Линклар

Олим қадри ноғорачиникидан ҳам паст

  • Сарвар Усмон

Ўзбек олимларининг эътироф этишларича, давлатнинг фан аҳлига эътибори камлиги уларнинг илмий изланишлар қилишга бўлган рағбатини сўндирмоқда.

Ўзбек олимларининг эътироф этишларича, давлатнинг фан аҳлига эътибори камлиги уларнинг илмий изланишлар қилишга бўлган рағбатини сўндирмоқда.

28 апрель куни Тошкентда II Республика инновация ғоялари, технологиялари ва лойиҳалари ярмаркаси очилди. Ўзбек олимларидан бирининг айтишича, мазкур тадбирда халқ хўжалигининг барча соҳаларига оид инновацион лойиҳалар намойиш қилинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси ўтган йилнинг баҳорида дастлабки ярмаркани ўтказган, унда ЎзАнинг хабар қилишича, "22,1 миллиард сўмга тенг беш юз элликка яқин шартнома ҳамда англашув протоколлари имзоланган эди".

Ярмарка меҳмонларидан бири - ўзбек олимининг айтишича, бу йилги ярмаркада иштирок этаётган...

- Завод-фабрикалар¸ ташкилотлар жуда кўп. Сон-саноғи йўқ. Техника асбобларига асослангани ҳам бор. Янги ғояларга асосланган нарсалар ҳам бор¸ дейди ўзбек олими.

Демак, Тошкентда иш бошлаган ярмарка фан ва ишлаб чиқариш учрашадиган, уларнинг ҳамкорлиги бошланадиган жойдир.

Ярмарка тўғрисида хабар берар экан, ЎзА мана бундай ёзди: "Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти Шавкат Солиҳов давлатимиз раҳбари мамлакатимиз илм-фанини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаётганлигини таъкидлади".

Мана шу гапдан келиб чиқиб, бир қатор ўзбек олимларидан сўрадик:

Озодлик: Домла¸ олим ва илмнинг аҳволи Ўзбекистонда қандай? Сиз профессор сифатида нима деб баҳо бера оласиз?

Профессор: (истеҳзоли кулиб) Бу жуда ҳам қийин масала. Нима дейиш мумкин? Мана, менинг олдимда бизнинг домламиз - академик ўтирибдилар.

Биз суҳбатдошимиздан гўшакни ўз устозига узатишни илтимос қилдик.

Телефон академикка ўтди. Саломлашдик. Ўзимизни таништирдик. Ва сўрадик.

Озодлик: Мана кўргазма бўлаëтган экан. Шу муносабат билан Ўзбекистонда олим ва илмнинг аҳволи қандай деган бир эшиттириш қилаëтган эдик. Домла¸ марҳамат қилиб фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз.

Академик: Бу ерда Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси бор. Бу ерда инновацион бўлимининг бошлиғи бор. Ўша бошлиғи билан бемалол гаплашсангиз бўлади. Бу нарсалар тўғрисида ўша киши гапиради.

Исмларини айтмасликни маъқул кўрганимиз профессор саволимизга жавобан истеҳзо билан кулмаслиги, академик эса, ўзини саволимизни тушунмаганликка солмаслиги мумкин, академия президентидай мақтов айтишлари мумкин эди.

Лекин бундай қилмадилар.

Хўш, нега?

Бояги саволимизни бошқа бир олим – иқтисодиёт фанлари номзоди Расулжон Абдумажидовга бердик.

Озодлик: Ўзбекистонда олим билан илмнинг аҳволи қандай?

Расулжон Абдумажидов: Лўнда қилиб айтадиган бўлсак¸ Ўзбекистонда илм-фанга эътибор йўқ даражада. Олим битта карнайчи ëки ноғорачичалик эътиборга эга эмас.

Озодлик: Шундай дейсизку¸ мана Тошкентда ярмарка ўтказилаяптику.

Расулжон Абдумажидов: Бу жуда мизерний нарса. Бу просто матбуот¸ бошқа¸ шов-шув учун керак.

Озодлик: Олимнинг қадри бир ноғорачичалик эмас дедингиз. Қадри шунчалик пастлиги нималарда кўринади?

Расулжон Абдумажидов: Биринчидан, ҳукумат ҳам¸ давлат ҳам олимларга эътибор бермайди. Ўзи қандайдир нима қилиб яшайверади.

Иккинчидан, иш ҳақининг баланси бўлмаганлиги. Ҳозир пенсияда ҳам баланс қонуни ишламайди.

Академик 150 минг сўм пенсия олади. Бунинг нима эканлигини биласизлар. Бу ерда 10-15 йил қоровул бўлган милиционер 180 минг сўм олади. Мана нисбатни қаранг.

Филолог олим Бахтиёр Исабеков ҳам олимларга тўланаётган иш ҳақи масаласига тўхталди.

У кишининг айтишича, ўзбекистонлик олим постсовет мамлакатларидаги ҳамкасбларига қараганда энг кам иш ҳақи олади.

Озодлик: Постсовет давлатлари орасида энг паст деяпсиз ва аниқ айтаман деяпсиз. Нимага асосланиб бунақа деяпсиз?

Бахтиëр Исабеков: Чунки мен Чимкентда икки йил ишлаб келдим. Қирғизистондаги ҳолатдан ҳатто Туркманистондаги ҳолатдан ҳам пастлигини биламиз. Мен масалан у ëқда 250 доллар атрофида олардим.

Озодлик: Чимкентда.

Бахтиëр Исабеков: Ҳа. Бу ерда 50 доллар атрофида эди.

Бахтиёр Исабеков бундан 5-6 йил аввалги гапни айтаяпти.

Бугунги, масалан, Қозоғистондаги вазият мана бундай: филология фанлари доктори, профессор Дийхан Хамзабекулининг айтишича, Қозоғистоннинг давлат тасарруфидаги олий ўқув юртларида ишлайдиган фан номзодлари ойига 600-700 доллар, фан докторлари 700-800 доллардан маош олади. Маошлар ҳар йили пулнинг қадрсизланиш даражасига қараб, 25% гача оширилади.

Хусусий университетларда ишлайдиган профессорларнинг ойлиги эса 1500 билан 2000 долларнинг орасида.

Бу маълумотлардан кейин Тошкентда очилган ярмаркада қатнашаётган ўзбек профессори билан академиги саволимизга нима учун жавоб беришни истамаганини тушунгандай бўлдик.

Бу маълумотлардан кейин ўзбек олимларининг кашфиётлари тўғрисидаги хабарлар ҳам эриш туюла бошлади.

Масалан, СА-News сайтининг хабар қилишича, ўзбек олимлари россиялик ҳамкасблари билан ҳамкорликда кунгабоқарнинг янги навини яратибди.

Янги нав гигант эмиш.

Гигант кунгабоқар экиладиган майдоннинг ҳар гектаридан 40 кубметр ўтин олиш мумкин эмиш.

Бу кунгабоқар деганларини пистаси учун экишарди шекилли?!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG