Линклар

logo-print

Чўчқа гриппи географияси кенгаймоқда

  • Фаррух Юсуфий

Бугунги дастуримиз шу кунларда дунёни ташвишга солган чўчқа гриппи билан боғлиқ вазиятга бағишланади.

27 апрел куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти чўчқа гриппи пандемиясининг рўй бериши эҳтимоли ошганини айтиб, вазиятга оид олти поғонали огоҳлантирув даражасини учинчидан тўртинчи поғонага кўтарди.

H1N1 вирусига оид вазият бўйича Фавқулодда қўмитанинг 27 апрел кунги мажлисидан кейин Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош котибининг ўрибосари Кейжи Фукуда огоҳлантирувнинг тўртинчи даражага кўтарилганини “чўчқа гриппи пандемиясининг эълон қилиниши сари қилинган жиддий қадамдир”, дея баҳолади.

- Мавжуд вазиятда, ҳозир кўриладиган чоралар, вируснинг тарқалишини тўхтатишдан кўра, унинг оқибатларини камайтиришга қаратилиши лозим. Бунинг асосий сабаби вирус аллақачон кўп жойларга тарқалиб бўлди ва уни назоратга олишнинг деярли имкони қолмади, деди ЖССТ расмийси.

H1N1 вируси сабаб бўлган чўчқа гриппи ўтган ойда Мексикада аниқланганидан бери, шу кунгача бу мамлакатда 151 одамни ўлдиргани гумон қилинмоқда. Нобуд бўлган 151 одамдан камида 7 нафари айнан H1N1 вирусининг қурбони бўлгани аниқ айтилмоқда.

Чўчқа гриппи тарқалиши билан боғлиқ ҳолатлар Қўшма Штатлар, Канада, Испания ва Британияда тасдиқланди. Бразилия, Австралия, Исроил ва Янги Зеландия каби мамлакатларда ўндан ортиқ одам H1N1 вирусини юқтирганликда гумон қилиниб, касалхоналарга ётқизилди.

Кўплаб мамлакатлар чўчқа гриппи қайд этилган мамлакатлардан келаётган йўловчиларни текширувдан ўтказишни жорий қилди ва бошқа фавқулодда чораларни кўрмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати ҳам 28 апрел сешанба куни H1N1 вирусининг олдини олишга бағишланган фавқулодда мажлис ўтказди.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги эпидемиология бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Боқижон Маткаримов биз билан қисқача суҳбатда мамлакатда чўчқа гриппи ҳоллари қайд этилмагани, лекин вазиятни назорат қилиш бўйича ҳукумат комиссияси тузилганини маълум қилди.

- Оддий гриппга ўхшаяпти. Чўчқадан чўчқага юқади. Одамдан одамга ҳам юқиши мумкин. Шунинг учун биз ҳамма тайëргарликни кўрдик. Вазирликдан буйруқ чиққан. Штаб туздик. Бугун республика эпидемияга қарши кураш комиссиясининг йиғилиши бўлади, ҳозир ўшанга кетаяпмиз¸ дейди Боқижон Маткаримов.

Вазирликнинг эпидемиология бошқармаси вакили билан ҳукумат йиғини тугаганидан кейин яна боғландик.

Боқижон Маткаримов: Чора-тадбирлар кўрилди¸ штаб тузилди¸ йиғилиш ўтказилди. Чегараларни мустаҳкамлаш тўғрисида кўрсатма берилди. Врачларнинг ҳушëрлиги оширилди¸ қўшимча дори-дармон заҳираси тайëрладик.

Дорихоналарда тана ҳароратини туширадиган дорилар кўпайтирилди. Кечаю кундуз ишлайдиган дорихоналар сони оширилди.

Озодлик: Мана, чегаралар мустаҳкамланди, деяпсиз. Чегаралар қандай қилиб мустаҳкамланди?

Боқижон Маткаримов: Чегаралар мустаҳкамланди эмас¸ чегарада назорат пунктларининг иши кучайтирилди. Чегарани мустаҳкамлаб унга бетон қурармиди?

Озодлик: Мен ҳам ўшани айтаяпман-да.

