Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:34

Болалар ҳукумат тазйиқининг воситасими?


Ҳукуматга қарши турли норозилик тадбирлари ўткизган тошкентлик ҳуқуқ ҳимоячиси Елена Урлаева 5 ёшли ўғлининг калтакланиб кетилишида махсус хизматлар қўли борлигини гумо қилади.
Ҳукуматга қарши турли норозилик тадбирлари ўткизган тошкентлик ҳуқуқ ҳимоячиси Елена Урлаева 5 ёшли ўғлининг калтакланиб кетилишида махсус хизматлар қўли борлигини гумо қилади.

“Ўзбекистон ҳукумати ҳуқуқ ҳимоячиларига қарши сиёсатда уларнинг болаларидан босим воситаси сифатида фойдаланишдан ҳам тоймаяпти”.

Тошкентда ҳуқуқ ҳимоячиси Елена Урлаеванинг 5 ёшли ўғли Муҳаммад калтакланганидан сўнг мамлакат ичкариси ва ташқарисидаги ҳуқуқ ҳимоячилари, кузатувчиларнинг баъзилари шундай хулосани тилга олмоқда.

Муҳаммад 22 апрел куни 12-15 ёшлар атрофидаги нотаниш болалар томонидан калтакланган ва ҳозир соғлиги оғир аҳволда. Урлаевага кўра, бу болалар ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ёлланган бўлиши мумкин. Зеро, бу воқеадан бир ҳафта муқаддам унинг ўзини ҳам нотаниш ёшгина йигитлар калтаклаб кетган эди.

Елена Урлаева 5 ёшли ўғли Муҳаммадни калтаклаган болалар, эҳтимол, ҳеч ким томонидан ёлланмагандир ва бу уларнинг ўзаро жанжалидир, деган фикрни истисно қилмайди.

Аммо, деди у Озодлик билан суҳбатда, бунинг акси бўлса-чи, деган шубҳага асос бор.

- Бизни 14-касалхонага олиб борган “тез ёрдам” шифокори аввал-бошданоқ ўғлимни гаражнинг томидан йиқилган, деб ҳужжатлаштирибди. Ваҳоланки, унга ҳеч ким бундай гапни айтгани йўқ.

Бундан ташқари, бу шифокор милицияга ҳам хабар бермади. Ўзимиз милицияга хабар берганимиздан кейин эса милиция деярли чора кўрмади.

Буларнинг ҳаммаси бизга ғалати кўринди¸ дейди Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари алянси раҳбари Елена Урлаева.

Унинг айтишича, Муҳаммаднинг бошига ва елкасига катта ёғоч билан уришган ва боланинг боши ёрилиб, мияси чайқалган.

Елена Урлаеванинг бу уюштирилган бўлиши мумкин, деган шубҳаларини қувватлаган яна бир ҳолат эса калтакланган бола ва унинг онасини йўқлаб, уйига Швейцария элчиси келиб кетганидан сўнггина милиция чора кўра бошлаганидир.

- Элчи келиб кетгандан кейин милиция зудлик билан безориларни қидиришга тушди ва қисқа муддат ичида уч болани тутиб келди. Эримнинг айтишича, болалар дарҳол қилғиликни бўйнига олганмиш.

Улардан 30 минг сўм жарима ундириб берилди ва иш ёпиб юборилди. Менимча, аслида бу болалар беайб бўлса керак. Уларни хўжакўрсинга тутиб келишган.

Бу ҳуқуқ-тартибот идораларининг менга нисбатан қилгиликларидан кейин мен ҳар қандай гумонга боришим мумкин, дейди Елена Урлаева.

Аслида, 5 ёшли болани калтаклаган болалар ростдан ҳам қип-қизил безорилардир ва милиция уларни тутиб жазолагандир ҳам. Аммо, Муҳаммаднинг калтакланиши ортидан унинг онаси кўнглида туғилган шубҳаларда асос бор, дегувчи ҳуқуқ фаоллари ва кузатувчилар кўп бўлмоқда.

Уларнинг аксарияти бу воқеадан бир ҳафтада муқаддам ҳуқуқ фаоли Елена Урлаеванинг ўзи ҳам нотаниш йигитлар томонидан калтакланганини ёдга олмоқда.

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари аҳволини кўп йиллардан буён кузатиб келаётган яна бир ҳуқуқ фаоли Маҳбуба Қосимова ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари безори болаларни ёллаб, 5 ёшли болани калтаклатишгача боришига ишонмайди.

Аммо, у Ўзбекистон ҳукумати ҳуқуқ ва муҳолифат фаолларига нистабан тазйиқда уларнинг оила-азолари, болаларидан фойдаланиш ҳолларига кўп бор гувоҳ бўлган.

