Линклар

Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 30 апрел куни профилактика мақсадида хориждан чўчқа ва парранда гўштини олиб киришни вақтинча таъқиқлаш ҳақида қарор қабул қилди.

Сўғд вилоят санэпидстанция бош врачи ўринбосари Насиб Икромовнинг айтишича, 29 апрел куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти чўчқа гриппи вазиятига оид олти поғонали огоҳлантирув даражасини тўртинчидан бешинчи поғонага кўтарганидан сўнг Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги мана шу кўрсатма асосида чет элдан парранда ва чўчқа гўшти олиб кирилиши таъқиқлаган. Шу важдан...

- Вилоятдаги барча чегара постлари, темир йўл ва аэропортларда махсус карантин нуқталарини ташкил этдик. Мазкур назорат нуқталарида минтақага олиб кирилаётган барча маҳсулотлар кўрикдан ўтказилади.

Агар парранда ёки чўчқа гўшти бўлса, зудлик билан мусодара қилиниб, лаборатория кўригидан ўтказилади.

Биз апрель ойи охиридан вилоятга парранда ва чўчқа гўшти олиб кирилишини таъқиқладик. Бу ҳақда барча тижоратчилар, тегишли идоралар огоҳлантирилган, деди Насиб Икромов.

Унинг айтишича, мазкур тадбирга 100 дан ортиқ мутахассис жалб қилинган. Бу бежиз эмас, зеро, вилоят бозорлари ва дўконларида сотилаётган озиқ-овқат, гўшт маҳсулотларининг 90 фоизи хориждан келтирилади.

Сўғд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарининг муовини Даврон Мадаминовга кўра, четдан келтирилаётган чўчқа гўшти ва ундан тайёрланган маҳсулотлар айниқса алоҳида диққат билан текширилиши шарт.

- Масалан, карантин нуқталари ва лабораториялар парранда тумовига қарши дори-дармон билан тўла таъминланган. Лекин чўчқа гриппига қарши дори-дармонлар ҳозирча бизнинг ихтиёримизга етиб келмаган, деди Даврон Мадаминов.

Соғлиқни сақлаш бошқармаси вакилининг айтишича, вилоят аҳолиси асосий қисмини мусулмонлар ташкил этади, шу боис ҳам чўчқа гўшти ва маҳсулотлари бозорларда жуда кам миқдорда сотилади.

Вилоятга бу маҳсулотлар асосан колбаса ва дудланган гўшт сифатида қўшни Ўзбекистон ва Россиядан олиб келинарди. Эндиликда кам деганда тўрт ой Тожикистонга бу маҳсулотларни олиб кириш таъқиқланди.

Сўғдлик суҳбатдошларимизнинг айримлари тожик расмийларнинг мазкур қарори кўпчилик учун айни муддао бўлганини айтмоқдалар.

- Илгари республика аҳолисининг 11 фоизини русийзабонлар ташкил этарди, давр ҳам бошқа бўлган. Масалан, шўролар даврида ҳарбий хизматда чўчқа гўштини мажбуран истеъмол қилинарди.

Гапнинг рости, мана шу чўчқа гриппи сабаб мамлакатга чўчқа гўшти олиб келиниши таъқиқланганлиги баҳонаси билан унинг сотилишини ҳам бутунлай маън қилинса, яхши бўлар эди, дейди ўзини Насибжон деб таништирган суҳбатдошимиз.

Аммо сўғдликлар ичида расмийлар қароридан норозилар ҳам бор.

- Ҳукуматимизнинг чўчқа тумовига қарши кўрган чораларига ҳайронман. Ўзингиз ўйлаб кўринг – Мексика қаердаю Тожикистон қаёқда? Ахир чўчқалар қуш эмаски бир минтақадан иккинчисига учиб ўтиб, касаллик тарқатса. Ниҳоят, менинг билишимча, Тожикистон ва Мексика ўртасида савдо алоқалари ҳам йўқ. Шунинг учун чўчқа тумовига қарши чоралар ўринсиз ва бу тадбирлар, биринчи навбатда, биз русийзабонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилади, деб ҳисоблайман, дейди хўжандлик Светлана Резникова.

Айни пайтда тожик расмийлари жорий этган таъқиқ фақат импорт чўчқа гўштига эмас, мамлакат ичкарисидаги чўчқабоқарларга ҳам тегишли экани айтилмоқда. Сўғд вилоят агросаноат бошқармаси вакили Бобожон Домуллоевга кўра, сентябр ойигача вилоятдаги фермаларда етиштирилаётган чўчқаларнинг гўштини ҳам Тожикистон бозорларида сотиш таъқиқланган.

- Вилоятнинг 8 та шаҳар ва туманларида чўчқа етиштиришга мослаштирилган 100 дан ортиқ кичик ферма бор. Барча фермалар айни пайтда назорат остига олинган. Бозорларда чўчқа гўшти ва маҳсулотларини сотишга вақтинча карантин эълон қилинган, деди Бобожон Домуллоев.
XS
SM
MD
LG