Боқижон Маткаримов: Нотўғри ëзиб юборган бўлиши мумкин-да. Чегарадаги назорат пунктларининг фаолияти кучайтирилди. Грипп касаллиги билан гумон қилинган четдан келаëтган ҳар бир фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилсин, деб кўрсатма берилди.

Озодлик: Матбуот орқали аҳолига шу касалликнинг олдини олиш бўйича оддий маслаҳатлар бериш йўлга қўйилаяптими?

- Телевидениеда чиқиладиган бўлди¸ газеталарга мақолалар тайëрланди. Ҳозир мактаб болалари¸ коллежлар учун диктант тайëрлашаяпти¸ деди Боқижон Маткаримов.

Шу ерда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийси Боқижон Маткаримов билан суҳбатимиз узилиб қолди ва у киши билан бошқа боғлана олмадик.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти чўчқа гриппи вируси ҳайвонлар, хусусан, чўчқалардан эмас, одамдан одамга юқаётганини аниқлади.

28 апрел куни Женевада ўтказилган матбуот анжуманида ташкилот матбуот котиби Грегори Ҳартл вирус ўчоғи бўлган Мексикада ўтказилаётган текширувлардан шундай хулоса қилинганини таъкидлади.

- Эпидемиологик текширувлар натижасида, Мексикада вируснинг одамдан одамга юқиши, деб тахмин қилинаётган учта ҳолати аниқланди. Тахмин қилинаётган бу ҳолатлар синчковлик билан ўрганилмоқда.

Яна бир марта айтаман, вируснинг одамдан одамга юқиши ҳолларининг аксарияти тахмин қилинаётган ҳолатлардир, чунки ҳозирча биз бу ҳолатларнинг 26 тасини тасдиқлай олдик ва лаборатория текшируви давом этмоқда.

Лекин Мексиканинг бошқа ҳудудларида ҳам одамдан одамга юқиш ҳоллари рўй берганини гумон қилиб турибмиз.

Алоҳида қайд этиш керак, биз аниқлаган ҳолларнинг бирортасида чўчқа ёхуд вируснинг бошқа манбалари билан контакт ҳоллари бўлмаган, яъни бу ерда гап одамдан одамга юқиш ҳоллари ҳақида бораётганини хулоса қилишдан бошқа иложимиз йўқ, деди ЖССТ расмийси.

Айтиб ўтганимиздек, ЖССТ чўчқа гриппи пандемиясининг олдини олиш имкониятлари камайиб бораётганини айтмоқда ва вирус етиб борган мамлакатлар географияси кенгайиб бормоқда. Лекин касалликдан одамларнинг нобуд бўлиши ҳоллари фақат Мексикада қайд этилди, холос.

- Олимларимиз бунинг сабабини ўрганмоқда. Биласиз, вирусдан ўлим ҳоллари фақатгина Мексикада рўй берди. У ерда етти киши айнан шу касалликдан ўлгани тасдиқланган.

Вирус аниқланган бошқа мамлакатларда бу касаллик нисбатан енгил кечмоқда. Масалан, Қўшма Штатларда биттагина одам қисқа муддатга касалхонага ётқизилди, холос. Вирус Мексикада оғир кечаётгани сабабларини тушуниб етганимиз йўқ, дейди доктор Ҳартл.

Айни пайтда, ЖССТ ўтказган текширувлардан грипп вирусига қарши мавжуд дорилар орасида чўчқа гриппини даволашда ишлатилиши мумкин бўлган воситалар борлигига умид қилинмоқда, дея қўшимча қилди доктор Ҳартл.

- Ҳозирча бу грипп вирусининг озельтамивир ёки зенамивир дори воситаларига чидамлилиги кузатилгани йўқ. Яъни чўчқа гриппини бу антивирус препаратлари билан даволаса бўлади, дейишга асос бор, деди ЖССТ расмийси.

