Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:30

"Ўзбекистон ҳукумати - фронтдаги ҳукумат"


Социолог олим Камолиддин Раббимов фикрича, Ўзбекистондаги "нурчи ови" расмийларинг ўзига хаёлий душман топиш сиёсати маҳсулидир.
Социолог олим Камолиддин Раббимов фикрича, Ўзбекистондаги "нурчи ови" расмийларинг ўзига хаёлий душман топиш сиёсати маҳсулидир.

Ўзбекистонда "нурчи ови" нима сабабдан бошланди? Бу "ов" қачон тугайди? Озодликнинг бу саволларига мустақил таҳлилчи, социолог олим Камолиддин Раббимов жавоб берди.

Олим билан суҳбатни бошлашдан аввал "нурчи ови" тарихига тўхталиб ўтмоқчимиз.

26 феврал куни Тошкент шаҳар жиноий ишлар суди “Ирмоқ” журнали ва “Етти иқлим” газетаси ходимларидан 5 кишига 8 йилдан 12 йилгача бўлган муддатга қамоқ жазоси тайинлаган эди.

6 апрелда Тошкент шаҳар суди "Етти иқлим" газетаси икки ходимини 8 йил, наманганлик имомни 12 йилга озодликдан маҳрум этган эди.

29 апрел куни эса Бухоро вилоят жиноий ишлар суди маҳаллий физик олим Икром Мерожов 9 йилга, бошқа 8 кишини эса 6 йилданга озодликдан маҳрум қилди.

Эътибор беринг: нурчиликда айбланганларнинг ҳаммаси зиёли – журналист ва олим йигитлар.

Юқорида тилга олганимиз саволларнинг биринчисига Ўзбекистон ҳукумати давлат ТВси ходимлари "Зулматга элтувчи нур" деган кўрсатуви билан аллақачон жавоб бериб бўлган.

Лекин жамоатчилик ўзгача – мустақил фикрларни ҳам эшитишни истайдики, бу истак табиийдир.

Социолог олим Камолиддин Раббимовни ўша истакни қондириш мақсадида суҳбатга тортдик.

Озодлик: Тилга олинган йигитларни "нурчи"ликда айблаб, бир неча йилданга қамаб юборишга қанчалик ишонарли асослар бор?

Камолиддин Раббимов: Биласизми¸ менинг назаримда¸ асос кам. Саид Нурсийнинг давомчиларидан¸ ўша оқимнинг вакилларидан биттаси Фатҳуллоҳ Гулан. У АҚШда яшайди. Лекин энг қизиғи шундаки¸ у ëки бу байрамлар билан Ислом Каримов номига ҳар хил шахслар – давлат раҳбарлари ëки сиëсий намоëндалар хат ëзганида Фатҳуллоҳ Гулан ҳам у ëки бу байрам билан Каримовга хат ëзарди.

Ўзбекистон ОАВларида унинг (Фатҳуллоҳ Гуланнинг демоқчи – таҳр.) табриклари ҳам олдинги йилларда чиққан. Фатҳуллоҳ Гуланни Ўзбекистон ҳукумати шу пайтгача экстремист ëки террорист сифатида тан олмаган. Бу биринчидан.

Иккинчидан, Саид Нурсийнинг позициясини экстремистик деб айтишга менинг тилим бормайди. Нима учун? Чунки у замонавий мусулмон жамияти концепциясини олдинга суради.

Унинг позициясини қисқа ва лўнда қилиб айтганда, мусулмонларнинг манфаатини сақлаш, яъни динийликни сақлаш замонавийликка қарши эмас. У мусулмонлар замонавий бўлган ҳолда¸ фан ва техникада илғор бўлган ҳолдагина мусулмонлар ва Ислом динининг позициясини барқарорлаштириш мумкин, деб айтади.

У консерватив позицияга эга эмас. Мусулмонлар костюм-шим кийсин¸ галстук тақиб юрсин¸ энг охирги технологияларда ўқисин, деган бир ғояларни олдинга сурган.

Озодлик: Балки хавф Нурсийнинг китобларидадир?

Камолиддин Раббимов: Биласизми¸ Саид Нурсий бир қанча китоб ëзган. Ўша китобларнинг бирортаси мусулмон дунëсининг бирорта давлатида ҳали "экстремистик" деб тан олинмаган. Мана, Россияда баъзи бир экспертлар томонидан шундай баҳолар берилаяпти ва бу геосиëсий баҳолар. Чунки экстремизм нимада эканлиги ҳалигача кўрсатиб берилмаяпти.

Озодлик: Фатҳуллоҳ Гулан шу пайтгача табриклар йўллаган ва унинг табрикларининг эълон қилиниши тан олинганининг ифодаси, дедингиз. Шундай экан¸ Нурсийнинг китобларида экстремизм аломатлари кўринмаган экан¸ нима учун бугунга келиб бирдан ҳужум бошланди? Бунинг сабаби нимада?

