Линклар

logo-print

КазТАГ ахборот агентлигининг 30 апрел кунги хабарига кўра, ҳозирда Нукус ҳибсхонасида сақланаётган 27 қозоғистонликни Ўзбекистондан қувур ўғирлаш учун ёллаган икки киши Ақтўбе вилоятида қўлга олинган.

2 ойдан буён Қорақалпоғистон пойтахти Нукус шаҳридаги СИ-9 тергов изоляторида ҳибсда ушлаб турилган 27 қозоғистонликка оид бу янгилик тафсилотларини билиш учун Озодлик радиоси тожик хизматининг Олмаотадаги мухбири Насибжон Омонийга боғландик.

Насибжон Омоний: Мен Актўбе вилоят ички ишлар бошқармасининг матбуот ходими билан суҳбатлашдим. Унинг айтишича¸ икки киши қўлга олинган бўлиб, булар заказчиклардир. Яъни фармойиш берадиган кишилар экан.

Озодлик: Демак, Нукусда ушлаб турилган 27 кишини ишга ëллаган икки киши қўлга олинди.

Насибжон Омоний: Ҳа¸ шундай.

Озодлик: Демак, ўша 27 кишининг машинасида қандайдир юк бўлган экан-да.

- Энди ҳозир юк тўғрисида бирор нарса айтилмаяпти. Ташқи ишлар вазирлигининг вакили Эржан Ашиқбаевнинг айтишича¸ билибми¸ билмайми - ҳозирча асосий айб уларнинг чегарани ғайриқонуний кесиб ўтиши-да. Уларнинг чегарани ғайриқонуний кесиб ўтганлари бу факт. Шу айб билан уларга жиноий иш қўзғалган.

Уларнинг юклари бўлганми ëки йўқми - нима билан шуғулланганлиги тўғрисида ҳозир текшириш бораяпти. Бу нарсалар кейин маълум бўлади¸ деди Насибжон Омоний.

Эслатиб ўтамиз, 27 қозоғистонлик ҳайдовчи 28 февраль куни Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасида ўзбек чегарачилари томонидан қўлга олинган эди.

Ўшандан буён улар Нукус шаҳридаги СИ-9 тергов изоляторида ҳибсда ушлаб турилибди. Уларга тегишли машина ва бошқа техника воситалари ҳам ўзбекистонлик маъмурлар қўлида.

Яқинларининг айтишларича, қозоғистонлик ҳайдовчилар Ўзбекистон ҳудудига қорбўрон бўлгани сабабли адашиб ўтиб қолган.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари воқеа юзасидан шу пайтгача бирон-бир шарҳ берган эмас.
XS
SM
MD
LG