Маҳбуба Қосимова: Мен шундай нарса 1998-1999 йилларда диндорларга нисбатан бўлганини эшитганман. Аëлларига нисбатан савол-жавоблар бўлган. Бу ҳақда ўша пайтларда ахборотлар берилган. Болаларга нисбатан бўлганини лекин эшитмаганман. Улар ҳозир бутун дунëнинг кўзи бизларга қаратилганини билишади.

Озодлик: Яъни болаларга нисбатан бу даражага бормасликлари мумкин-а?

- Болаларга нисбатан бу даражага бориш қийин¸ дейди Маҳбуба Қосимова.

Фарғоналик инсон ҳуқуқлари фаоли Аҳмаджон Мадумаровнинг фикрича, Ўзбекистонда ҳукумат сиёсатига қарши кайфият, фикрдаги кишиларга нисбатан тазйиқларда уларнинг фарзандидан фойдаланиш ҳоллари ҳамиша кузатилган.

Шу кунларда ҳам сиёсий маҳбусларнинг фарзандлари ўқиётган мактабларга бориб, уларни қўрқитиш, шу билан болаларнинг яқинларига тазйиқ ўтказиш ҳоллари кузатилади.

Аҳмаджон Мадумаров: ИИВ ходимлари ичида ҳам¸ МХХ ходимлари ичида ҳам тарбия кўрганлари бор¸ тарбиясизлари бор. Болага шунақа бир нималарни қилишадики¸ унинг юрагини олиб қўйишади. Сенинг отанг ундай¸ отанг бундай деб фарзандларга қиладиган бу нарсалари бор гап.

Озодлик: Шу пайтгача калтакланишга гувоҳ бўлганмисиз ë эшитганмисиз?

- Калтакланишга гувоҳ бўлмаганман¸ лекин беш-олти йил бурун тергов пайтида қизини олиб бориб зўрлаймиз деб дағдаға қилишганини аниқ биламан¸ дейди Аҳмаджон Мадумаров.

Эслатиш жоиз, Аҳмаджон Мадумаровнинг икки ўғли ҳам қамоқда ва унинг ўғилларига отаси туфайли, отасига эса болалари туфайли кўп бор тазйиқ ўтказилган.

Ҳозир муҳожирликда яшаётган ўзбекистонлик шоир Ёдгор Обид Мадумаров тилга олган восита — ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг қизини зўрлаш билан қўрқитиб, маҳбусга тазйиқ ўтказиш воситасидан фойдаланганига аниқ бир мисол ҳам келтирди.

Бундай услуб сиёсий маҳбус Мамадали Маҳмудовга нисбатан қўлланган.

- Менинг дўстим Мамадали Маҳмудов ҳозиргача қамоқда азоб чекиб ëтипти. Тергов пайтида “Хотинингни¸ қизингни олиб келамиз. Шарманда қиламиз” деган дўқ-пўписалар бўлганига мен ишонаман. Чунки бунақа нарсалар мен ëтган даврда ҳам бўлган¸ ҳозир ҳам давом этаяпти¸ дейди шоир Ëдгор Обид.

Ёдгор Обиднинг ўзига нисбатан ҳам фарзандлари орқали тазйиқ ўтказилган. Мактабни битираётган қизидан ўрта мактабни битирганлик тўғрисидаги шаҳодатнома эвазига отаси яширинган манзилни айтиб беришни талаб қилишган.

Ўзбекистондаги юзлаб муҳолифат, ҳуқуқ фаоллари, минглаб диндорлар шундай азобни бошдан кечирганига ишонаман, дер экан Ёдгор Обид бу вазият фақат ҳукмрон сиёсий режим ўзгарганидан сўнггина бартараф бўлиши мумкин, дейди.

Шунда ҳам агар ҳокимият тепасига ҳозирги ҳукмрон ҳукуматидан фарқли ҳукумат келса.

- Сиëсий режимлар ҳар хил бўлади¸ лекин бунақаси ҳозир фақат Ўзбекистондагина кўриш мумкин бўлган даҳшатли ҳолат бор. Булар ҳақида жуда кўп гапириш мумкин. Олдини олиш¸ менимча¸ ҳозирги сиëсий аҳвол ўзгармагунча қийин бўлади.

Амир Темур айтганидек одамлар моддий манфаатга ўч бўлади. Кўп диктаторлар ва бошқалар шундан фойдаланишади. Моддий манфаат йўлларини очиб¸ озгина чизиқ чизиб беради. Шу билан одамларнинг ваҳшийлашиб кетишига йўл очиб беради. Шу билан улар шу диктаторга хизмат қила бошлайди¸ дейди ҳозир муҳожиратда яшаётган ўзбекистонлик шоир, мухолифат фаоли Ёдгор Обид.
XS
SM
MD
LG