Линклар

logo-print

АҚШ расмийлари Манас авиабазаси бўйича қирғиз расмийлари билан музокаралар олиб борилаётганини таъкидлаётган бир пайтда расмий Бишкек бу хабарларни кескин рад этиб келмоқда.

Бир қатор халқаро ахборот агентликлари тарқатган маълумотга кўра, Пентагон матбуот котиби Жефф Морел АҚШ ҳарбий базаси масаласида қирғиз расмийлари билан мунтазам тарзда музокаралар олиб борилаётганини айтган.

ИТАР-ТАСС ахборот агентлиги тарқатган хабарда айтилишича, Пентагон матбуот котиби “Биз қирғиз расмийлари билан музокараларни давом эттирмоқдамиз ва ҳарбий базадан бундан кейин ҳам фойдаланиш юзасидан келишувга эришиш йўлида ижобий силжишларга эришдик. Биз бу борада келиша оламиз, деб умид қилишга асосларимиз бор”, деб билдирган.

Бироқ Қирғизистон бош вазири Игор Чудинов бундай музокаралар олиб борилаётганидан ҳукумат бехабар эканлигини айтди:

- Мен сизларга жиддий гапираяпман. Жиддий айтаманки, мен бу масаладан бехабарман, кимдир музокара олиб бораётганини ҳам билмайман.

Бугунги кунда Қирғизистон ҳукумати расмийларнинг ҳеч бирига АҚШ билан база масаласида музокара олиб боришга ваколат бермаган. АҚШ базасини мамлакатдан чиқариш ҳақида қонун қабул қилинган ва бу қонун ишлаяпти. Бу қонунга ҳеч ким ўзгартиш киритгани йўқ, деди Игор Чудинов 29 апрел куни журналистлар билан бўлган учрашуви чоғида.

Бироқ Қирғизистон парламентининг собиқ раиси, “Ота макон” партияси раиси Ўмурбек Текебаевнинг айтишича, Бишкек сиёсий доираларида АҚШ ҳарбий базасининг мамлакатдаги ҳозирлиги яна уч йилга узайтирилиши тўғрисида гап-сўзлар бор.

- Менда мавжуд маълумотларга кўра ҳам АҚШ базасининг Қирғизистондаги ҳозирлиги яна уч йилга узайтирилади. Америкаликлар оладиганини олиб, берадиганини берганидан сўнг мана шундай қарор қабул қилинган. Бу эса АҚШ иккиюзлама сиёсат олиб бораётганидан даракдир. Чунки инсон ҳуқуқлари ва демократия ҳақида кўп гапирадиган АҚШ кези келганда ўз манфаатини йўлида ҳар қандай йўлларни ишга солиб, исталган диктатор билан ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканини кўрсатмоқда, деди Ўмурбек Текебаев.

Сиёсатчининг айтишича, АҚШ билан музокаралар олиб борилаётгани қирғиз жамоатчилигидан яширилмоқда.

- Музокаралар олиб борилаётгани қирғизлардан яширилмоқда, лекин бундан Россия ва дунё жамоатчилиги хабардор. Расмий Бишкек музокаралар олиб борилаётганини яшириб, Кремлни ҳам шунга ишонтирмоқчи бўлаётир. Чунки 23 июл куни Қирғизистонда президентлик сайлови ўтади. АҚШ билан музокаралар олиб борилаётганини қирғиз ҳукумати тан олса, Кремл президентлик сайлови жараёнига таъсир кўрсатиши мумкин.

АҚШ эса президент Бакиевга ишонмагани учун ҳам музокаралар олиб борилаётганини бир неча ойдан бери халқаро ҳамжамиятга тез-тез эслатиб турибди. Чунки ҳар қандай музокараларнинг муваффақиятини унинг ошкоралиги белгилаб беради, деди Ўмурбек Текебаев.

Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиев Бишкекдаги АҚШ ҳарбий базаси мамлакатдан чиқарилиши ҳақида 3 феврал куни Москвага қилган сафари чоғида баёнот берган эди.

Президентнинг бу баёнотидан олдинроқ Россия ва Қирғизистоннинг бир қатор оммавий ахборот воситалари АҚШ базаси тез орада Бишкекдан чиқарилиши тўғрисида президент Бакиев маъмуриятида яширин ҳужжат тайёрланаётгани ҳақида маълумот берган эдилар. Лекин расмий Бишкек бу хабарларга раддиялар бериб, АҚШнинг Бишкекка келган вакилларини тинчлантирган эди.

Қирғиз парламенти 19 феврал куни қабул қилган қонунга мувофиқ, АҚШ ҳарбий базаси мамлакатдан 20 августгача олиб чиқиб кетилиши шарт.
XS
SM
MD
LG