Линклар

"Тўрт ой бесамар ўтди"

  • Садриддин Ашур

Ўзбек қишлоқларининг кўпида аҳвол "эски ҳаммому эски тос"лигича қолмоқда.

Ўзбек қишлоқларининг кўпида аҳвол "эски ҳаммому эски тос"лигича қолмоқда.

“Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили"нинг тўрт ойи ортда қолганига қарамай, ўзбек қишлоқларидаги аҳвол ўнгланишидан дарак йўқ. Бу ҳақдаги мулоҳазалари билан бухоролик фермер Бобомурод Раззоқов ўртоқлашди.

Ўзбекистон президенти томонидан эълон қилинган “Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили"нинг ҳам тўрт ойи ортда қолди. Қишлоқ аҳли тўрт ойдан буён "аҳволимиз яхшиланади" деган орзу билан яшаяпти.

Лекин Бухоро вилоятининг Жондор туманида фермерлик қилаётган Бобомурод Раззоқовнинг айтишича, агар бошланиши шундай бўлса, қишлоқликлар учун тараққиёт ва фаровонлик ҳали анча йиллар орзу бўлиб қолади.

Фермер Раззоқов гапни президентнинг “Ўзбекистон Республикасида аҳоли пунктларини ободонлаштиришни яхшилаш қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида тузилган Жондор туманидаги маҳаллий ҳокимият комиссияси иши хусусида ўз мулоҳазалари айтишдан бошлади.

- Бу тузилган комиссия шундай бир жойларни кўраяптики¸ ҳайрон қоласан-да киши. Ночор¸ камбағал оилаларнинг аҳволи билан танишиш ўрнига¸ собиқ совет даврида ўғирлик билан бир нарсали бўлиб қолган¸ муттаҳамлик йўли билан пул тўплаган¸ ҳозирги пайтда ҳам жуда ажойиб яшаëтган буқаламунсифат одамларнинг уйларини бориб кўриб, реклама қилаяпти¸ "мана шундай яшаш керак" деган гапни айтаяпти. Бу кулгили-да¸ дейди Бобомурод Раззоқов.

Фермернинг айтишича, аҳолининг асосий қисми ҳамон қашшоқликда яшаяпти ва ундан ҳолинг нечук, деб сўрайдиган одамнинг ўзи йўқ:

- Бу ерда аҳолининг катта қисми ночор аҳволда. Ҳатто совет даврида қурган участкасига сомон топиб, лой уришга қурби етмайдиган оилалар қишлоқ жойларида кўпайиб кетган. Аҳвол жуда даҳшатли ҳолатга келган.

Буларни улар (комиссия аъзолари - таҳр.) кўриб туриб, кўз юмиб кетаяпти. Очиғи, ғашинг келади. Бу кўзбўямачиликнинг чеки борми ëки йўқми¸ дейди Бобомурод Раззоқов.

Фермер суҳбатдошимиз Дарвеши қишлоғида тўрт минг киши иштирок этган комиссия йиғилишидан олган антиқа таассуротларини айтиш билан гапида давом этади:

- "Сен раҳбарсан. Сен катта ишда ишлайсан. Уйингда ҳаммом йўқ. Қўпол бўлса ҳам айтай, ҳожатхонанг тоза эмас"¸ деяпти. Қараб туриб, кулгинг қистайди. Раҳбарнинг ҳаммоми борми ëки йўқми – уни сўраш керак эмас. Ҳаммом у ëқда турсин, уйи йўқ одамларни сўраш керак эди.

“Нима учун сенинг уйинг йўқ? Сенга нима керак? Сен нимага муҳтожсан? Бола-чақанг кўпми? Шароитининг йўқми? Ишинг йўқ бўлганлиги учун ночормисан? Давлатдан қандай талабинг бор?” деган нарсани сўраш керак эди. Булар бунинг тескарисини қилаяпти¸ дейди Бобомурод Раззоқов.

Биз Бобомурод Раззоқовдан Ўзбекистондаги қишлоқ аҳолиси учун энг асосий муаммо бўлган ичимлик сув масаласи қандай ҳал этилаётгани ҳақида сўрадик.

- Бизда анча йиллар бурун ҳар ер-ҳар ерда қудуқлар қазилган эди. Мен ҳам артизан қудуқдан сув ичаман. Биздан 12 километр нарида Ўзбекистон колхози бор. Ўша ердан ҳар ойда бир машина¸ 3-4 тонна олиб келамиз. 16-20 минг сўм атрофида олиб келиб беради. Ўша сувдан ичамиз.

Энди буни қурби етган одам ичади. Қурби етмаган одам ариқдан¸ зовурдан олиб ичаверади. Бошқа йўли йўқ. чунки бир машина сув 18-20 минг сўм атрофида. Водопроводлаштириш масаласида умуман гап бўлиши мумкин эмас. Уни қила олмайди¸ дейди Бобомурод Раззоқов.

Суҳбатдошимизга кўра, қишлоқ тараққиёти йилининг тўрт ойи бесамар ўтди ва у бундан кейин ҳам қишлоқда бир ўзгариш бўлишига ишонмайди.

Чунки, фермернинг фикрича, халқни ўйлайдиган ҳеч ким йўқ, ҳатто фуқаролар йиғини раислари ҳам, маҳалла раислари ҳам ҳокимликларнинг югурдакларига айланиб қолган. Чунки уларни халқ сайламаган, балки ҳокимлик томонидан тайинланган:

- Мана тўрт ой ортда қолиб май ойи кириб келаяпти¸ ҳеч нарса ўзгаргани йўқ. Эски ҳаммом – эски тос. Бирор жойда қурилиш бўлгани йўқ. Тўғри бузилиш бўлаяпти.

Сен менга тегма¸ мен сенга тегмайман. Фақат мажлисбозлик. Ҳокимликда бир кунда уч-тўрт мартагача йиғилиш бўлади¸ дейди бухоролик фермер Бобомурод Раззоқов.
XS
SM
MD
LG