Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:58

Қамоқда ўлган марҳумнинг яқинлари қўрқитилди


Зарафшондаги 64/48-сонли жазони ўташ муассасасида қийноқлардан вафот этган маҳбус Исмат Худойбердиевнинг жасади Деновга олиб келиниб, милиция ходимлари қистови билан ошиғич дафн қилинди.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи тарқатган хабарга кўра, Зарафшондаги 64/48-сонли жазони ўташ муассасасида маҳбус Исмат Худойбердиев қамоқхонада унга нисбатан қўлланилган қийноқлардан вафот этган.

29 апрел куни эса Исмат Худойбердиевнинг жасади унинг Денов шаҳридаги уйига олиб келинди ва милиция ходимларининг қистови билан тезда дафн қилинди. Бу ҳақда марҳумнинг умр йўлдоши Мушарраф опа шундай дейди:

- Кўчада катта КамАЗ машинасига видеокамера ўрнатиб қўйишди. Жасадни кечқурун олиб келишган бўлса ҳам беришмади. Кўчада милиция ходимлари ва маҳалладан учта одам ўтирди.

“Бақирсангизлар, шовқин қилсангизлар, ўзинглар бор, болаларинг бор. Ундоқ қиламан¸ бундоқ қиламан” деб қўрқитишди¸ дейди Мушарраф опа.

Мушарраф опанинг сўзларига кўра, унинг ўлим ҳақидаги маълумотномасида "юраги касал эди" деб ёзилган. Лекин Мушарраф опа эрининг ҳеч қачон юрагидан шикоят қилмаганини айтади.

- Бошларини тикишган. Билмаймиз - миясини очганми?.. Қорни томоғигача тикилган. Кўрсангиз, даҳшат. Кичкина бўлиб қолганлар. Ўзлари гавдали одам эдилар. Шунақа озиб кетган¸ бу даҳшат. Оëқлари қайишиб кетган. Бу нимадан қайишиб кетади? Қўл¸ оëқлар тиришиб кетган. Бунинг нимадан эканлигини билмадик лекин. Жим бўлинглар¸ ими-жимида чиқаринглар, деб қўрқитишди. Ҳозир мендан ҳам қўрқиб ўтиришипти¸ дейди Мушарраф опа.

Мушарраф опанинг айтишича, Исмат Худойбердиев қамоқда инсон чидаб бўлмас қийноқларга солинган ва бу қийноқлар оқибатлари шундоқ ҳам кўзга ташланиб турибди.

Сурхондарёлик 52 яшар Исмат Худойбердиев Ҳизбут-Таҳрир диний ташкилотига аъзо бўлганлик ва конституциявий тузумга тажовуз қилганлик айби билан 2002 йилда 16 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Мушарраф опа 2002 йилда Исмат Худойбердиевга турмушга чиққанидан кейин бор-йўғи олти ой бирга яшаган эди. Унинг аввалги эри Фарҳод Усмонов ҳам 1999 йилнинг ёзида таниқли имом Обидхон қорининг издоши бўлганлиги учун қамоққа олинган ва 11 кун ичидаги тергов пайтида қийноқлардан вафот этган эди.

Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг айтишича, ҳар йили Ўзбекистон қамоқхоналаридан 200 дан кўп тобут чиқади. Уларнинг аксарияти диний айбловлар билан қамалган маҳбуслардир:

- Буларнинг бир қисми ҳар хил касалликлар натижасида¸ даволанмаслик ва бошқа сабаблар билан ўша маълум бир касаллик натижасида ўлганлардир.

Иккинчи ўринда эса қийноқлар орқали ўлганлар туради. Диний эътиқод туфайли қамалганларни охирги пайтда жуда қаттиқ қийноққа дучор қилишаяпти.

Ўшаларнинг қариндошлари бизга мурожаатлар билан келишади. Улар президент девони деймизми¸ бош прокуратура деймизми¸ Олий суд деймизми – ҳамма жойга мурожаат қилишади. Лекин ҳеч қаердан натижа чиқмайди.

Сонига келадиган бўлсак¸ мен айтишим мумкин¸ бир йилда 200 га яқин¸ 200 дан кўпроқ жасад қайтиб келади. Лекин милиция ходимлари бу маълумотнинг ҳеч қаерга чиқмаслигига ҳаракат қилишади.

Кўп ҳолда улар ўлган одамнинг қариндошларидан ўликни тезроқ кўмиб юборишни талаб қилишади. Бу ҳақда гапирмаслик тўғрисида ўлган маҳбуснинг қариндошларини қўрқитишади¸ дейди Суръат Икромов.

Ўзбекистон ИИВ Жазони ижро қилиш бош бошқармаси мулозимлари эса мамлакат қамоқхоналарида тутқунларга нисбатан қийноқлар қўлланилмаслигини айтиб келадилар.
XS
SM
MD
LG