Линклар

Тожикистонда таблиғчиларга таъқиб кучайди

  • Гулнора Равшан

“Дин ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг сўнгги таҳририга мувофиқ, Тожикистонда давлат қайдидан ўтмаган ҳар қандай ташкилот учун диний тарғибот билан машғул бўлиш таъқиқланган.

“Дин ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг сўнгги таҳририга мувофиқ, Тожикистонда давлат қайдидан ўтмаган ҳар қандай ташкилот учун диний тарғибот билан машғул бўлиш таъқиқланган.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги масъуллари “Таблиғ жамоати” “Ҳизбут-Таҳрир” партияси каби хавфли саналгани сабабли мамлакатда бу диний оқимга қарши чора-тадбирлар кучайтирилишини билдирмоқдалар.

Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг матбуот хизмати бошлиғи Маҳмадулло Асадуллоевнинг айтишича, “Таблиғ жамоати” 2006 йил Тожикистон Олий суди қарори билан бу мамлакат ҳудудида таъқиқлаб қўйилган, шунга қарамай, кейинги пайтларда бу оқим фаоллашаётгани кузатилаяпти.

Вазирлик масъулига кўра, биргина апрел ойида республика ҳудудида бу гуруҳга аъзоликда гумонланаётган 100 дан ортиқ киши қўлга олинган.

- Биздаги маълумотларга кўра, “Таблиғ жамоати”нинг келиб чиқиши Покистон ва Ҳиндистондан бўлиб, улар ўша мамлакатларда содир этилган қатор террористик амалиётларда бевосита қатнашган.

Бу диний оқимнинг қўлга олинган аъзолари гапига қараганда, уларнинг асосий мақсади Ислом давлати тузишдан иборат. Улар фаолиятида экстремистик ҳаракатлар кузатилади, деди Маҳмадулло Асадуллоев.

Расмийнинг билдиришича, 2006 йил фаолияти таъқиқланган “Таблиғ жамоати” фаолиятини ҳар томонлама ўрганишга доир тадбир Тожикистонда ҳозир ҳам давом этмоқда.

Шу йил 16 апрелида Душанбе шаҳрининг Гулистон маҳалласидаги Умари Форуқ масжидида бу диний оқимга алоқадорликда гумонланиб, 100 дан ортиқ ва 28 апрел куни эса Хатлон вилоятида яна уч киши қўлга олинганди.

- Душанбе шаҳрида қўлга олинганларнинг кўпчилиги терговчилар саволларга жавоб беришганидан кейин қўйиб юборилди. Аммо уларнинг тўрт нафаридан диний даъват мазмунидаги варақалар ва адабиётлар мусодара этилгани сабабли ҳам биз бу оқимга қарши чора-тадбирларни кучайтиришга қарор қилдик, деди Ички ишлар вазирлиги масъули Маҳмадулло Асадуллоев.

Хатлон вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шодибек Ражабовнинг билдиришича, шу кунларда вилоят бўйлаб таблиғчилар фаолиятига қарши кенг кўламда иш олиб борилмоқда.

- Биз миллий хавфсизлик ходимлари билан биргаликда бу диний оқим фаолиятини ўрганмоқдамиз. Бизнингча, бу оқим салафийлар сингари мамлакат миллий хавфсизлиги учун хатарли, дея таъкидлайди милиция полковниги Ражабов.

Тожикистон Ислом уйғониш партиясининг Хатлон вилоятидаги бўлим бошлиғи Қаландар Садриддинзода эса тожик расмийларининг таблиғчилар мамлакат миллий хавфсизлигига хатар туғдиришига оид иддаоларини асоссиз, деб билади.

- Бу оқимнинг мамлакат хавфсизлигига ва бугунги жамиятга ҳеч қандай зиёни тегмайди. Таблиғчилар умуман сиёсатга аралашмайди, улар фақат исломга даъват ишлари билан банд, холос. Таълимотлари ҳам сунний мазҳабимизга зид эмас.

Бугунги кунда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари амалга ошираётган тадбирлар бу шунчаки ўзини кўрсатиш тадбири, холос. Аксинча бундай тадбирлар жамоатчилик орасида турли гап-сўзларни келтириб чиқаради.

Шу кунларда бу каби тадбирлар баҳонасида кўплаб одамлар қўлга олиниб, улардан расмийю норасмий жарима ундирилаётганига оид хабарлар ҳам йўқ эмас. Бу таблиғчилар фаолиятидан ҳам хатарлироқ, дейди Ислом уйғониш партияси масъули Садриддинзода.

Тожикистонда унчалик танилмаган бу диний оқимга эргашувчиларнинг айтишларича, улар беш йилдан буён мамлакатнинг турли ҳудудларида Ислом динига даъват билан шуғулланиб келадилар. Айни пайтда “Таблиғ жамоати” Тожикистонда давлат рўйхатидан ўтмаган ташкилотдир.

Тожикистонда янги қабул қилинган “Дин ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун давлат қайдидан ўтмаган ҳар қандай ташкилот учун диний тарғибот билан шуғулланишни таъқиқлайди.

Маҳаллий кузатувчилар кўра, Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари “Таблиғ жамоати”га қарши тадбирни янги қонунга асосланиб олиб бораётган бўлишлари мумкин.
XS
SM
MD
LG