Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:51

Ўзбекистон Чек қишлоғи чеккасига пост ўрнатди


30 апрел куни ўзбек чегарачилари темир тўсиқ ўрнатиш учун Қирғизистоннинг Новкен туманидаги Соқолди қишлоқ ҳукуматига қарашли Чек қишлоғига олиб борадиган йўлларни қазий бошладилар.

Кеча тунги соат 11-12 лар чамаси ўзбекистонликлар чегара вагонларини судраб келиб, уларни қишлоққа кираверишда ўрнатганлар.

Қайд этиш лозимки, Чек қишлоғи Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасида ҳали делимитация ва демаркация қилинмаган чегара участкаси бўлиб ҳисобланади.

29 апрел куни кечга яқин Ўзбекистоннинг Пахтаобод туман ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов чекликлар билан учрашиб, пост ўрнатилиши ҳақида ўзбек расмийлари қарорини билдирган.

Соқолди қишлоқ ҳукумати бошлиғи Абдрахман Ўсмўнов қишлоқ тақдири ҳал бўлгунича бу ерга чегара маскани ўрнатмай туриш таклифини киритган. Аммо Пахтаобод туман ҳокими унинг таклифини инобатга олмаган.

Чек қишлоғида қирғизистонликлардан иборат 27 оила ва ўзбекистонликлардан иборат 41 оила истиқомат қилади. Чекда ўзбек расмийлари ҳукм юрита бошлаганидан хафа бўлган айрим қирғизистонликлар қишлоқдан кўчиб кетмоқдалар. Улардан бири Манап Бўжўевдир.

- Улар (ўзбек расмийлари) қишлоқ чеккасига постлар қўйишларини, қишлоқ аҳли эса фақат рухсатнома билан Чекка киришини айтдилар. Ўзбекистоннинг бу қароридан қишлоқликлар жуда аччиқландилар ва қирғиз расмийларининг лоқайдлигидан хафа бўлдилар, деди Манап Бўжўев.

Эслатиб ўтамиз, 19 апрел куни Новкен туманидаги Соқолди қишлоқ ҳукуматига қарашли Чек қишлоғида Ўзбекистоннинг Пахтаобод туман расмийлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари пайдо бўлган.

- Эрта билан Ўзбекистон аскарлари, МХХ ходимлари келди. Постдан ўтди. 30 тача аскар, бундан ташқари, фуқаро кийимидаги одамлар постдан ўтиб, бизнинг маҳалланинг уйларини бир чеккадан текшириб чиқди, деди Чек қишлоғида яшовчи Алёрбек Мусаев.

Ўзбек расмийлари кўра эса мазкур текширув қонунга мувофиқ амалга оширилган.

- Бу тадбир ноқонуний товарларнинг чиқиб кетишини, кириб келишини олдини олиш бўйича ўтказилди. Юкларни назорат қилиш бўйича, деганди Андижон вилоят Пахтаобод туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Мирзаолим Аҳмаджонов бир неча кун аввал мазкур текширувлар ҳақида Озодликка изоҳ бераркан.

Ўзбек расмийларининг қирғизистонликлар уйига бемалол кириб, кўнгиллари тусагандек текширув ўтказишлари чекликларни дарғазаб қилганди.
XS
SM
MD
LG