Линклар

29-30 апрел кунлари Тошкентда Ўзбекистон ва Тожикистон давлат чегараларини делемитациялаш ва демаркациялаш масалалари бўйича давлатлараро комиссия раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтади.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган маълумотларга кўра, Ўзбекистон томонидан бош вазирнинг биринчи ўринбосари Рустам Азимов ва Тожикистон томонидан хавфсизлик кенгаши котиби Амирқул Азимов иштирокида ўтказилаётган учрашувда 2002 йилдан буён давлат чегараларида ҳал этилмай қолаётган энг баҳсли тўрт ҳудуддаги чегара чизиқларини аниқлаштириш масаласи муҳокама этилиши кутилмоқда.

Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчиси расмийси Миродил Абдураззоқовнинг маълум қилишича, тожик расмийлари Ўзбекистон таклифи билан 29 апрел куни эрталаб Тошкентга жўнаб кетган.

- Бу фақат давлатлараро комиссия раҳбарларининг расмий учрашуви. Унда Давлат чегараларини делемитациялаш ва демаркациялашга доир давлатлараро комиссиянинг жорий йил май ойида ўтказиладиган учрашувига тайёргарлик атрофида фикр алмашилади, холос, дея таъкидлади ўзбек дипломати Абдураззоқов ўзаро суҳбатда.

Аммо Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот котиби Давлат Назрий бугун куннинг иккинчи ярмида бошланган томонлар музокарасида Ўзбекистон ва Тожикистон давлат чегараларининг тўрт баҳсли ҳудудини аниқлаб олиш атрофида янги шартнома имзоланиши кутилаётганини айтди.

- Тошкент учрашувида Ўзбекистон ва Тожикистон Давлат чегараларидаги тўрт баҳсли ҳудудни делемитациялаш ва демаркациялаш масалалари бўйича янги шартнома имзоланади. Шунингдек, Давлат чегараларини делемитациялаш ва демаркациялаш бўйича давлатлараро янги комиссия тузилади ва у май ойи бошларида иш бошлайди, деди Давлат Назрий.

Жорий йилнинг 25 февралида Тожикистон парламенти ўзбек-тожик давлат чегараларига доир шартномани бир овоздан тасдиқлаган эди.

24 март куни эса Тошкентда Ўзбекистон ва Тожикистон Давлат чегараси тўғрисидаги шартноманинг кучга киришига доир ратификация ёрлиқларини топшириш маросими бўлиб ўтганди.
Тожикистон парламенти қуйи палатасининг ҳуқуқ, мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси раиси Абдуманнон Холиқов ўзбек-тожик давлат чегараларида аниқланмай қолаётган тўртта ҳудуд атрофида баҳслар ҳали анчага чўзилиши мумкинлигини истисно қилмайди.

- Бу баҳсли ҳудудларни аниқлаштириш қийин кечаяпти. Чунки ҳар бир қарич ерни аниқлаштириш керак. Бу жуда кўп вақт талаб қилади. Баъзида томонлар қисман бўлса ҳам ўз мамлакати ва халқи манфаатларини ҳимоялашга уринади. Менимча бу оддий ҳол.

Давлат чегараларини аниқлаштиришда дунёнинг бошқа давлатлари ўртасида ҳам давомли баҳслар кузатилади. Бу фақат тожик-ўзбек чегарасидагина мавжуд муаммо эмас, дейди депутат Холиқов.

Тожик-ўзбек чегарасидаги баҳсли ҳудудлар асосан Тожикистоннинг шимолий ҳудудида эканини таъкидлаётган мустақил кузатувчи Ҳошимжон Меликов мазкур баҳсли ҳудудлар муаммоси эртами-кечми барибир ҳал этилиши зарурлигини айтади.

- Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги чегарага доир муаммолар барибир ҳал этилиши керак. Бу жуда чигал ва оғир масала, аммо иккала томон учун ҳам мақбул жиҳатни топиб, бир қарорга, муросага келиш керак, бундан бошқа илож йўқ. Бу ўртадаги муаммолар қанчалик тез ҳал этилса, шунчалик яхши, дейди Ҳошимжон Меликов.

Тожикистоннинг Ўзбекистон билан давлат чегаралари 1332 километрга узанган. Чегараларни аниқлаш бўйича 2002 йилда тузилган давлатлараро комиссия ўтган шу вақт мобайнида чегараларнинг 75 фоизини аниқлаган.
XS
SM
MD
LG