Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:45

Жаҳон чўчқа гриппидан ташвишда


Жаҳоннинг айрим давлатларида чўчқа гриппининг олдини олиш мақсадида бу ҳайвонларни дезинфекция қила бошладилар.
Жаҳоннинг айрим давлатларида чўчқа гриппининг олдини олиш мақсадида бу ҳайвонларни дезинфекция қила бошладилар.

Жаҳон бўйлаб тиббиёт ходимлари ҳушёр турган бир пайтда, кўпгина давлатлар Мексикада аниқланган ҳамда инсон соғлиги учун ўта хавфли бўлган янги вируснинг тарқалаши олдини олиш учун кескин чоралар қўлламоқда.

Айни пайтда айрим расмийлар ушбу вирус тарқалиши борасида янграётган огоҳлантиришлар жамоатчилик орасида ваҳима келтириб чиқармаслигининг олдини олмоқда.

Мексика ҳукумати мамлакатда аниқланган ва “Чўчқа гриппи” деб номланаётган касалликдан 100дан зиёд фуқаро нобуд бўлганини эълон қилгандан сўнг, жаҳон бўйлаб тиббиёт мутассадилари унга қарши кураш йўлларини ахтаришга киришдилар.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг билдиришича, аниқланган янги касаллик грипп вирусининг H1N1 шакли бўлиб, у қушлар, чўчқа ва одамларда учрайдиган вируснинг аралашмасидир. A/H1N1 номини олган бу вирус одамдан одамга йўтал ва акса уриш пайтида осонликча юқиши мумкин.

Иситма чиқиши, мушакларда оғриқ пайдо бўлиши, томоқ оғриши ва қуруқ йўтал тутиши мазкур вирус келтириб чиқарган касалликнинг дастлабки симптомларидир. Бундан ташқари¸ бу вирусни юқтириб олган кишиларда кўнгил айниш ва ич кетиш ҳолатлари ҳам кузатилган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, янги вирус ўз кўринишини ўзгартириши мумкин ва унинг кейинчалик қанчалар хатарли бўлишини аниқлашнинг ҳозирча имкони йўқ.

Шу кунга келиб “Чўчқа гриппи” деб номланаётган бу вирусга қарши вакцина топилмаган. Мавжуд вакциналарнинг бу вирусга қарши қанчалик кураша олиши ҳам кўпчилик мутахассисларга маълум эмас.

Бироқ¸ маълумотларга кўра, ҳозирча Tamiflu ва Relenza вакциналари “Чўчқа гриппи” билан касалланган одамларни даволашда яхши восита эканини исботламоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти эса махсус вакцина ишлаб чиқариш ҳаракатлари бошлаб юборилганини маълум қилди.

“Чўчқа гриппи”нинг эпицентири 20 миллион киши яшайдиган Мексико шаҳридир. Шу кунгача мазкур шаҳарда 1300 киши ушбу вирусни юқтиргани аниқланган.

Айрим мутахассисларининг фикрича, маҳаллий шифокорлар янги вирусни аниқлагунча, мазкур касаллик эпидемияга айланишга улгуриб бўлган.

Якшанба куни чиқиш қилган Мексика президенти Фелипе Калдерон фуқароларни тинчлантиришга уринди:

- Биз жиддий, бироқ вақтида чоралар кўрилса¸ даволаса бўладиган касалликка дуч келмоқдамиз. Мексикада дори-дармон етарлича. Яна бир бор таъкидлайман, бу даволаса бўладиган касаллик. Уни даволаш учун дориларимиз ҳам етарлича, деди Мексика президенти.

Олимлар бир неча йиллар мобайнида “чўчқа гриппи деб” ном олган вирус ёки парранда гриппи тобора ривожланиб одамдан одамга ўтадиган янги хафвли вирусга айланиб кетиши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирган эди.

Айни пайтда Испания Соғлиқни сақлаш вазирлиги яқинда Мексикадан келган фуқарода “Чўчқа гриппи”, деб номланаётган вирус аниқланганини эълон қилди.

Бу Европада қайд этилган биринчи ҳолатдир.

АҚШ ва Канадада ҳам ушбу вирусни юқтирган фуқаролар аниқланган, бироқ ҳозирча ўлим ҳолатлари кузатилгани йўқ. Айни пайтда Европа Комиссияси ЕИга аъзо давлатлар соғлиқни сақлаш вазирлари яқин кунларда фавқулодда мажлис ўтказишини маълум қилди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти одамдан одамга юқиши мумкин бўлган бу тоифа грипп вирусининг тарқалиши инсоният учун хавфли экани ва вазият назорат қилиниши шартлигини билдирмоқда.
XS
SM
MD
LG