Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:37

Tуркманистон хавфли бурилиш йўлидами?


Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедов туркман газини Европага узатиш лойиҳасини маъқуллади.
Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедов туркман газини Европага узатиш лойиҳасини маъқуллади.

Туркманистон гази "Шарқ ҳамкорлиги" ва Nabucco лойиҳалари доирасида Европага узатилиши мумкин. Бу фикр куни кеча Ашхободда бўлиб ўтган Энергетика масалаларига бағишланган анжуман чоғида янгради.

Анжуманда гапирган Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедов ЕИ нинг Nabucco лойиҳасини маъқуллади.
Туркманистоннинг Европа билан янги муносабатлар қуриш мавридидир деди Бердимуҳаммедов.

Кейинги ўн йилликлар давомида ўз газини асосан Россияга сотиб келган Туркманистоннинг Европа тарафига мулозиматли таклифи рус таҳлилчилари тарафидан хавфли бурилиш сифатида кўрилмоқда.

Туркманистон ўз газ экспортини кўп ўзанли асосга кўчириши мумкин. Озодлик мухбирига бу фикрни билдирган таҳлилчи Сардор Бирмановга кўра¸ бу ҳолат МДҲдаги энергия заҳираларига монополия ўрнатган Газпром таъбига ўтирмайди.

- Туркман ҳукуматининг тендер эълон қилиб Россиядан бошқа ширкатларга ҳам газ сотишини билдиргани Газпромга ëқмади. Бу ҳолат Туркманистон Кремл қуюшқонидан чиқишга уринмоқда деган тасаввурни ҳам ҳосил қилди.

Газ заҳиралари бўйича дунëда бешинчи ўринда турадиган Туркманистоннинг Европа газ эҳтиëжини Москвани айланиб ўтиб қондиришга қодир деган муждаси Кремл қулоғини динг қилмоқда. Туркманистон хавфли¸ аммо тўғри йўлни танлади¸ дейди таҳлилчи.

АҚШнинг Ҳопкинс институти таҳлилчиси Никлос Свенстрон гапиради.

- Россия кўзи билан қаралса¸ Туркманистон ҳақиқатдан ҳам ўз табиий бойликларини диверсификация қилаëтгандай тасаввур келиб чиқади¸ дейди Никлос Свенстрон.

Шамол бўлмаса¸ дарахтнинг барги қимирламайди деган қабилда сўзлаган Свенстрон яқинда обрўли немис ширкатларининг Ашхободга келиб кетгани туркман раҳбарларини жасоратлантирганини таъкидлади.

Европа тарафидан илгари сурилган Nabucco лойиҳаси бир тарафдан Кремлнинг минтақадаги ролини камтар ҳолатга туширса¸ иккинчи тарафдан Европанинг Россия олдидаги газга қарамлилиги таҳликасини камайтиради.

Россия тарафи ўз мавқеини тезгина бой бериб қўйиш истагида эмас¸ дейди Туркиядаги стратегик тадқиқотлар институт таҳлилчиси Жалоладдин Ëвуз.

- Биз энергетика масалаларига бағишланган давра кенгаши ташкил қилган эдик. Кенгашда иштирок этган Россиянинг Анқарадаги элчиси Nabucco лойиҳасига қарши эканлигини аниқ равшан билдирди¸ дейди Жалоладдин Ëвуз.

Ашхободдаги анжуманда иштирок қилган Россия Бош вазири ўринбосари Игорь Сечин, Nabucco лойиҳасининг иқтисодий тамалга эга эмаслигини ва беш омил бўйича талабга жавоб бера олмаслигини таъкидлади. Сечинга кўра лойиҳа етарли заҳира¸ экологик ва технологик меъëрлар тизимига эга эмас.

Айни пайтда Россия томони Туркманистонинг дунëдаги газга бой ўлка эканини эътироф қилмасликни маъқул кўрмоқда. Газпром раҳбар муовини Александр Медведев гапиради.

- Дунëда газга бой уч ўлка бор холос. Бу – Россия¸ Қатар ва Эрон. Бошқалари хафа бўлишмасину¸ улар маргинал сотувчилар холос¸ деди Александр Медведев.

Аммо бу гаплар янграган бир пайтда¸ Туркманистонда янги газ конлари мавжудлиги очиқланди. Бу конлардаги¸ хусусан Мари яқинидаги Йўлўтан Усмония конидаги улкан газ заҳираси Каспий орқали ўтадиган қувур воситасида нафақат Европага¸ балки Эрон ва Хитойга ҳам етказилади деган гаплар ҳам қулоққа чалинмоқда.
XS
SM
MD
LG