Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:29

Орол ўлаëтир¸ биз чекдик нидо


Бир пайтлар Орол денгизида виқор билан сузган кемалар ҳозирда маҳаллий болакайларнинг бекинмачоқ ўйнайдиган жойига айланган.
Бир пайтлар Орол денгизида виқор билан сузган кемалар ҳозирда маҳаллий болакайларнинг бекинмачоқ ўйнайдиган жойига айланган.

Оролни қутқариш масаласи Марказий Осиëдаги давлат раҳбарлари иштирокида юксак даражада муҳокама қилинаëтган бир пайтда мозийга қайтиб, бу масала тарихини таҳлил қилишда ҳам хайр бор.

"Орол денгизи қуримоқда¸ уни қутқармоқ лозим" деган чақириқлар ўтган асрнинг саксонинчи йиллар сўнггида баралла янграй бошлади.

Тарихга "Горбачев ҳуррияти" деб кирган йилларда собиқ шўролар ҳудудида табиатни асрашнинг илк ҳаракатлари бошланган эди.

Қозоғистонда ëзувчи Ўлжас Сулаймонов Семипалатинск атом полигонини ëпишга чорласа¸ россиялик ëзувчи Валенин Распутин Байкал кўлини ҳимоя қилиш ҳаракатида эди.

Ўзбекистонлик Дадахон Нурий¸ Эмин Усмон¸ Муҳаммад Солиҳ каби ëзувчилар эл-юрт табиатини асраш ва Орол денгизини қутқариш талаби билан маҳаллий ва марказий нашрларда чиқишлар қилишди.

Ўзбекистон ëзувчилар уюшмаси қошида тузилган Оролни қутқариш қўмитасига адабиëтшунос олим Пирмат Шермуҳаммедов бошчилик қилди.

Ўша пайтдаги ҳукумат мулозимлари “Ëзувчилар эҳтиросга берилиб муаммони бўрттирмоқда” деган гапларни ҳам айтишди.

Аммо орадан ўтган 20 йил ëзувчилар кўтарган муаммонинг кўлами ва оқибатлари нақадар долзарб ва жиддий эканлигини исбот қилди.

Ёзувчи Дадахон Нурийнинг эслашича, Ўзбекистонда Орол муаммоси ўтган асрнинг саксонинчи йилларида бошланган мамлакат табиатини ҳимоя қилиш ҳаракатининг бир қисми эди.

- Орол қуриëтган пайтида биз ҳам борганмиз¸ дея гап бошлади ёзувчи.

Дадахон Нурий ўтган аср бошларида экология мавзусида мақолалар ëзган муаллиф.

- “Орол муаммоси келажакда Ўрта Осиë учун¸ Ўзбекистон учун катта фожеа бўлади. Сувлар олиб қўйилаяпти¸ Оролга сув келмаяпти. Мирзачўлни ўзлаштириш¸ пахтани кўпайтириш баҳонасида сувлар олиб қўйилаяпти” деган мавзуда катта мақола чиққан¸ дейди Дадахон Нурий.

Ёзувчига кўра¸ Орол муаммосини кўтаришда москвалик журналистлар ўзбек ëзувчилари билан елкама-елка турганлар. Ана шундай журналистлардан бири "Огонëк" журнали мухбири Александр Минкин эди.

- Мен Орол денгизи қуриши оқибатида Ўзбекистонда юзага келган даҳшатли манзара гувоҳи бўлган эдим¸ дейди Александр Минкин.

Ўзбекистонда кўрган кечирганлари асосида Александр Минкин “Пахта қули” (Хлопкораб) деган мақола ëзади. Бу мақола ўша пайтда сокин кабинетларида оромкурсиларга чўкиб ўтирган раҳбарларни саросимага солди.

- Мен ўша пайтдаги шиорлардан ўрин олган калимадаги битта ҳарфни ўзгартирдим, холос. Хлопкороб “хлопкораб” бўлди (яъни пахта терувчи пахта қули бўлди).

Мақола сарлавҳаси катта жанжалга сабаб бўлди. Ўша пайтдаги Москвада катта раҳбар бўлган Рафиқ Нишоновнинг фиғони фалакка чиқди¸ дея эслайди Александр Минкин.

Москвалик журналистнинг “Пахта қули” мақоласи 1988 йилда "Огонëк" журналида чоп қилинди. Бунинг баробарида Ўзбекистон ëзувчилар уюшмаси котиби Муҳаммад Солиҳ Ню-Йорк Таймс (New York Times) газетаси мухбирига “ўзбек халқи Орол фожеаси қурбони бўлмоқда” деган маънода интервью берди ва бу интервью ҳам ўша давр раҳбарлари асабини қақшатган эди.

- Мен Ню-Йорк Таймс¸ Вашингтон Пост газеталарида сиëсий масалалар билан бирга экология масалалари¸ Орол денгизи масаласини доим айтганман. Орол муаммоси аслида бутун Совет Иттифоқида 1980 йилларнинг бошларида бошланган экологик ҳаракатнинг Ўзбекистондаги бир кўриниши эди.