Камолиддин Раббимов: Ўзбекистон-Туркия муносабатлари ўрнатилганлигига неча йил бўлибдики¸ Ўзбекистонда Нурсий тарафдорларига ëки турк лицейларида ўқиганларга "ов" 17-18 йил ўтгандан кейин бошланаяпти. Агар улар ҳақиқатан ҳам экстремистик бўлганда эди¸ мустақилликнинг биринчи йилларидаëқ¸ Ҳизбут-Таҳрирга ўхшаган ҳолда салбий муносабат шаклланган бўлар эди.

Озодлик: Шунинг учун сўраяпман-да.

Камолиддин Раббимов: Ҳужум бугунга келиб бошланса-да¸ ҳадиксираш¸ қўрқув 90-йилларнинг охирида ҳам бор эди. Мен суҳбатлардан бирини эслайман. Ўша пайтда Каримовнинг диний ва миллий масалалар бўйича маслаҳатчиси Зуҳриддин Ҳусниддинов деган одам бор эди. У ҳозир ишдан олинган.

У йиғилишлардан бирида Саид Нурсий ëки нурчилар фаолиятини дала суғоришга ўхшатган эди. У: “Улар худди пахта ғўзапояларини секин жилғалатиб суғоришга ўхшайди. Ўша ғўзапояларнинг атрофига қарасангиз, ер қуруқ тураверади. Агар унга оëқ қўйсангиз¸ ерга ботиб кетасиз. Яъни тагидан ҳамма ëғини ҳўллатиб суғоради. Нурчиларнинг фаолияти шунга ўхшайди”, деб айтган эди.

Мана шундай позиция Ўзбекистон ҳукуматида бўлган. Бугунга келиб оммавий "ов" бошланганлигининг¸ менимча¸ бир қанча сабаблари бор.

90-йилларда Ўзбекистон-Туркия муносабатлари анча яхши эди. Ўртада маълум муаммолар бўлса-да¸ бу давлатлар бир-бири билан ҳисоблашар эди.

Иккинчидан, ҳозирги пайтда Ўзбекистонда¸ дунëда бўлгани каби¸ жуда ҳам чуқур иқтисодий инқироз бор. Умуман, Ўзбекистон режимининг табиати доимий кураш билан ифодаланади. Ўзбекистон ҳукумати бу курашаëтган ҳукумат¸ Ўзбекистон ҳукумати - фронтдаги ҳукумат. У курашсиз яшай олмайди.

У Ҳизбут-Таҳрир билан курашди ва натижада Ҳизбут-Таҳрир бамисоли енгилди ëки йўқ қилинди. ЎИҲ билан курашди ва унинг тарафдорлари ҳам бутунлай йўқ бўлди. Ўзига душман қиëфасини излаб-излаб¸ менимча¸ Саид Нурсий тарафдорларини топди. Турк лицейларида ўқиган ëки Туркия билан яхши муносабатда бўлган шахсларни бугунга келиб ўзига душман, деб эълон қилди. Бунинг асосий сабаблари сиëсий¸ геосиëсий, деб айтишим мумкин.

Мен, масалан, Ҳизбут-Таҳрирнинг хавфли ғоялари борлигига ишонаман. Бошқа бир ташкилотларнинг чақириқларида Ўзбекистон учун конструктив бўлмаган ақидалар борлигига ишонаман¸ лекин Саид Нурсий ëки нурчилар томонидан Ўзбекистон давлатчилигига ëки жамиятига таҳдид борлиги мен учун нонсенс.

Озодлик: Бу "ов" қачонгача давом этиши мумкин? Наҳотки турк лицейини битирганларнинг ҳаммасини қамаб ташлайди?

Камолиддин Раббимов: Биласизми, ҳаммасини қамай олмаса керак. Бу Ўзбекистон давлатининг миллий манфаатлари¸ кадрлар сиëсатида жуда ҳам катта муаммоларни келтириб чиқаради.

Мендаги маълумотлар бўйича¸ Туркияда ўқиган кўпгина истеъдодли ëшларимиз ҳозир секин-секин чиқиб кетишни бошлаяпти ва чиқиб кетганлари Ўзбекистонга қайтиш ғоясидан воз кечаяпти.

Бу кадрлар жуда ҳам иқтидорли ва улар кўпчиликни ташкил қилади. Ўзбекистоннинг ҳозирги олиб бораëтган сиëсати жуда ҳам оқилона бўлмаган сиëсат, деб ўйлайман.

Биринчидан, таҳдид йўқ¸ иккинчидан, Ўзбекистондан уларнинг чиқиб кетиши Ўзбекистоннинг потенциалига жуда ҳам катта зарба етказади.

Озодлик: Наҳотки ҳукумат шуни тушунмаяпти? Ëки тушуниб туриб атайлаб қилаяптими?

Камолиддин Раббимов: Биласизми¸ ҳукуматнинг маълум бир ҳисоб-китоблари бор. Жамият тафаккурини қўрқув билан бойитиб туриш керак. Бунинг мақсади вазиятни назорат қилиб туриш.

Менинг назаримда¸ ҳисоб-китоб қилинганда¸ ҳозирги пайтда¸ ҳокимиятни ушлаб туриш унинг кейинги бўладиган муаммоларидан устунроқ қўйилаяпти.
XS
SM
MD
LG