Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:12

Беҳзоднинг ғалабасидан устозлари хурсанд


Ўзбекистонлик ёш созанда Беҳзод Абдураимовнинг ижроси Лондондаги классик мусиқа ихлосмандларини лол қолдирди
Ўзбекистонлик ёш созанда Беҳзод Абдураимовнинг ижроси Лондондаги классик мусиқа ихлосмандларини лол қолдирди

Ўзбекистонлик Беҳзод Абдураимовнинг Лондонда ўтказилган Халқаро пианиночилар танловида қозонган ғалабасини бастакорлар ўзбек мусиқасининг катта ютуғи сифатида баҳоламоқдалар.

18 яшар ўзбекистонлик созанда Беҳзод Абдураимов Лондонда ўтказилган Халқаро пианиночилар танловида бош совринни қозонди.

У 18 апрелдан 28 апрелгача Лондонда бўлиб ўтган халқаро пианиночилар танловининг "мутлоқ ғолиби" деб топилган.

Лондондаги нуфузли танлов ғолиби Беҳзод Абдураимов Тошкентдаги Успенский номли санъат даргоҳида таниқли мураббия Тамара Попович қўлида таҳсил олган эди.

Тамара Поповичнинг айтишича, Беҳзод Лондондаги танлов ғолиби бўлгани ҳамоно устози билан қувончини баҳам кўрган.

- Анчагина мураккаб танлов эди. Лондондаги мусобақа тўрт босқичдан иборат машаққатли бир синов. Таланти бор бўлгани учун мақсадга эришиш йўлидаги изчиллик ўз мевасини берди.

Мен ниҳоятда хурсандман. Лондон мусобақасидаги ғалаба Беҳзод учун катта мусиқа эшикларини очади, дейди Тамара Попович

Биринчидан, бу ғалаба қувончи¸ иккинчидан, Беҳзод учун катта концерт залларида чолғу чалиш имконияти дегани. Бундан буëн менежерлар ва продюссерлар унинг атрофида парвона бўлади.

Учинчидан, мукофот Беҳзод чўнтагига уч-тўрт танга пул бўлиб киради, бу ҳам ëмон эмас¸ дейди дейди Тамара Попович.

Беҳзод Абдураимов айни пайтда АҚШнинг Канзас штатидаги Парк университетида мусиқадан таҳсил олмоқда.
Ўзбекистон бастакорлар уюшмаси раиси Рустам Абдуллаев Беҳзоднинг ғалабаси ўзбек мусиқасининг катта ютуғи эканини айтади.

- Жуда зўр бўлган. Мен у болани ëшлигидан биламан. У жуда меҳнаткаш¸ истеъдодли¸ одобли йигит. Мен унинг интилишини¸ истеъдодини ҳар доим қўллаб-қувватлайман. Мен унинг Лондонга эришган ютуғидан бениҳоя хурсанд бўлдим. Унга келажакда катта омадлар тилайман¸ дейди Рустам Абдуллаев.

Беҳзод Абдураимовнинг Лондондаги ютуғи, Рустам Абдуллаев фикрича, Ўзбекистонда классик музика чолғучилар сафи қалин эканидан ҳам далолатдир.

- Бу, биринчидан, бизда ижрочилик санъатининг ривожланганлигидан далолат. Бундан ташқари, Улуғбек Полвонов¸ Фазлиддин Ҳусанов деган истеъдодли йигитларимиз бор.

Бу ëшларимизнинг жаҳон санъатини яхши эгаллаганидан далолат. Шу билан бирга, бу яхши анъанавий педагогларимиз борлигидан далолат беради.

Талант ўз йўлига талант¸ лекин уларни саҳнага олиб чиқадиган устозлар бўлади. Шунинг учун ҳам мен авваламбор Тамара Поповични табриклайман. Бу санъатнинг, жаҳон санъатининг ютуғи¸ дейди Рустам Абдуллаев.

Ўзбекистон бастакорлар уюшмаси раҳбарига кўра¸ бу қувончли хабар Ўзбекистондаги ëш мусиқачиларни илҳомлантиради.

Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг мусиқа бўйича мутасаддилари ўзбек мусиқачисининг халқаро саҳнадаги ғалабасидан хабарсиз эканлигини айтишди.

- Лондонда биринчи ўринни олди дейсизми? Менинг хабарим йўқ¸ деди телефон гўшагини кўтарган ходим.

Беҳзод Абдураимов Ўзбекистонда ўтказилган "Санъат ғунчалари" кўрик-танлови ҳамда Қозоғистонда ўтказилган пианиночилар халқаро танловининг ҳам ғолибидир.
XS
SM
MD
LG