Озельтамивир ёки зенамивир преапаратларини H1N1 вирусига қарши қўллаш тавсиясини 27 апрел куни АҚШ соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам эълон қилди.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддиси билан суҳбатда тинглаганингиздек, ҳукуматнинг чўчқа гриппига қарши ишлаб чиқаётган чоралари сирасидан матбуот орқали аҳоли орасида тушунтириш ишлари олиб бориш ҳам ният қилинган, бироқ ҳозирча ўзбек матбуотида H1N1 вирусига оид маълумотларни топиш қийин. Ҳар қалай, Саломатлик дастурини тайёрлаётганимизда бунга оид ахборотни топа олмадик.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассисидан чўчқа гриппидан сақланишга оид маслаҳатларни ҳам ололмаганимиз боис бундай маслаҳатни бериш илтимоси билан тиббиёт фанлари доктори, профессор Суҳбат Абдуллага мурожаат қилдик.

- Бу жуда тез тарқалиш хусусиятига эга ҳамда оғиз¸ бурун шиллиқларида кўпайиб кетадиган шундай вируски¸ бунинг юқиш манбаи фақат одам ҳисобланади. Бу вируснинг одамдан одамга юқиши 100 фоиз исботлангандан кейин жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳамда ривожланган давлатлардаги эпидемия станциялари ташвишга тушиб қолди.

Бу вируснинг биринчи симптоми одамда ҳолсизлик рўй беради. Кейин иситма кўтарилиши кузатилади. Оғиз¸ бурун, хусусан, кўз атрофларида қизаришга ўхшаган аломатлар пайдо бўла бошлайди. Кейин одам иммунида узилишлар рўй бера бошлайди. Бу натижада одамни ҳалокатга олиб келади.

Мана шундай симптомлар туғилганда¸ биринчи навбатда, врачга мурожаат қилиш керак.

Иккинчидан, хонадонда маскалар тақиш керак. Бу жуда муҳим. Иложи борича, махсус суюқликларга сингдирилган махсус маскалардан фойдаланиш даркор. Ўша пайтда вируснинг юқиш имкониятлари камаяди.

Учинчидан, нима бўлганда ҳам албатта қўлни ювиш даркор. Қўлни совун билан ювиш даркор. Бу шарт бўлган нарса ҳисобланади.

Тўртинчидан, қайнатилган сув ичиш керак.

Ўзбекистондаги барча юртдошларимизга шуни айтган бўлардимки¸ биринчи тозалик¸ иккинчи гигиена қоидаларига риоя қилиш¸ учинчи иссиқ сув масаласи. Иссиқ сув ичиш гриппни маълум бир маънода қайтарадиган оддий воситалардан биттаси ҳисобланади¸ дейди ўз маслаҳатлари билан ўртоқлашган доктор Суҳбат Абдулла.

Мавзу сўнгида одамдан одамга юқаётган чўчқа гриппи ва уни келтириб чиқарган H1N1 вируси ҳақида қисқача маълумот:

Чўчқа гриппи H1N1 вирусидан ташқари H3N2 ва яна бир неча грипп вируси штаммларидан келиб чиқади. Чўчқа гриппи биринчи марта ўтган асрнинг 30-йилларида аниқланган бўлиб, асосан чўчқалар орасида кузатилган. Шу пайтгача чўчқа гриппининг одамга юқиши кам учрайдиган ҳол ҳисобланиб келгани боис Мексикада бошланиб, тез суръатларда тарқалаётган касалликнинг одамдан одамга ёқаётгани мутахассислар хавотирларининг асосий сабабларидан биридир.

Бу сафар Мексикада бошланиб, пандемияга сабаб бўлиши мумкинлиги айтилаётган чўчқа гриппини, айтиб ўтганимиздек, H1N1 вируси келтириб чиқаргани мутахассислар ташвишларнинг яна бир сабабидир.

Чунки айнан H1N1 вируси ўтмишдаги йирик эпидимия ва пандемияларнинг сабабчиси бўлган. Масалан, 1918-1920 йилларда “испанка” дея аталган грипп пандемиясини H1N1 вируси келтириб чиқарган. Ўшанда “испанка”дан жаҳон бўйлаб 20 миллиондан 40 миллионгача одам ҳалок бўлгани тахмин қилинади.
XS
SM
MD
LG