Линклар

logo-print

Гуантанамо ўзбеклари Ирландияга кетиши мумкин

  • Ҳурмат Бобожон

Гуантанамода сақланаётган ўзбекларни қабул қила оладиган давлат топилса, улар озодликка чиқарилиши мумкин.

Гуантанамода сақланаётган ўзбекларни қабул қила оладиган давлат топилса, улар озодликка чиқарилиши мумкин.

АҚШ Адлия вазири Эрик Холдер Берлинга сафари чоғида европалик ҳамкорларидан Гуантанамо қамоқхонаси маҳбусларини ўз паноҳига олишни сўради. Бу маҳбуслар ичида ўзбеклар ҳам бор.

Жаноб Холдер расмий Вашингтон яқин ҳафталар ичида Европанинг айрим давлатларига бу борада расмий сўровномани ҳам жўнатишини билдирди, аммо бундай сўровнома қайси давлатларга юборилиши ҳақида вазир аниқ айтмади.

АҚШ президенти Барак Обама вазифасига киришганининг илк кунлариёқ Кубадаги Гуантанамо қамоқхонасини бир йил давомида ёпиш ҳақида буйруқ чиқарган эди.

Террорчиликда гумонланиб қўлга олинган икки юз элликка яқин маҳбус етти йилдан буён судловсиз Гуантанамо қамоқхонасида ушлаб турилибди. Улар орасида тўрт нафар ўзбек ҳам бор.

Американинг Гуантанамодаги базасида ҳибсда сақланаётган шу тўрт нафар Ўзбекистон фуқаросини қабул қила оладиган давлат топилса, улар озодликка чиқарилиши мумкин.

Биз Гуантанамонинг ўзбек тутқунлари тақдири ҳақида маълумот олиш учун улар ҳимояси билан шуғулланаётган америкалик адвокат Майкл Мон билан суҳбатлашдик.

Озодлик: Гуантанамодаги ўзбек маҳбусларининг тақдири ҳақида ҳозирча нималар маълум?

Майкл Мон: Гуантанамода қолаётган тўрт ўзбекдан бири - Ойбек Жамолиддинович Жабборов иши бўйича шуғулланаяпман. Ойбек ва унинг уч нафар юртдошига нисбатан терроризмдаги барча айбномалар Буш маъмурияти даврида, 2007 йилда олиб ташланган ва тергов тўхтатилган.

Улар озод этилиб, Ғарбий Европа давлатларидан бирига юборилишлари керак эди, чунки уларнинг Ўзбекистонга қайтишлари ўлим билан баравар бўлиб, у ерда қайта қамоққа олинишлари ва қийноққа солинишлари хавфи бор.

Лекин бу ўзбекларни ҳануз Европанинг бирорта давлати қабул қилмаяпти. Улар ҳали ҳам Гуантанамода сақланмоқда.

Озодлик: Январ ойида АҚШ президенти Барак Обама томонидан чиқарилган бир йил давомида Гуантанамодаги турманинг ёпилиши ҳақидаги фармонидан кейин Европа мамлакатлари, хусусан, Ирландия ҳукумати Гуантанамонинг бир қанча собиқ маҳкумларини қабул қилиб олишга тайёр эканлигини билдирган эди.

Ўзбек маҳбуслари ҳам Ирландиядан бошпана олишлари мумкинлиги билдирилган эди. Бу йўналишда силжишлар борми?

Майкл Мон: Мен бу билан бир йилдан бери шуғулланаяпман ва ҳимоям остидаги ўзбек маҳбусига Ирландиядан бошпана олиш учун Дублинга икки марта сафар қилдим. Сабаби Ирландия ҳукумати биринчилардан бўлиб, Обама маъмурияти Гуантанамони ёпадиган бўлса, у ердаги маҳбусларнинг катта қисмини қабул қилиб олиш истагини билдирган.

Ирландия қанча маҳбусни қабул қилиб олади - билмайман, лекин мен Дублин ҳукуматидан ҳимоям остидаги Ойбекни ва унинг уч нафар юртдошини ҳам қабул қилиб олинишига эришмоқчиман.

Менимча¸ Ойбек учун Ирландия жуда мос келади. У Гуантанамода инглизчани яхши ўрганди ва қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлаш ниятида.

Энг муҳими, ҳозирча Ирландия ҳукумати бу ўзбек маҳбусини қабул қилиб олмаймиз, дегани йўқ.

Озодлик: Нима учун Гуантанамо маҳбусларига Европадан бошпана бериш жараёни шунча вақтдан бери чўзиб келинаяпти? Нима сабабдан кўпчилик Европа давлатлари уларни қабул қилиб олишга рўйхушлик бермаяпти?

Майкл Мон: Бошқа маҳбусларни билмадиму, лекин ўзбек ва уйғур маҳбусларига нисбатан Европа давлатларида эътироз йўқ, деб ўйлайман. Уларнинг на Ал-Қоида ва на Ўзбекистон исломий ҳаракати билан алоқаси бўлган.

