Линклар

logo-print

Тошкентга АҚШ дипломати келиши кутилмоқда


Шу кунларда Ўзбекистонга АҚШ давлат котибининг ўринбосари Жорж Кролнинг сафар қилиши кутилаяпти. Бу президент Барак Обама маъмуриятининг Марказий ва Жанубий Осиё минтақаси учун масъул дипломатининг Тошкентга илк сафари бўлади.

Бу ҳақда ҳабар қилган “Узметроном” сайтига кўра, ҳозирча АҚШ расмийсининг Тошкентга ким билан учрашиши ҳамда қандай масалалари муҳокама этиши борасида маълумот йўқ.

Жорий ой бошида АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида Афғонистонга ноҳарбий юк ташиш учун Ўзбекистон ҳудудидан фойдаланишга имкон берувчи келишув имзоланди.

Аксар таҳлилчилар икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг кундан-кунга яхшиланиб бораётганини қайд этмоқда. Бироқ Вашингтон расмийлари мазкур алоқалар АҚШнинг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари масаласини эътиборсиз қолдирилишини англатмаслигини таъкидлаб келади.

Айрим маълумотларга қараганда, бугунги кунда Вашингтон ва Тошкент ўртасида Афғонистонга юк ташиш учун қўлланиладиган Ўзбекистондаги авиабаза ижараси муҳокама этилмоқда.
XS
SM
MD
LG