Линклар

"Чўчқа гриппи"дан ўзбекнинг хабари йўқ

  • Фаррух Юсуфий

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Бош котиби Маргарет Чэн чўчқа гриппига оид маълумотлар таҳлили ва мутахассислар билан ўтказилган маслаҳатлашувларга таянган ҳолда, грипп пандемиясига оид огоҳлантирув даражасини 4-поғонадан 5-поғонага кўтаришга қарор қилган

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Бош котиби Маргарет Чэн чўчқа гриппига оид маълумотлар таҳлили ва мутахассислар билан ўтказилган маслаҳатлашувларга таянган ҳолда, грипп пандемиясига оид огоҳлантирув даражасини 4-поғонадан 5-поғонага кўтаришга қарор қилган

Ўзбекистонда "чўчқа гриппи" хавфи ҳақида маҳаллий ОАВда кенг кўламли тушунтириш ишлари олиб борилмаётгани билан ўзбек тиббиётчилари касалликни мамлакатга киритмаслик учун ҳамма нарса тахт эканини иддао қилмоқдалар.

29 апрел куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти чўчқа гриппи вазиятига оид олти поғонали огоҳлантирув даражасини тўртинчидан бешинчи поғонага кўтариб, ҳукуматларни рўй бериши эҳтимоли кундан кунга ошаётган пандемияга шай туришга чақирди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Бош котиби Маргарет Чэнга кўра, чўчқа гриппи пандемияси хавфига оид огоҳлантирув бешинчи поғонага кўтарилгани "H1N1 вируси чегаралардан ўтиб тарқалишда давом этмоқда ва пандемияни тўхтатиш имкониятлари камайиб бормоқда" деганидир.

- Ихтиёримиздаги маълумотлар таҳлили ва мутахассислар билан ўтказилган маслаҳатлашувларга таяниб, грипп пандемиясига оид огоҳлантирув даражасини 4-поғонадан 5-поғонага кўтаришга қарор қилдим.

Грипп эпидемиялари, айниқса, уларнинг тез суръатларда тарқалиш қобилиятини инобатга олсак, жиддий қабул қилиниши шарт, деди ЖССТ бош котиби.

Бу вазиятда Ўзбекистон расмийлари ҳам H1N1 вируси мамлакатга киришининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар кучайтирилаётганини айтмоқда.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари, республика бош санитар врачи Бахтиёр Ниёзматов ЎзА агентлигига берган суҳбатида “инфекция йўлига тўсиқ қўйилди”, дея таъкидлади.

Унинг айтишича, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида “ҳар қандай инфекциянинг йўлига тўсиқ бўла олувчи, жумладан, турли инфекциялар мамлакат ҳудудига киришининг олдини олишга оид чора-тадбирлар комплекси самаралилиги тажрибада синалган”.

Кўрилаётган чораларга нима кириши ҳақида батафсилроқ билиш учун Бош санитар-шифокор Ниёзматов билан боғланишга ҳаракат қилдик, бироқ у киши кун бўйи “чўчқа гриппи”нинг олдини олиш бўйича фавқулодда комиссия ишида банд бўлгани боис бунинг иложи бўлмади.

ЎзАга берган суҳбатида Ниёзматов H1N1 вирусига оид аҳоли орасида тарғибот ишлари йўлга қўйилгани, хусусан, матбуотда ахборот материаллари тарқатилаётганини таъкидлади.

Бироқ ҳозирча Ўзбекистон матбуотида бош санитар врачининг ЎзА агентлигига берган суҳбати ва телевидениеда “Ахборот” дастурида қилган чиқишидан ташқари H1N1 вирусига оид материалларни топиш амри маҳол.

Ўзбекистон телевидениесининг мутасаддиси "тарғибот ишлари ҳозирча режа босқичида" эканини айтиб, гапни қисқа қилди .

- Аллақачон режалар қилиниб белгиланган. Ҳозир шу бўйича ишлаб ўтирибмиз. Режа қилаяпмиз, ака.

Озодлик: Ҳозирча кўрсатувлар берилгани йўғ-а?

- Йўқ¸ "Ахборот"ларда бераяпмиз-ку биз. Бўпти кейин гаплашамиз¸ хўп¸ дея Ўзбекистон телевидениеси мутасаддиси телефон гўшагини тезда жойига илиб қўя қолди.

Вилоят телевидениелари ходимлари билан суҳбатлардан ҳам чўчқа гриппига оид материаллар ҳозирча берилмагани маълум бўлди.

