Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:37

Саммит тугади – сув муҳокамаси кейинга қолди


Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ўзи мезбонлик қилаётган Олмаота саммитида ўз ҳамкасбларидан фақат Орол муаммолари юзасидан сўзлашишни, сув-энергетика масалаларини муҳокама қилмасликни илтимос қилди.
Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ўзи мезбонлик қилаётган Олмаота саммитида ўз ҳамкасбларидан фақат Орол муаммолари юзасидан сўзлашишни, сув-энергетика масалаларини муҳокама қилмасликни илтимос қилди.

28 апрел куни Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарларининг навбатдаги саммити бўлиб ўтди.

Олмаота саммити бошланишидан бир неча ҳафта аввал унда минтақадаги сув-энергетика билан боғлиқ муҳим масалалар ҳам муҳокама қилиниши кутилганди. Бу ҳақда Озодлик мухбири билан суҳбатда Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот котиби Илёс Умаров ҳам гапирганди:

- Бу масала жуда жиддий ва томонлар уни жиддий ҳал этилишидан манфаатдор. Чунки гидроэнергетика билан боғлиқ вазият бу минтақа учун жуда муҳим, деганди 15 апрел куни Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот котиби Илёс Умаров.

Матбуотда ҳам саммит чоғидаги мулоқотда сув-энергетика масалалари муҳокама қилиниши ҳақида қатор мақола ва хабарлар чоп қилинганди. Жумладан, Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги Олмаота саммити ҳақида хабар қиларкан, “мулоқот чоғида сув-энергетика заҳираларидан фойдаланиш, трансчегаравий дарёлар бўйича гидротехника иншоотларини барпо этиш масалалари кўриб чиқиш ҳам режалаштирилган”, деб ёзганди.

Апрел ойи бошида президент Нурсултон Назарбоевнинг ўз ҳамкасби Ислом Каримов билан телефон орқали бўлиб ўтган суҳбати ва қозоқ бош вазирининг Тошкентга қилган расмий сафаридан сўнг кўпгина кузатувчилар Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистон қўшнилари бўлмиш Тожикистон ва Қирғизистоннинг ўз ҳудудларида гидроэнергетик иншоотлар барпо қилишига қарши бирлашмоқда, деган фикрлар ҳам айтилган эди.

Бугунги мулоқот давомида минтақа давлатлари раҳбарлари нутқида ҳам сув-энергетика масалалари ва трансчегаравий дарёлар бўлмиш Амударё ва Сирдарё масалаларига тўхталиб ўтишлар кузатилди.

Масалан, президентлар орасида биринчилардан бўлиб сўзга чиққан Қирғизистон раҳбари Қурмонбек Бакиев Орол муаммолари ҳақида гапира туриб, бундай деди:

- Биз Орол денгизи ҳавзасини экологик жиҳатдан соғломлаштириш муаммоси сув-энергетик ресурслардан оқилона фойдаланиш масаласини ҳал қилиниши билан чамбарчас боғлиқ, деган ишончдамиз, деди Қурмонбек Бақиев.

Бироқ анжуман мезбони Нурсултон Назарбоев Қурмонбек Бакиевнинг нутқи тугаши биланоқ саммит иштирокчиларига мурожаат қилиб, мулоқот чоғида Орол муаммоси мавзусидан четга чиқмаслик ва бугунги учрашув чоғида минтақадаги сув-энергетика масалаларини муҳокама қилмасликни илтимос қилди.

Бироқ Тожикистон ва Туркманистон раҳбарлари нутқи давомида ҳам минтақадаги сув-энергетика ва трансчегаравий дарёлар муаммолари ҳақида бироз сўз кетгани боис саммитда сўзга чиққан Ўзбекистон президенти Ислом Каримов бу мавзуга бироз тўхталиб ўтиш жоизлигини таъкидлади.

Ўз сўзи давомида президент Каримов ҳозирда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистоннинг ўз ҳудудларида гидроэнергетик иншоотлар қуришни режалаштираётган Тожикистон ва Қирғизистон орасида баҳсли жиҳатлар мавжудлигини эътироф этди:

- Аммо мен бу борада ўртамизда мавжуд бўлган мунозарани кескинлаштириш ҳаракатида берилаётган номақбул баҳоларнинг эътиборсиз қолдирилишини истардим. Такрор айтаман, ўртамиздаги баҳс-мунозаралар мутлақо табиий мунозаралардир.

Бу мунозараларда иштирок этишни жуда хоҳлаётган учинчи мамлакатлар ҳам ўз мақсадларига эришишни кўзлайдилар. Мен буни яширмай, очиқ айтаман, дер экан Ислом Каримов минтақадаги сув-энергетика масалаларини ҳал қилиш учун келаси сафар учрашиш зарурлигини, чунки бу мавзу жиддий ва алоҳида эътибор касб этишини билдирди.

Каримовнинг чиқиши ва унинг позицияси ҳамкасбларини бефарқ қолдиргани йўқ. Айниқса саммит якунида президент Нурсултон Назарбоев томонлар эътироз билдирмаса, қўшма баёнот имзоланиши мумкинлигини айтган пайтда Тожикистон президенти Имомали Раҳмон бу борада эътирози борлигини билдирди:

- Йўқ-йўқ, рози эмасмиз. Ҳозир сиз: “сув-энергетика масалаларини муҳокама қилмаймиз”, дедингиз, аммо энди баҳс шу ҳақда кетди. Менинг айтадиганларим бор бу ҳақда, деди Имомали Раҳмон.

Унинг норозилигига эса имзоланиши кутилаётган баённомада Орол муаммолари билан боғлиқ моддалар билан бир қаторда минтақадаги сув-энергетика масалаларига оид икки модда киритилгани сабаб бўлди. Аммо анжуман мезбони бўлган президент Назарбоев ўша заҳоти баённомадан сув-энергетика масалаларига оид моддалар олиб ташланишини маълум қилиб, мунозарага якун ясади.

Имомали Раҳмон норозилигига сабаб бўлган моддалар мазмуни саммитни ёритаётган журналистларга ошкор қилинмади.

Анжуман сўнгида Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари қўшма баённома имзоладилар.
XS
SM
MD
LG