Линклар

30 апрель куни қуролли шахс Боку шаҳридаги Озарбайжон давлат нефт академиясида камида 13 кишини отиб ўлдирди. Шунингдек, ҳужум оқибатида яна 13 одам, айрим манбаларга кўра эса 17 одам яраланди.

Бокудаги Озарбайжон давлат нефт академияси талабаси Ровшен Аллаҳвердиев Озодлик радиосига ўзи гувоҳ бўлган воқеалар ҳақида айтиб берди:

- У бир ўзи эди. У тўппончадан ҳаммага талабалар ва ўқитувчиларга ўқ уза бошлади. Мен ўртоғимни қандай отганини кўрдим. Биринчи қаватда чиқиш йўли фақат битта эди.

Иккинчи қават сакраш учун жуда баланд. Шу боис ҳамма ҳар томон қоча бошлади. Дўстим уни қуролсизлантиришга ҳаракат қилиб, у томонга юрганда қуролли шахс унга ўқ узди, биз қочиб кетдик, дейди фожеа гувоҳларидан бири Ровшен Аллоҳвердиев.

Ҳужумни Грузиянинг Марнеули туманидаги Даштапа қишлоғида яшовчи, Грузия фуқароси бўлган, миллати озарбайжон 29 яшар Фарда Гадиров амалга оширган. Даштапа қишлоғи аҳолиси Бокудаги қирғинни Гадиров амалга оширганини эшитиб ҳайратга тушди.

Марнеули яқинида жойлашган Кулари ҳокими Видади Ҳасанов қирғин содир этган Фарда Гадиров ҳақида ижобий фикрда экан:

- Мен, биз унга ижобий томондан баҳо берган бўлардик. Чунки биз ундан буни ҳеч қачон кутмаган эдик. Чунки у бундай йигит эмасди. У нормал тарбия олган.

Қишлоқликлар орасида ҳурматга эга бўлган. Каттаю кичик билан яхши муносабатда бўлган. Унинг бундай иш қилгани биз учун ажабланарли, дейди Кулари ҳокими Видади Ҳасанов.



Озарбайжон давлат нефт академиясининг камида 13 нафар талабаси қуролли шахс томонидан отиб ўлдиргани ва 13 киши яраланганидан кейин академия биноси милиция ходимлари томонидан ёпиб қўйилди. Воқеа жойида текширув ишлари олиб бормоқда.

Озодлик радиосининг Озарбайжон шўъбаси мухбири Маариф Акбарли ҳужум пайтида яраланганлар тез ёрдам машиналарида зудлик билан касалхонага олиб кетилганини айтди.

Ҳужум уюштирган шахс ўз жонига қасд қилгани ҳақида бир-бирига қарама қарши маълумотлар олинмоқда.

Озарбайжон давлат телевидениеси Гадиров “Макаров” тўппончаси билан қуроллангани ва унда кўп миқдорда ўқ бўлганини хабар қилди. Маълумотларга кўра, у академия биносига кириб олтинчи қаватга кўтарилгунча кўзига кўринган ҳар бир одамни отиб борган.

Озарбайжон давлат нефт академиясида ўлдирилган талабалардан камида икки нафари чет эл фуқароси экани айтилмоқда. Расмийлар яраланганлардан уч нафари Судан фуқароси эканини айтди.

Озарбайжон Бош прокурори Зокир Гаранов ва Ички ишлар вазири Рамил Усубов воқеа жойида олиб борилаётган текширув ишларини мувофиқлаштирмоқда.

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ҳужум оқибатида ўлган одамлар яқинларига таъзия изҳор қилиб, уларга давлат томонидан имкон борича ёрдам берилишини ваъда қилди. Алиев бу воқеага “жиноий акт”дан бошқа нарса сифатида қаралмаслик кераклигини айтди.

Озарбайжон давлат нефт академияси мамлакат иқтисодиётининг асосини ташкил этган нефт саноати учун мутахассислар тайёрлайди. Маълумотларга кўра, нефт академиясида беш минг 200 талаба, жумладан, 10 та хориж давлатидан келган 43 нафар студент ўқийди.

Дунё давлатларида мактаб ва университетларда ўқувчи ва ўқитувчиларга қуролли ҳужумлар уюштирилган. Аммо Озарбайжонда бундай воқеа илк бор кузатилмоқда.
XS
SM
MD
LG