Улар Гуантанамонинг тасодифий тутқунлари бўлиб, уларнинг қамоққа олинишлари бошданоқ хато бўлган. Ҳимоям остидаги Ойбек 2001 йил охирларида ҳомиладор аёли ва фарзанди билан Афғонистон шимолида ўзбекистонлик бошқа қочқинлар орасида яшаган.

Ўша йили Афғонистонда Шимолий альянс кучлари Толибонга қарши ҳарбий амалиётлар бошлаганида¸ у қўлга олинган. Яъни Шимолий альянс кучлари йўл четида турган Ойбек Жабборовни машинага миндириб, "Мазори Шарифга элтиб қўямиз" деб, уни "Бағром" ҳаво базасидаги Америка қўшинлари қўлига топширганлар.

Бағромдан кейин Жабборов Қандаҳорга, кейин эса 2002 йилда Гуантанамо қамоқхонасига олиб ўтилган.

Озодлик: Гуантанамода қўпол муносабатлар ёки қийноқлар ҳақида Ойбек сизга шикоят қилганми?

- Улар Гуантанамода қийноққа солинган, дея олмайман, бу ҳақда шикоят эшитмадим. Лекин улар етти йилдан бери 8х12 камерада, кучли назорат остида сақланмоқда. Ҳар куни икки соатгагина очиқ ҳавога чиқишга рухсат этилади. Ҳар куни уйқулари бузилгани, тинимсиз сўроқларни бошдан кечиргани рост.

Барак Обама президентлик вазифасига киришганига 100 кун тўлди. Президентликнинг илк кунлариёқ у АҚШнинг Кубадаги Гуантанамо қамоқхонасини бир йил давомида ёпиш ҳақида буйруқ чиқарди ва Қўшма Штатлар қийноқни бошқа қўлламаслигини эълон қилди.

Терроризмга алоқадорликда гумон қилинган маҳбусларни гапиртириш учун Президент Буш даврида қандай қийноқлар қўлланилганини ошкор қилувчи ҳужжатларни Америка халқига тақдим этди.

Бундай ижобий қадамлар Гуантанамо тутқуни Ойбек тақдирига ўзгариш киритмади. Гарчи у Буш маъмурияти даврида оқланган бўлса ҳам ҳалигача 8х12 катталикдаги камера ичида қолмоқда.

Обама "Гуантанамони ёпамиз" деяётган бўлса ҳам, ҳимоям остидаги маҳбус ҳали ҳам шу қамоқхона деворлари ичида қолмоқда.

Унинг Гуантанамо қамоқхонасида ўтириши менинг мамлакатим йўл қўйган мудхиш хато ва бу биз учун уят. Бу хато тўхатилиши ва бошдан қамалмаслиги керак бўлган Ойбек озодликка чиқарилиши керак¸ дейди Майкл Мон.

Гуантанамо қамоқхонасидаги ўзбек маҳбусларининг қолган уч нафари Алишер Ҳамидулла, Шоҳруҳ Ҳамидов ва Абдулла Муҳаммадхонлардир. Улар ҳам Ўзбекистонга қайта олмайдилар. Уларни ватанларида қийноқлар остидаги ўлим кутаётганидан хавотирлар бор. Ҳозирча эса дунёдаги бирорта давлат уларга бошпана бериш ҳақида хоҳиш билдирмади.

Бироқ эндиликда, "Халқаро Амнистия" ташкилоти экспертларининг сўзларига кўра, вазият ўзгариши мумкин. "Халқаро Амнистия" вакили Камилла Жэлберт гапиради.

- Президент Обама АҚШда ҳокимият тепасига келиши ортидан вазият ижобий тарафга ўзгара бошлади. Европа давлатлари Гуантанамо маҳбусларини қабул қилиб олишга кўпроқ иштиёқ билдиришмоқда.

Гуантанамо қамоқхонасини ёпишни талаб этиб келган Европа давлатлари - Португалия, Франция, Ирландия ва бошқалари маҳкумларни олишга тайёр эканликларини билдиришди, дейди Камилла Жэлберт.

Ҳозиргача АҚШ ҳукумати Гуантанамонинг 30 маҳбуси Европа давлатлари тарафидан қабул қилиб олинишга лойиқ экани ва улар Европа жамияти учун хавф туғдирмаслигини билдирган.

Сешанба куни АҚШ Адлия вазири Эрик Холдер билан музокаралар сўнггида Европа Иттифоқига раислик қилаётган Чехия давлати ички ишлар вазири Иван Лангер Европанинг айрим давлатлари Гуантанамо маҳбусларини қабул қилиб олишга тайёр эканликларини тасдиқлади. Лекин, Иван Лангернинг таъкидича, Чехия улардан биронтасини қабул қилмайди.
XS
SM
MD
LG