Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:39

"Ўзбекистонда ҳақиқат қолмаган экан"


Узоқ йиллар ўзбек қамоқхоналарида маҳбусларни назорат қилиш билан шуғулланган юқори лавозимли зобитлар бугунги кунда ўзлари маҳбус бўлиб ўтирибдилар.
Узоқ йиллар ўзбек қамоқхоналарида маҳбусларни назорат қилиш билан шуғулланган юқори лавозимли зобитлар бугунги кунда ўзлари маҳбус бўлиб ўтирибдилар.

Ўзбекистон Республикаси Олий ҳарбий суди мамлакат ИИВ Қоровул қўшинлари қўмондони Нодир Сулаймонов ҳамда ана шу қўшиннинг 22 нафар зобитини 12 йилдан 15 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум қилди.

Бу ҳақда судланган зобитларнинг яқинлари Озодлик радиосига хабар қилди. Маълум бўлишича, бу зобитларга ҳукм 17 феврал куни ўқилган, лекин жамоатчиликдан сир тутилган.

Ўн йилга озодликдан маҳрум этилган зобит Ойбек Ўраловнинг отаси Мамаражаб Ўраловнинг Озодликка айтишича, Ўзбекистон ИИВ Қоровул қўшинлари зобитлари устидан олиб борилган маҳкама жараёни ёпиқ тарзда ўтган. Бу ҳақда ҳеч кимга ҳеч қандай ахборот берилмаган:

- Судга бизни умуман яқинлаштиргани йўқ. 17 февралда суд тугади ва биз 27 февралда аппеляция аризаси бердик. Ҳеч нарса ўзгаргани йўқ. Суд жараëнида қандай бўлга бўлса¸ худди шундай бўлди¸ дейди Мамаражаб Ўралов.

"Эзгулик" жамияти фаоллари ҳам ҳарбий суд Қоровул қўшинларининг раҳбаридан тортиб оддий бўлинма бошлиқларигача давлат маблағларини ўзлаштирганликда айбланиб, озодликдан маҳрум этилганини тасдиқлади:

- Ўзбекистон республикаси ИИВ қоровул қўшинларининг бир гуруҳ раҳбарларининг устидан жиноят иши қўзғатилиб¸ 2008 йил 18 ноябр куни республика ҳарбий прокурори ўринбосари Жўраев томонидан тасдиқланган айблов хулосаси Ўзбекистон МХХ терговчилари томонидан тузилган.

Айбланувчилар, яъни судланганларнинг ота-онаси бизнинг ташкилотимизга мурожаат қилишган. Булар Сулаймонов Нодиржон – қўшинлар қўмондони¸ Эътибор Рустамов¸ Равшана Нурлигаянева¸ Ўринбой Сотиболдиев¸ Асад Аҳроров сингари 25 кишидан иборат.

Бизга ëзилган шикоятда айтилишича¸ буларнинг ичида иккита аëл бўлган. Уларга амнистия акти қўлланиб, қамоқ бўлмаган жазо қўлланилган. Қолганлари 12 йилдан 15 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинган¸ дейди жамият фаоли Абдураҳмон Ташанов.

Бу зобитлар қоровул қўшинларига ажратилган 1 миллиард 250 миллион сўмнинг 850 миллионини талон-тарож қилишда, ноқонуний ўзлаштирганликда айбландилар:

- Ўзбекистон республикаси Жиноят кодексининг 167¸ 182¸ 210¸ 301 моддалари билан айбдор деб топилган. 167 модда – талон-тарожлик¸ 182 модда – ноқонуний даромадларни легаллаштириш¸ 243 модда – уюшган жиноий гуруҳ тузиш¸ 301 модда – ҳарбий касбга хос жиноят тури ҳисобланади¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.

Айблов хулосасида ёзилишича, Қоровул қўшинлар қўмондони полковник Нодиржон Сулаймонов 2001 йилда бу вазифага тайинланганидан сўнг 2004 йилдан бошлаб 7534-ҳарбий қисм қўмондони ўринбосари полковник Эътибор Рустамов билан жиноий тил бириктириб, қўшиннинг озиқ-овқати учун ажратилган катта миқдордаги бюджет пулини ўзлаштирган.

Улар давлат мулкини талон-тарож қилишда ўзига тобеъ бўлган бошқа зобитлар билан келишиб, катта жиноят занжири ташкил қилганлар. Судланганлар ўтган йилнинг май ойидан бошлаб Ўзбекистон Миллий хавфсизлик ходимлари томонидан қўлга олинган.

Қоровул қўшинларига қарашли 7534-ҳарбий қисмда озиқ-овқат таъминоти бошлиғи ўринбосари бўлиб ишлаган зобит Ойбек Ўралов ҳам ҳарбий суд ҳукми билан 10 йилга озодлликдан маҳрум этилди.

Ҳукмдан сўнг яқинда ўғли билан кўришиб чиққан Мамаражаб Ўраловнинг айтишича, суд жараёни давомида унинг ўғли айбловларни бўйнига олмаган:

- Ўғлимнинг ўзи ëзган аризаси бор. 100 дан ортиқ ҳужжатга уларнинг ўзлари ўғлимнинг номидан сохта қўл қўйишган. Суд давомида “Эксперт¸ терговчи олиб келинглар. Бу менинг имзоим эмас” деган фикрни билдирган. Лекин бу инобатга олинмаган. Бу биринчиси.

Иккинчиси, ўғлим бу ерда ишлаганида Жаслиқ турмасига ўринбосар бўлиб кетди. Кетиш жараëнида ревизия қилиб, 100 фоиз барча молни топшириб кетган. У ëқда ушлаганига саккиз ойдан зиëд бўлган. Лекин шуни ҳам ҳисобга олмаган¸ дейди Мамаражаб Ўралов.

У ҳақиқатни қарор топтиришда ёрдам сўраб мурожаат қилган ташкилотларини бирма-бир санайди:

- Ана шу томонларни олганимизда жуда ноҳақлик юз берди. Мен Каримовга 5 марта¸ ҳарбий прокуратурага 12-13 марта¸ Омбудсмен Сайëра Рашидовага 5 марта¸ МХХга 5 марта¸ Рашид Қодировга 4-5 марта – умуман ҳаммаси бўлиб 20 дан ортиқ шикоят аризаси ëзганман. Лекин бирортаси натижа бермади. Ҳаттоки жавоб ҳам беришмади.

Президент девони ҳам¸ прокуратураси ҳам бир тийин экан. Умуман, Ўзбекистонда ҳақиқат қолмаган экан-да. 30-35 йил ўқувчиларга таълим-тарбия¸ қонун тўғрисида гапириб¸ қонуннинг йўқлигини мана ўз бошимизда кўриб турибмиз-да. Энг ачинарлиси шу бўлаяпти.

Суд ҳукмини бергани йўқ¸ аппеляция ҳукмини бергани йўқ. Мен “Агар бермайдиган бўлса¸ мен четга чиқишга мажбурман” деб айтдим¸ дейди Мамаражаб Ўралов.

Биз бу ҳақда тўлиқроқ маълумот олиш учун Ўзбекистон Олий ҳарбий судига мурожаат қилдик. Лекин ҳарбий суд ходими телефон орқали маълумот беролмаслигини айтди.

- Бизда телефон орқали маълумот берилмайди. Кечирасиз, ака¸ деди ҳарбий суд ходими.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати ҳам уларда бу ҳақда ҳеч қандай маълумот йўқлигини билдирди.
XS
SM
MD
LG