбек социологи Камолиддин Раббимов меҳнат миграциясининг фойдали жиҳатлари ҳам бўлиши мумкинлигини айтар экан, бир неча ўн йилдан бери Германияда ишлаётган миллионлаб туркларни мисол келтирди.

- Бугунги кунга келиб Германияда расман рўйхатдан ўтган ва фуқароликни олган турклар сони беш миллиондан ортиқ. Уларнинг қўлидаги капитал тахминан 30-40 миллиард евродан ошади. Яъни бугунги кунда Туркия капиталининг бу улушини Германиядан суғуриб олиш Германия иқтисодиëтини ўлим ҳолатига олиб келади. Мана бу миграциянинг иккинчи томони¸ иккинчи қиëфаси¸ дейди Камолиддин Раббимов.

Хўш, Россиядаги ўзбеклар қачондир Германиядаги туркларнинг мақомига етиб бора оладими?

Баъзи хабарларга қараганда, етиб бориши анча қийинга ўхшайди.

Новосибирск шаҳри, Октябрь тумани ҳудудидаги ўрмонда ўзбекистонлик 70 фуқаронинг сувқоғоздан қурилган қўлбола чодирларда яшаб, ахлатхонада темир-терсак тўплаб сотиш билан шуғулланаётгани аниқланди, деб хабар қилди "Сибкрай" сайти.

Новосибирскда ишлаётган Пўлатжон исмли меҳнат мигрантининг айтишича, ахлатхонада ишлайдиган ўзбеклар кўп.

Пўлатжон: Новосибирскда ахлатларда пластик бутилка теришади¸ рангли металл¸ қора металлар¸ қоғоз¸ картон териб топширишади. Шунақа қилиб тирикчилик қилишади.

Озодлик: Ўзбекларнинг ахлатхонага ўтиши инқироз билан боғлиқми ë инқирозгача ҳам шунақа иш қилишармиди?

- Инқироздан олдин ҳам қилишарди. Уларнинг ўзларининг рус хўжайини бор. Ўша рус хўжайинлар қабул қилишади ва буюртма беришади. Нима керак бўлса шунга буюртма бериб болаларни бўлиб ўзлари ишга қўйишади¸ дейди Пўлатжон.

"Сибкрай" сайтининг хабар қилишича, "Нолегал - 2009" операцияси давомида қўлга олинган ўзбекистонликлар маъмурий жавобгарликка тортилиб, Россиядан чиқариб юборилган.
XS
SM
MD
LG