Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:27

Барак Обама 100 кун ичида нималар қилди?


АҚШ раҳбари Барак Обама президентликка сайланганидан буён ўтган 100 кун мобайнида анчагина ишларни амалга оширди. Унинг ўтган давр ичида амалга оширган ишларини олқишловчилар ҳам, танқид қилувчилар ҳам бор.
АҚШ раҳбари Барак Обама президентликка сайланганидан буён ўтган 100 кун мобайнида анчагина ишларни амалга оширди. Унинг ўтган давр ичида амалга оширган ишларини олқишловчилар ҳам, танқид қилувчилар ҳам бор.
Сайловолди дастурида ўзгаришлар ваъдаси билан дунёни ўзига жалб этган Барак Обаманинг АҚШ президенти лавозимига киришганига 100 кун тўлди. Мана шу давр ичида Обама ваъдаларини бажариш йўлида нималарни қойиллатди, нималарни бой берди? Америкада яшаётган ўзбек муҳожирларининг бу ҳақдаги фикрларига қулоқ тутамиз.

АҚШда яшаётган ўзбекларнинг кўпчилиги президентлик сайловлар пайти Барак Обама номзодини қўллаб-қувватлашган эди. Пенсилвания штатида яшовчи Баҳодир ака Обама учун овоз берган юзлаб ўзбекистонликнинг бири. Баҳодир ака Обама президентлик вазифасини қабул қилиб олганидан 100 кун ўтиб, сайлов олди кампанияси пайти берган ваъдаларини бажариш йўлида анча ишлар қилгани кузатилганини айтади.

- Американинг ташқи дунëдаги чеҳраси жуда ҳам тушиб кетган эди. Европада ҳам¸ мусулмон бўлмаган давлатларда ҳам Бушга¸ Буш орқали эса Америкага қарши салбий қараш бор эди. Менимча¸ Обама мана шу чеҳрани тузатишни муваффақиятли бажарди.

Президентлик вазифасига киришгандан кейин қилган муваффақиятли сафарлари¸ хусусан, модерн Туркия давлатига сафар қилиши мусулмонлар орасида Америка имижини озгина тиклашга олиб келди¸ дейди Баҳодир ака.

АҚШда ўтказилган сўнгги сўров натижасига кўра, америкаликларнинг 48 фоизи мамлакат тўғри йўналишда ҳаракат қилаяпти, деб ҳисоблашларини билдирган.

Мамлакат оғир кунларни бошидан кечираётганига қарамай, кўпгина америкаликлар президент Обамага ишонч ва умид билан қарашаяпти. АҚШнинг Питсбург шаҳрида яшовчи ўзбекистонлик Равшан ака ҳам Обама ваъда қилган ўзгаришлар рўёбга чиқади, деган ишончда.

- Ҳозир кўп ишлар бошланди. Обама келган пайтда иқтисод жуда пастга тушиб кетган эди. Ҳозир Американинг бозори сал кўтарилди. Америка иқтисоди тикланаяпти, дейишаяпти. Бу энди қанчалик рост ëки ëлғон буни вақт кўрсатади.

Обаманинг иккинчи қилган иши - Буш даврида бўлган Гуантанамо қамоқхонасини ëпди. Ҳамма давлатларда қамоқхоналарда қийнашади. Қийноқни Буш маъмурияти ҳам ўзига қурол қилиб олган эди.

Обама қамоқда одамларни қийнамаслик ва уларга одамдай муносабатда бўлиш тўғрисида қонун қабул қилди.

Олдин талабаларга қарз олиш қийин эди. Ҳозир эса талабалар бемалол қарз олиб ўқишаяпти. Кўп нарсани енгиллаштираяпти. 100 кун ичида¸ жуда қисқа муддат ичида жуда кўп ишлар қилди¸ дейди Равшан ака.

Америкаликларнинг президент Обамага хайрихоҳлиги ва сабр-тоқати узоққа бормаслиги ҳам мумкин. Агар иқтисодий аҳвол яхшиланмаса, одамлар орасида норозилик кучайиши ва Обама кейинги муддатга сайланмаслиги тайин. Обама сиёсатига норозилар орасида Виржиния штатида яшовчи ўзбекистонлик Отабек ҳам бор.

- Пул бюджетдан ошиб кетаяпти. Кейин компаниялар¸ банкларга 800 миллиард доллар пул бераяпти. Бундан ҳеч қанақа фойда бўлгани йўқ. Банкларда ҳалигача ҳеч қанақа ўзгариш йўқ.