Дунёни ташвишлантираётган H1N1 вирусидан оддий ўзбекистонликларнинг хабари ҳам йўқ.

- Йўқ¸ мен энди сиздан эшитиб турибман.

Озодлик: "Чўчқа гриппи" деган нарсалар йўқми?

- Йўқ¸ ҳали бизга унақа хабарлар етиб келгани йўқ.

Озодлик: Тушунтириш ишлари олиб борилиб¸ телевизорда бу ҳақда бирор хабар берилмаяптими?

- Йўқ. мен буни энди сиздан эшитаяпман¸ деди биз билан суҳбатлашган ўзбекистонлик оддий аëл.

Чўчқа гриппига қарши чоралар жумласидан Ўзбекистон чегараларидаги вазият қаттиқ назоратга олингани аввалги мақолаларимизда хабар қилган эдик.

Тошкент халқаро аэропортининг бош санитари Мирсаид Олимовга кўра, мамлакатнинг "асосий дарвозаси"дан чўчқа гриппини киритмаслик учун барча воситалар ишга солинган.

- Бизларда давлатимизнинг раҳбарлари¸ кейин вазирлигимизнинг раҳбарлари берган тавсияси бўйича ҳозирги пайтда Ўзбекистондаги ҳамма аэропортларда санитария-карантин ва медпунктлар бор. Бу соҳада бизларнинг тажрибаларимиз жуда катта.

Мана, мисол учун, олдинги пайтда "атипик пневмония" деган гаплар бўлди. Кейин "қуш тумови" деган гаплар бўлди. Ўшалар биз ҳақиқатан чет давлатдан самолëтларда пассажирлар орқали келиб қолишининг олдини олиш бўйича ҳамма чора-тадбирларни кўрганимиз туфайли¸ балки Ўзбекистондаги санэпидблагополучиенинг¸ бизларнинг ҳам ҳиссамиз бор.

Ҳозир аэропортлардаги ҳамма санитария-карантин пунктларимиз¸ медпунктларимиз қўшимча докторлар¸ қўшимча дори-дармонлар¸ қўшимча техник база билан таъминланди. Хуллас, ҳаммамиз тахтмиз¸ деди Мирсаид Олимов.

Бунинг учун, аэропорт санитарига кўра, чет элдан келаётган ҳар бир йўловчи тиббий кўрикдан ўтказилмоқда.

Мирсаид Олимов: Учиб келаëтган йўловчиларни алоҳида тиббий кўрикдан ўтказаяпмиз. Назоратдан ўтказаяпмиз.

Озодлик: Энди бу чет элдан келаëтган йўловчиларда-а?

Мирсаид Олимов: Ҳа. Ҳозиргача ҳаммасининг тепасида ўзим турибман. Ҳалигача атипичний пневмониями ëки ўзимизнинг гриппга ўхшаган касал бирор жойдан келмади. Худо хоҳласа, бу инфекция ҳам бизлардан узоқроқда кетса керак.

Озодлик: Айтайлик, йўловчилар келди. Улар қандай қилиб текширилаяпти? Иситмаси текширилаяптими¸ нима қилинаяпти?

Мирсаид Олимов: Термометриядан ўтаяпти.

Озодлик: Ҳар биттасими ëки танлаб олинаяптими?

- Ҳар битта одам термометриядан ўтаяпти. Ҳар битта одам лечебний врачлар тарафидан клиник текшириб кўрилаяпти. Савол-жавоб¸ афт-башараси кўрилаяпти¸ состояниеси кўрилаяпти.

Шу пайтгача температураси 37 га чиққан одам ҳам келмади. Бу касалликлар кўпинча температурани 38 дан ортиқ беради¸ бош оғрийди¸ ҳолсизлик бўлади. Бунақа касал ҳали келмади, дейди Тошкент халқаро аэропорти бош санитари Мирсаид Олимов.

Чўчқа гриппи биринчи марта ўтган ойда Мексикада қайд этилганидан буён бу мамлакатда касалликдан нобуд бўлгани тахмин қилинаётганлар сони 168 кишига етди, улардан камида саккиз нафарини H1N1 вируси ўлдиргани аниқланди. Вирусга чалинган беморлар эса уч мингдан ортди.

АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази – CDC H1N1 вируси мамлакатнинг 11 та штатига тарқаганини тасдиқлади. Техасда касалликдан нобуд бўлган икки яшар бола чўчқа гриппининг америкалик биринчи қурбони бўлди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG