Линклар

Собиқлар шароит ўнгланганига ишонмайди


Ўзбекистонлик собиқ маҳбусларнинг гувоҳлик беришларича, алоҳида назоратдаги маҳбуслар тоза ҳаводан нафас олиш учун 24 соат бадалида атиги ярим соат мана шундай "бокс"ларда айланишга олиб чиқилади.

Ўзбекистонлик собиқ маҳбусларнинг гувоҳлик беришларича, алоҳида назоратдаги маҳбуслар тоза ҳаводан нафас олиш учун 24 соат бадалида атиги ярим соат мана шундай "бокс"ларда айланишга олиб чиқилади.

Ўзбекистон нашрлари хабарларига кўра, Навоий вилоятидаги 36-сонли колонияда маҳбуслар учун 480 ўринга мўлжалланган, замон талабларига тўла жавоб бера оладиган янги ётоқхона фойдаланишга топширилган.

12.uz интернет порталининг хабар қилишича, Навоийдаги 36-сонли колония маҳбуслари янги ётоқхонанинг очилиш маросимида иштирок этган Ўзбекистон Ички ишлар вазирининг ўринбосари Абдукарим Шодиевга колонияда яратилган шароит учун ўз миннатдорчиликларини билдирганлар.

Навоийда чиқадиган “Дўстлик байроғи” газетасининг ёзишича, колониядаги янги ётоқхонада маънавий-маърифий хона, кутубхона, умуман, маҳбусларнинг кўнгилли дам олишлари учун зарур шарт-шароит яратилган.

Мустақил журналист Носир Зокир Ўзбекистон қамоқхоналарида бу каби шароитлар бўлишига ишонмайди.

Носир Зокир мустақиллик йилларида икки бор қамоқ жазосига тортилгани боис қамоқхоналардаги шароитлардан яхши хабардорлигини айтади.

Носир Зокир: Бу ерда қовурилмаган овқат беради. Масалан, қозонга сувни қуяди-да, беш-олтита макарон ташлайди, бу макарони ҳам кўп эмас, устига озгина зелен ташлаб қўйиб овқат беради. Ҳар қандай одам бир, бир ярим ойнинг ичида касал бўла бошлайди.

Турмада касаллик ниҳоятда кўп эди, касал, озғин одамлар жуда кўп эди. Энди кутубхонаси бор эди, лекин китобларнинг аксарияти совет даврининг китоблари ва чириб кетган. Асосан Брежнев замонида чиққан китоблар эди.

Озодлик: Дам олиш хоналари-чи? Радио, телевизор дегандай...

Носир Зокир: (кулиб) Одамнинг кулгисини қистатманг. Унақа нарсалар нима қилсин? Турмада телевизор, радио деган нарса бўлмайди-ку. Битта хонага олиб киради, ўша хонада ўтираверасиз.

Яна ҳар душанба куни сизнинг олдингизга қамоқхона бошлиғи ёки ўринбосари киради. Начальник келаяпти, деб айтади. Начальник кириши билан “Ассалому алайкум” дейилади ва “Серқуëш, ҳур ўлкам” деб ашулани бошлашингиз керак. Агар ўрганмаган одамлар бўлса, дўқ-пўписа қилиб чиқиб кетади.

Носир Зокир Наманган вилоят марказий қамоқхонасидаги шароитни тилга олди.

Собиқ маҳбуслардан бири журналист ва ҳуқуқ фаоли Умида Ниёзова эса Тошкент қамоқхонаси (Тоштурма) даги шароитга тўхталади.

- Мен ўтирган пайтимда Тоштурманинг шароити ëмон эмас эди. Масалан, уч маҳал иссиқ овқат бериларди. Албатта овқатнинг сифати жуда ëмон. Лекин одам очликдан ўлмасди.

Кичкина-кичкина ëпиқ хоналар. Одамни қийнайдиган нарса кичкина хонада 24 соат ўтириш. Ташқарига узоғи билан ярим соатга олиб чиқилади. Ҳеч қанақа дам олиш хоналари, ҳатто овқатланиш учун хоналар йўқ, дейди Умида Ниёзова.

Сирдарёлик ҳуқуқ фаоли Карим Бозорбоев Сирдарёдаги Хавос ҳибсхонасида икки ярим ой ўтирган.

Карим Бозорбоев ҳибсхонадаги мавжуд шароитларнинг аксарияти хўжакўрсинга бўлганини айтади.

- Маънавият, маърифат хонаси бор эди. Ўша ер телевизор билан жиҳозлаб қўйилган. Китоб-журналлар бор. Лекин бизлар у жойгача ҳеч қачон кирганимиз йўқ.

Биласизми, 24 соатнинг ичида ярим соат тоза ҳавога айланишга олиб чиқишади. Айланадиган жойнинг ҳам тўрт томони девор билан ўралган ва юқориси сим билан ўралган. Кейин яна хоналаримизга кириб кетамиз.

Маънавият-маърифат хоналари меҳмонлар келиб қолганда кўрсатиш учун. Маънавият хонасига бирор марта кирган эмасман. Тўрт деворнинг ичига киргандан кейин телевизор кўриб ўтирган ëки ëнбошлаб газета ўқиëтган бирорта шахсни кўрмайсиз, дейди Карим Бозорбоев.

Лекин ўзбек расмийлари қамоқхоналардаги шароитлар талаб даражасида эканлигини иддао қилишади.

Масалан, 12.uz интернет портали Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармаси маълумотига таянган ҳолда ёзишича, мамлакат ҳибсхона ҳамда қамоқхоналари ҳалқаро меъёр ва талабларга тўла жавоб беради. Маҳбуслар учун кутубхона, радио, телевидение, учрашув хоналари, спорт майдончалари хизмат кўрсатаяпти, деб ёзади 12.uz.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG