Линклар

"Гигиенага риоя қилинг"

  • Фаррух Юсуфий

Мутахассисларнинг қайд этишларича, янги вируснинг "чўчқа вируси" деб аталиши сабаби унда чўчқа гриппи компонентлари борлигидадир.

Мутахассисларнинг қайд этишларича, янги вируснинг "чўчқа вируси" деб аталиши сабаби унда чўчқа гриппи компонентлари борлигидадир.

Чўчқа гриппи ўзи нима? У одамларга қандай юқди? Касалликнинг олдини олиш учун нима қилиш керак? Озодликнинг бу саволларига Британиядаги Абердин университети профессори Хью Пеннингтон жавоб берди.

Биринчи марта ўтган ҳафта Мексика ва Қўшма Штатларда аниқланган чўчқа гриппи касаллиги Европа ва Осиёгача етиб борди. Дастлабки кунларда H1N1 вирусидан нобуд бўлганлар Мексикада кузатилган бўлса, чоршанба куни АҚШда ҳам вирусдан бир бола вафот этгани маълум бўлди.

"Чўчқа гриппи ўзи нима, у одамларга қандай қилиб юқдию, касалликнинг олдини олиш учун нима қилиш керак?" деган саволлар билан Озодлик радиоси Британиядаги Абердин университети профессори Хью Пеннингтонга мурожаат қилди.

Хью Пеннингтон: Бу янги вируснинг чўчқа вируси, деб аталиши сабаби унда чўчқа гриппи компонентлари борлигидадир. Ундаги компонентларнинг бири Америка чўчқа гриппи вируси, яна бири Европа чўчқа гриппи вирусидир.

Лекин бу вирусда, шунингдек, Осиё чўчқа гриппи ҳамда одам ва парранда грипплари вируслари ҳам бор. Яъни бу чўчқа, парранда ва одамда учрайдиган грипп вирусларнинг ўзига хос қоришмасидир.

Озодлик: Бу сафар бу вируснинг қўзғашига нима сабаб бўлди?

Хью Пеннингтон: У қаердан келганини ҳозирча билмаймиз. Бу ерда гриппга чалинган чўчқага одам ва парранда грипплари ҳам юққан бўлишини тахмин қилиш мумкин.

Бу тахминда асос бор. Чунки чўчқаларнинг организмида бундай вирусларни қориштириб, янги вирусларни келтириб чиқариш учун мос омиллар борлиги маълум. Ўтмишда бунинг гувоҳи бўлганмиз.

Нафақат чўчқалар, балки паррандалар ва одамлар организмида ҳам бундай жараёнлар рўй бериши мумкин.

Озодлик: Яъни бу ерда, вирус касал чўчқадан одамларга ўтган демоқчисиз, лекин ҳозир вирус одамдан одамга юқмоқда-ку?

Хью Пеннингтон: Ҳа, бу вируснинг янги хусусияти ҳам шунда. Чўчқадан одамга грипп юқиши ҳоллари эскитдан маълум. Бунга оид биринчи ҳолат 1930-йилларда қайд этилган. Камдан кам ҳолларда чўчқабоқарлар бу касалликни юқтириб олиши ҳоллари учраган.

Лекин аксарият ҳолларда чўчқалардан юққан вирус бошқа одага юқмаган ва чўчқабоқарлар даволанган.

Бу сафар эса бу вируснинг одам организмига ўрганиб, бошқаларга юқиш қобилиятини ишлаб чиққанини кўриб турибмиз.

Озодлик: Чўчқа гриппини юқтириб олган одамда қанақа симптомлар бўлади?

Хью Пеннингтон: Ҳозиргача ўтказилган текширувлар шуни кўрсатдики, касалланганларнинг аксарияти Мексикага борган ва у ерда вирусни юқтириб олиб, уйларига, масалан, Қўшма Штатлар, Шотландия ёки Испания каби мамлакатларга қайтганларида касал бўлган.

Бу ҳолатларнинг аксарияти енгил кечмоқда. Бир-икки киши касалхонага ётқизилган, холос. Уларнинг аксарияти ўзларини бироз бетоб ҳис қилган, тана ҳарорати кўтарилган ёки йўтали бўлган.

Бир-иккитасида овқатдан заҳарланиш аломатлари, яъни ичкетар ёки кўнгил айниши каби симптомлар кузатилди. Бу симптомлар одатда грипп билан оғриганларда учрайди.

Шунинг учун бу аломатлар кузатилган бемор чўчқа гриппи билан касалланганми ёхуд гриппнинг бошқа вирусини юқтириб олганми - айтиш қийин.

Озодлик: Чўчқа гриппининг аломатлари гриппнинг бошқа турларида бўладиган симптомларга ўхшаса, айтайлик, шу кунларда тумов бўлиб қолган киши чўчқа гриппини юқтириб олдими, йўқми - қаердан билса бўлади?

Хью Пеннингтон: Бу вирус асосан Мексикада кенг тарқалган, шунинг учун бу вирусдан биринчи навбатда мексикаликлар ёки у ерга яқинда бориб келганлар ташвишланиши лозим.

Бундан ташқари, Мексикага бориб келганлар билан яқин контактда бўлганларга ҳам бу ҳақда ўйлаб кўришни тавсия қилган бўлардим.

Озодлик: Бу вирусни гриппга қарши дорилар билан даволаса бўладими?

Хью Пеннингтон: Ҳа, бу вирус Тамифлу, яъни озельтамивирга сезувчанлиги аниқланди. Ҳозирча бу дори қандай кор қилаётганини аниқ айтиш қийин. У вирус организмда тарқалишининг олдини олади.

Баъзи беморлар озельтамивир билан даволанди, лекин уларда касаллик енгил кечаётганди ва айнан шу дори кор қилганини аниқ айта олмаймиз.

Лекин озелтамивир касаллик симптомларини, дарҳол бўлмаса-да, вақт ўтиши билан камайтиради ва бемор тезроқ даволанади. Шуни ҳам айтиш керакки, беморларнинг аксарияти дорисиз ҳам яхши бўлиб кетади.

Озодлик: Янги вирусга қарши вакцина ҳозирча ишлаб чиқилгани йўқ, дейилмоқда. Хўш¸ касалликнинг олдини олиш учун нима қилиш керак?

Хью Пеннингтон: Ҳозирча оддий гигиена қоидалари касалликнинг олдини олишга ёрдам беради.

Масалан, аксирганингиздан кейин қўлни ювинг, аксирганда ишлатиладиган рўмолчаларни тез-тез алмаштириб туринг. Шунга ўхшаш оддий гигиена қоидаларига риоя қилишни, айниқса, қўлни доимо ювиб туришни тавсия қилган бўлардим.

Албатта, бу касалликнинг олдини олмайди, лекин унинг тарқалиши ва юқиши эҳтимолларини камайтиради.

Бундан ташқари, соғлиқни сақлаш мутасаддилари бераётган маслаҳатларга қулоқ солишдан бошқа иложимиз ҳам йўқ.
XS
SM
MD
LG