Линклар

Соипов қотилини Тожикистондан қидирмоқдалар


Марҳум журналист Алишер Соиповнинг яқинлари ва дўстлари унинг қотили топилишидан умид узганлари йўқ.

Марҳум журналист Алишер Соиповнинг яқинлари ва дўстлари унинг қотили топилишидан умид узганлари йўқ.

Қирғизистон ички ишлар вазири Молдомуса Қўнғантиев 2007 йил октябрида Ўш шаҳрида отиб кетилган таниқли журналист Алишер Соипов қотиллари Тожикистондан қидирилаётганини маълум қилди.

Феврал ойида Қирғизистон Наркотикларни назорат қилиш агентлиги ходимлари томонидан ёнидан Макаров тўппончаси топилган шахс қўлга олингани хабар қилинган эди. Баллистик экспертиза мазкур қуролдан 2007 йил кузида Алишер Соипов отиб ўлдирилганини аниқлаган.

- Экспертиза хулосасида бу тўппончадан отилган ўқ “Алишер Соипов отиб ўлдирилган тўппончанинг ўқига ўхшаш” деб ёзилган. Айни пайтда бу борада тергов ишлари олиб борилмоқда. Тергов якунлангач, бу ҳақда алоҳида хабар берамиз, деди Қирғизистон Наркотикларни назорат қилиш агентлиги матбуот котиби Қумар Чалданбаев.

Қирғизистон Ички ишлар вазири Мўлдўмуса Қўнғантиев эса 27 апрел куни қирғиз парламентида қилган чиқишида Алишер Соипов иши билан боғлиқ бўлган янги тафсилотларни маълум қилди.

Вазирга кўра, Наркотикларни назорат қилиш агентлиги томонидан қўлга олинган шахс унга бу тўппончани Тожикистон фуқароси берганини айтган.

Шундан келиб чиққан ҳолда, Мўлдўмуса Қўнғантиев қирғиз милицияси тожикистонлик ҳамкасблари билан ҳамкорликда тўппончанинг ҳақиқий эгасини топиш учун қидирув эълон қилганини билдирди. Ички ишлар вазири қидирувга берилган шахснинг исми маълум эканини, у жангари гуруҳ аъзоси эканини айтиб ўтди.

Бироқ айрим журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари Ички ишлар вазирлиги бундан аввал ҳам бир неча маротаба Алишер Соипов отилган қурол топилгани ҳақида баёнот берганларини, шунинг учун ҳам бу сафарги баёнотга ҳам ишончсизлик билан қарашларини айтмоқдалар.

Жалолободдаги “Ҳуқуқ ҳамма учун” журнали муҳаррири Абдумўмин Мамараимов ҳам ана шундай фикрловчилардан бири.

- Биринчидан, хурсанд бўлгинг ҳам келади. Чунки бундай баёнотларни эшитгач, ишда силжиш бор экан, қотиллар топилар экан, деган бир умид пайдо бўлади.

Аммо иккинчидан, чуқурроқ ўйлаб қарасак, Ички ишлар вазирлиги бундан аввал ҳам шунга ўхшаган баёнотларни қилган. Масалан, бир неча ой аввал Алишер Соипов мухолифат лидери Аликбек Жекшенқуловга тегишли тўппончадан отиб ўлдирилган, деган ахборотни берган эди.

Биз бу баёнотларнинг қай бирига ишонишимиз керак? Аввалгисигами, ҳозиргисигами? Агар иш шу тарзда баёнотлар бериш билан давом этаверса, Алишернинг қотиллари яқин йилларда топиладими ёки йўқми?

Ички ишлар вазирлигининг бу иш бўйича янги баёнотлари аввалги саволларга жавоб бериш ўрнига яна янги-янги саволларни пайдо қилаётир, деди Абдумўмин Мамараимов.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Бақит Сейитов эса бундай фикрлар асоссиз эканини айтади. Унинг айтишича, Алишер Соипов отилгани айтилаётган тўппонча 2007 йил 14 феврал куни Бишкекдаги “Хо” тунги клубида бўлган отишмада ҳам қўлланилган. Лекин бу тўппончанинг гилзалари топилган, ўзи эса қидирилаётган эди.

- Тунги клубда ҳам шу тўппончадан отилган ўқнинг гилзаси топилган. Тўппончанинг ўзини эса топа олмаган эдик. Биз аввал бу ишда Қирғизистон собиқ ташқи ишлар вазири Аликбек Жекшенқуловга тегишли бўлган тўппонча қўлланилганини гумонлаган эдик. Чунки отишма пайтида унинг ўғли ҳам тунги клубда бўлган.

Унинг тўппончаси текширилганда бу қурол тунги клубдаги отишма ва Алишер Соиповнинг ўлдирилишида ишлатилмагани маълум бўлди. Шунинг учун Жекшенқуловдан бу айблов олиб ташланган, деди Бақит Сейитов.

Таниқли журналист Алишер Соипов 2007 йилнинг 24 октябрида Ўш шаҳрида отиб кетилган эди. Бу жиноят юзасидан мустақил текширув олиб борган бир қатор халқаро оммавий ахборот воситалари ва ҳуқуқ ҳимоячилари Алишер Соиповнинг ўлимида Ўзбекистон махсус хизматлари қўли бор, деган тахминни билдирган эдилар.

Бироқ Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги бу тахминни исботлаш учун далиллар йўқлигини таъкидлаб келмоқда.
XS
SM
MD
LG