Обама популист президент-да. Ҳозир 60 фоиз аҳоли унинг федерал бюджет дефицитини ошириб юборганлиги учун ëқтирмаяпти. Менга ҳам шу ëқмайди¸ дейди Отабек.

Иқтисодий дастурлардан ташқари Барак Обама сиёсий ва ташқи сиёсат соҳаларида ҳам талай ўзгаришларга қўл урди. Оқ уйга келганининг эртаси куни Обама Кубадаги Гуантанамо қамоқхонасини бир йил давомида ёпиш ҳақида буйруқ чиқарди, қийноқлар бошқа қўлланилмаслигини эълон қилди.

Яқинда эса террорчиликда гумон этиб ушланган маҳбуслардан маълумот олиш учун уларга нисбатан қандай қийноқлар қўлланилганини ошкор қилувчи ҳужжатлар Оқ уй тарафидан Америка халқига тақдим этилди.

Пенсилванияда яшовчи Баҳодир ака Обаманинг ушбу ташаббуси Америкада яшовчи ўзбеклар тарафидан ҳам олқишланганини айтади.

- Ўзбекларни¸ бутун мусулмон халқларни хурсанд қилган нарсаси Гуантанамодаги мусулмонларга ажратилган уятли обида бўлган қамоқхонанинг бекитилиши бўлди. Бу Америка учун¸ демократик давлат учун айб эди. У ишга келган куниëқ бу қамоқхонани ëпиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу жуда яхши нарса бўлди¸ дейди Баҳодир ака.

Шунингдек, Обама маъмурияти 2010 йил август ойига қадар АҚШ қўшинлари Ироқдан олиб чиқилишини билдирди. Вашингтон ашаддий танқидчиси, Венесуэла президенти Чавес билан алоқага киришди. Ўзбекистонлик Равшан ака:

- Буш маъмурияти олти йилча Чавес билан ит-мушук бўлиб юрди. Дипломатик алоқаларни бузиб ташлаган эди. Обама 100 куннинг ичида Чавес билан оғайни бўлиб¸ алоқаларни тиклаяпти. Ҳозир Обаманинг қилаëтган ишига ҳеч ким яхши ëки ëмон, деб баҳо бера олмайди. Буни вақт кўрсатади. Энди у ҳам битта ўзи ўйламайди-ку. Унинг командаси бор¸ дейди Равшан ака.

Аммо виржиниялик Отабек Обама маъмуриятининг аввалги душманлар билан яқинлашиш сиёсати мамлакатни яна ҳам хавф остига қўйиши мумкин, деган фикрда.

- Европага бориб, ҳаммадан кечирим сўраб, Американинг обрўсини пасайтирди. Нима кераги бор бунинг? Венесуэла президенти билан қўл бериб кўришиб¸ Куба президенти билан эмбаргони йўқотмоқчи. Россияга уступкага кетаяпти¸ Эрон билан-ку мулоқот уюштирмоқчи. Бунинг ҳеч қанақа фойдаси йўқ¸ дейди Отабек.

Халқаро Амнистия ташкилотига кўра, Обама аввалги маъмурият хатоларини тузатиш йўлида қилиши керак бўлган ишлар ҳали анча. Ташкилот вакили Камила Жэлбэрт гапиради.

- Биз Обаманинг Гуантанамо қамоқхонасини келаси бир йил ичида ёпиш қарорини олқишлаймиз. Лекин аввалги маъмурият даврида инсон ҳуқуқлари топталишига йўл қўйганларни жавобгарликка тортиш йўлида лозим бўлган чоралар кўрилмади.

Биз Обамадан аввалги маъмурият даврида инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари борасида тергов ўтказишни ва террорчиликка қарши кураш баҳонасида йўл қўйилган жиноятлар фош этилиб жавобгарларни жазога тортишни талаб этамиз, деди Халқаро Амнистия вакили Камила Жэлбэрт.

Гарчи Барак Обама Гуантанамо қамоқхонасини ёпишга буйруқ берган эса-да, ҳали ҳам ушбу қамоқхона маҳбусларга тўла. Улар орасида тўрт ўзбекистонлик ҳам бор. Улар тақдири хусусида кейинги мақолаларимизда ҳикоя қиламиз.
XS
SM
MD
LG