Илк маротаба янглишмасам, 1985 йилда¸ балки 1986 йилда¸ Ёзувчилар уюшмасида Орол қўмитаси ташкил топди. Бу қўмитага филология фанлари номзоди Пирмат Шермуҳаммедов бошчилик қилди¸ дея эслайди ўша пайтдаги ëзувчилар уюшмаси котиби Муҳаммад Солиҳ.

Кейинчалик мухолифат етакчисига айланган шоир Муҳаммад Солиҳ ҳам шеър қаламини оҳиста йўниб, экология мавсусидаги мақолалар ëза бошлади.

- Аслида бу қўмита ташаббускорларининг ҳаммаси экологлар ëки олимлар эмас¸ балки ëзувчилар эди. Ўша пайтда экологик мавзуларни жуда фаол қаламга олаëтган Дадахон Нурий, Эмин Усмон каби ëзувчилар бу мавзуни машҳур қилган эди¸ дея эслайди Муҳаммад Солиҳ.

Ўтган асрнинг саксонинчи йилларидаги расмий газеталарда "ëзувчилар эҳтиросга берилиб, вазиятни бўрттирмоқда" деган айбномалар пайдо бўлди.

1988 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси бўлган Одил Ëқубов гапиради.

- Нега кўтармайди ëзувчи? Ëзувчи агар виждони бўлса¸ албатта кўтариши керак¸ дейди Одил Ëқубов.

"Одил Ëқубов СССР халқ депутатлар кенгашида ўзбек пахтакор аëллари ҳақида халқнинг дилидаги гапларни сўзлади"¸ деб хотирлайди Ўзбекистон халқ ëзувчиси Шукрулло.

- Бу масалани Олий Совет мажлисида кўтарган эди. “Пахта экаман, деб ўзбек хотинларининг кўкраги ҳам қолмади¸ думбаси ҳам қолмади. Африкадаги одамлардан ҳам хароб” деган гапни ўша пайтда Одил айтган¸ дейди шоир Шукрулло.

Айни пайтда Одил Ëқубов ўша пайтда айтилган гаплар эътиборсиз қолгани учун ҳам Орол денгизнинг қуриши оқибатлари бугунги кўламни касб қилганини айтади.

- Кўтарилди бу масала. Анча резонанс берган ўша пайтда. Бироз майда-чуйда гап бўлди. Шу билан қолиб кетди¸ дейди Одил Ëқубов.

Ўша пайтда бутуниттифоқ "Учителская" газетасининг Тошкентдаги мухбири бўлиб ишлаган Анвар Усмонов ҳам бундан 20 йил олдин Оролни қутқариш масаласида бирор-бир самарага эришиш мумкин бўлганини афсус билан хотирлайди.

- Ўша пайтлар Орол ўлаëтган пайт эди. Лекин Орол у пайтда иккига бўлинмаган эди. Ҳозир катастрофа бўлиб қолди. Ўша пайтда Амударëда ҳам¸ Сирдарëда ҳам оз-моз сув бор эди. Ҳозир Орол жуда ҳам катта катастрофа¸ дейди Анвар Усмонов.

СССРнинг АҚШдан пахта мустақиллигини таъминлаш учун Оролга қуйилиши лозим бўлган икки дарë сувлари далаларни суғоришга сарф бўлгани айтилади.

Дарëсидан айрилган денгиз қурий бошлади. Пахта мустақиллиги учун тўланган товон шоира Гулчеҳра Нуруллаева руҳий дунëсини даҳшатга солди.

- Орадан 20 йилдан ортиқ вақт ўтдики¸ Орол муаммоси борган сари муаммоли томонига кириб бораяпти. Озгина бўлса ҳам ўз ечимини кўргани йўқ. Шу маънода ўша пайтда ëзилган шеър шу бугуннинг ҳам шеъри бўлса керак, деб ўйлайман.

Орол ўлаëтир, биз чекдик нидо,
Нидо чекишлардан сира толмадик¸
Аччиқ оҳимиздан уйғонди дунë¸
Фақат раҳбарларни уйғотолмадик.

Босиб келаëтир чексиз ерларни,
Орол атрофида яйрайди ўлим,
У томон йўлатмай муҳожирларни,
Беркитмоқ бўламиз муаммо йўлин.

Бизни босган ғафлат саройи баланд,
Намойиш қиламиз ҳамон кўрликни,
Қуруқ қарорларга имзо чекиш билан
Тўлдирмоқ бўламиз Орол шўрликни.

Кўзни очмоқ душвор¸ танқид қилмоқ жўн¸
Гарчи гиналарни кўрмасам-да эп¸
Ўйлайман бугунги шеърхонликдан сўнг
Яна битта қарор туғилмасми деб.

Қайтармоқ истасак босган изига¸
Орол бошидаги бор балоларни¸
Кўрсатиб қўяйлик дунë кўзига¸
Қуруқ қарорларга мубталоларни.

Оролни қутқариш муаммосига тарихига бағишланган махсус эшиттириш якшанба кечқурун ва душанба эрталабки эшиттиришларимиз орқали эфирга узатилади.

Бу эшиттиришда Дадахон Нурий¸ Муҳаммад Солиҳ¸ Александр Минкин¸ Одил Ëқубов¸ Шукрулло ва шоира Гулчеҳра Нуруллаева хотиралари ўрин олади. Эшиттириш матни интернет саҳифамиздан ўрин олади.
XS
SM
MD
LG