Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:18

Баҳсли ҳудудлар аҳолиси сарсон бўлмоқда


29-30 апрел кунлари Тошкентда Ўзбекистон ва Тожикистон давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш бўйича ҳукуматлараро комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, бу йиғилишда икки давлат чегарасидаги шу пайтгача баҳсли бўлиб келаётган тўртта ҳудуд муҳокама қилинди. Ана шу тўрт ҳудуддаги паспорти ўзбек, лекин яшаш жойи Тожикистон ери ёки аксинча бўлиб қолган одамлар бугунги кунда аросатда эканлигидан шикоят қилмоқдалар.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасига чегара чизиғи тортилганига расман 80 йил бўлди. 1929 йилда Тожикистон автоном республикаси Ўзбекистон ҳудудидан алоҳида совет социалистик республикаси бўлиб ажралиб чиққанидан кейин бу чегаралар белгиланганди.

Ўшанда ҳамма СССРдек бир катта уйда яшаганлиги учун чегара тортилган ҳудудларда истиқомат қилаётган икки қўшни республика аҳолиси мустақиллик йилларигача эмин-эркин яшаб келди.

Давлатлар мустақил ҳам бўлди. Ҳукуматлар ўз чегараларини қайтадан белгилашга киришди.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги берган маълумотга кўра, шу пайтгача Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги 1200 дан ортиқ километр масофадаги чегаранинг 97 фоизи аниқланиб бўлган. Фақат уч фоиз участка ҳозиргача баҳсли бўлиб турибди.

Тожикистон Хавфсизлик кенгаши котиби Амирқул Азимов бошчилигидаги ҳукумат комиссияси ана шу масалаларни ҳал этиш ва чегараларни делимитация ва демаркация қилишни давом эттириш мақсадида Тошкентга келди.

Ўзбекистон Бош вазири биринчи ўринбосари Рустам Азимов билан ўтказилган бу музокаралар 30 апрел куни кечга қадар давом этгани учун унинг натижалари ҳақида ҳозирча маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Икки давлат чегараси ўртасидаги баҳсли ҳудудлардан бири Ўзбекистоннинг Самарқанд вилоятидаги Ургут туманига қўшни бўлган Тожикистоннинг Панжакент туманидаги Турк-Шўрнова қишлоғидир.

Бу қишлоқда 42 хўжаликдан иборат 200 нафардан ортиқ ўзбеклар истиқомат қилади. Қишлоқ Тожикистон ҳудудида, лекин аҳолининг аксарият қисми Ўзбекистон фуқаролари. Маҳаллий ўқитувчи Раҳимберди Бердиев бугунги кунда ана шу фуқаролар аросатда қолганини айтади:

- Энди бу уларнинг ота-боболари яшаб келган жой¸ 200-300 йилдан бери яшаб келган ватан. Ота-боболарининг мозорлари шу ерда. Ҳали, дейлик, улар кўчиб кетишлари учун Ўзбекистонда жой ажратилмаган¸ шароит яратилмаган. Бу ер уларнинг она ватани¸ киндик қони томган жой. Бу ерни ташлаб кетмайди-ку.

Шунинг учун бизнинг ҳукуматимиз ëрдам қўлини чўзиб турибди. Масалан, мактаб қуриб бериш¸ касалхона қуриб бериш шулар жумласидан. Булар томонидан ҳеч қандай тазйиқ ўтказилмаган. Улар бу ерда фақатгина Ўзбекистон фуқароси сифатида яшаб туришибди¸ дейди Раҳимберди Бердиев.

Ўқитувчининг сўзларига кўра, бу одамлар орасида уларнинг қишлоғи Тожикистон ҳудудида қолиб кетаётганидан норозилари ҳам бор:

- Энди битта-иккита норозилар ҳам бор. Буни инкор қилиб бўлмайди. Масалан, улар қизларини Ургут туманига ëки Чек қишлоғига берган¸ қуда-андачилик қилган. Бу ердан кетиб, ўқишга бориб, бошқа жойдан уй олганлари ҳам бор. Лекин аслида уларнинг бу ерда ҳам ҳовлилари бор, дейди Раҳимберди Бердиев.

Лекин бу одамларнинг аксарияти тақдирга тан беришаяпти ва 40 киши ҳозир Тожикистон фуқаролигини қабул қилиш учун ариза берган:

- Шароити яхшиларга ва бошқа жойдан уй олганларга имконият бор. Лекин бу ерда яшаëтганлар: "Бу ота-боболаримиз яшаб келган жой, бу ерда уларнинг мозорлари бор, ҳамма мулкимиз шу ерда, биз бу ерни ташлаб чиқиб кета олмаймиз, Тожикистон фуқаролигини қабул қиламиз", дейишаяпти. Ҳатто 40 та фуқаро ихтиëрий равишда ариза ҳам берган¸ дейди Раҳимберди Бердиев.

Икки давлат чегаралари ўртасидаги баҳсли ҳудудлардан яна бири Бекобод шаҳрининг Тожикистон билан чегарадош Платина деган маҳалласидир. Бу қишлоқнинг ҳам барча аҳолиси Ўзбекистон фуқароси¸ лекин қишлоқ Тожикистон ҳудудида қолган. Бу ҳақда бекободлик Ҳусанбой ака гапиради:

- Кеча охирги учрашувда шу масала ҳал бўлмай қолибди. Бу ердаги қишлоқ ҳал бўлган-ку¸ лекин Платина масаласида - Платина бизга сув берадиган жой-ку - тожиклар кўнмапти. Платина катта сооружение. У ердан катта машиналар ўтаяпти. Бу сооружение ëрилиб кетиши мумкин.

Шунга: "бу ерни ëпиб¸ Ўратепа йўлида пост очайлик" деса¸ тожиклар кўнмапти. Тошкентдан тожикларга жуда яхши таклиф бўлган. Платинанинг дарвоза масаласи ҳал бўлмаяпти.

Ўзбекистон фуқароси ҳозирча ўтиб келиб турипти. Рухсат берилган. Энди болалар у ëқда, тирикчилик бу ëқда - қийинчилик бор¸ дейди Ҳусанбой ака.

Ана шундай, аслида бугун ана шу баҳсли ҳудудларда яшаётган одамлар тақдирини ўтган асрнинг 20-йилларидаги чегаравий бўлинишлар белгилаб қўйган эди.

Тожик олимларидан бири буни "болта билан бўлишиш" деб атаган эди. Зеро, минг йиллардан буён қўни-қўшни бўлиб яшаб келган марказий осиёликлар ўртасига ана ўшанда биринчи бор кўзга кўринмас чизиқ тортилган эди.

Бу чизиқ бугун чуқурлар, хандақлар ва тиканли симлар сифатида янги кўринишлар касб эта бошлади.
XS
SM
MD
LG