Линклар

"Ҳукумат диний соҳада масъулиятсиз сиëсат юритди"

  • Садриддин Ашур

АҚШ давлат департаментининг янги ҳисоботида ўзбек расмийларининг террорчиликка қарши кураш йўлидаги саъй-ҳаракатлари олқишланади, шу билан бирга, террорчиликка қарши кураш баҳонасида расмийларнинг диндорга ўтказаётган тазйиқи қораланади.

АҚШ давлат департаментининг янги ҳисоботида ўзбек расмийларининг террорчиликка қарши кураш йўлидаги саъй-ҳаракатлари олқишланади, шу билан бирга, террорчиликка қарши кураш баҳонасида расмийларнинг диндорга ўтказаётган тазйиқи қораланади.

АҚШ Давлат департаментининг 30 апрел куни эълон қилинган ҳисоботида Ўзбекистондаги репрессив сиёсат мамлакатда экстремистик кайфиятни авж олдираётгани қайд этилган. Шунингдек, ҳисоботда ўзбек расмийлари фаолиятидаги ижобий жиҳатлар ҳам кўрсатиб ўтилган.

АҚШ Давлат департаменти ҳисоботида қайд этилишича, Ўзбекистон ҳукумати терроризм ва террорчи гуруҳларга қарши кескин чоралар кўрмоқда.

Шунингдек, ҳисоботда айтилишича, Ўзбекистон ҳукумати ўз чегараларини мустаҳкамлаш ва назоратни кучайтириш, ноқонуний маҳсулотлар ҳамда шубҳали шахсларнинг мамлакат ҳудудига киришининг олдини олиш борасида қатор хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Бироқ, ҳисоботга мувофиқ, мамлакатда қашшоқликнинг кенг ёйилгани ва ҳукуматнинг хавфсизликни таъминлаш баҳонасида олиб бораётган репрессив сиёсати мамлакатда диний экстремизмнинг авж олишига туртки бўлмоқда.

Ўзбеклар террорчини яқинда таниди

Террор ва терроризмнинг ўзи нима эканлигини оддий ўзбекистонликларнинг аксарияти мустақиллик йилларигача яхши билмасди. Сўнгги ўн йил ичида бу иборалар Ўзбекистон ички ва ташқи сиёсатидан муҳим ўрин олди.

1999 йилги Тошкент портлашларидан сўнг, терроризмда айбланиб юзлаб ва Конституцион тузумга тажовузда айбланиб, минглаб одамлар қамоққа олинди.

Ундан сўнг 2004 йиллардаги портлашлар содир бўлди ва қамоққа олишлар яна давом этди.

Норасмий маълумотларга кўра, бугун Ўзбекистон қамоқхоналарида 20 мингдан ортиқ сиёсий ва диний айбловлар билан айбланган тутқунлар бор.

Хўш, диний экстремизм ва терроризм Ўзбекистонга бугун қанчалик хавф солмоқда? Москвалик сиёсатшунос Санобар Шерматова бу саволга шундай жавоб берди:

- Ўзбекистонга диний экстремизмнинг қанчалик хавф солаётгани даражасини белгилаш жуда қийин. Зеро, бу ҳақда аниқ расмий ижтимоий тадқиқотлар йўқ.

Бунга фақат Ўзбекистонда бўлиб ўтаётган маҳкама жараёнларига қараб бир хулоса чиқариш мумкин.

Мана яқинда “нурчилик”да айбланаётганларни суд қила бошладилар. Бундан аввал Ҳизбут-Таҳрир ва ваҳҳобийларни суд қилиш кампанияси олиб борилган эди, дейди Санобар Шерматова.

Таҳлилчи айни пайтда “Ўзбекистонга ислом террорчилари хавф солаяпти” деган фикрларга қўшилмайди. Лекин, унга кўра, 1999, 2004 йилги портлашларда ислом экстремистларининг қўли бўлиши мумкин.

Бироқ 1999 йилги портлашларга алоқадорликда айбланиб, 12 йилга озодликдан маҳрум этилган ЎИҲ аъзоси Зайниддин Асқаров 2004 йилда хорижий журналистларга берган интервюсида бу портлашлар содир бўлишини ҳукумат билганлиги ва атайин бунга йўл қўйиб берганини гапирган эди:

- Булар қаердан билади 16 феврал воқеасини деса¸ Баҳром Абдуллаев давлатнинг ичида ишлайдиган буларга информация бериб турган одамларимиз ҳам бор, деяпти. Қайси куни қанақа бўлади ҳаммаси. Булар ошкор эълон қилаяпти. “25 дан 16 февралга кўчирилди” деган нарсани ошкор эълон қилгандан кейин, демак, бу кутилган меҳмон даражасида бомбалар кутиб олинаяпти Тошкентда.

Олтита машина келаяпти. Каримов келадиган пайти бу дунëга ҳам¸ ëш болага ҳам аëн - битта қуш учиб ўта олмайди у ëқ-бу ëққа. Лекин олтита машина хотиржам келиб, Вазирлар Маҳкамасининг олдида қўйилаяпти. Булар керак эмас. Мақсад буларни ушлаш эмас. Портлашни тўхтатиш ҳам эмас.

Портлашлардан беш минут ўтар-ўтмас Ислом Каримов, Рустам Иноятов, Зокир Алматовлар майдонга етиб келишаяпти ва худди олдиндан тайëрлаб қўйилган сценарийдан хабардор бўлгандай: “Бу нарсани диний фанатиклар қилди, ким қилганини биламиз, бироз муддатдан кейин ҳаммасини топамиз”, деяпти¸ деган эди Зайниддин Асқаров.

Хўш, унда нега ҳукумат портлашларни олдиндан билган бўлса, унга ўзи йўл қўйиб берди? Бундан мақсад нима? Бу саволга сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев шундай жавоб берди:

- Мен – 2004 йилни олайлик¸ 2005 йил 13 май Андижон воқеаларини олайлик – ҳаммаси ҳукумат томонидан халқни қўрқитиш учун¸ халқни террор қилиш учун уюштирилган¸ амалга оширилган акциялар, деб ҳисоблайман. Бунга менинг мингта далилим бор. Агар кимдир мен билан баҳслашмоқчи бўлса, менда ўта сирли ҳужжатларнинг нусхаси ҳам бор, дейди Тошпўлат Йўлдошев.

"Терактлар бўлиши ўзбек расмийлари манфаатига мос келарди"

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов фикрича, бу террорчилик ҳаракатларини ҳукумат олдиндан қанчалик назорат қила олиши ҳақида аниқ бир хулосани айтиш қийин. Чунки бу маълумотларни текшириш имкони мавжуд эмас. Лекин...

- Асосийси¸ менинг ишончим комилки¸ Андижон воқеаларини ҳукумат олдиндан билар эди. Ҳукумат нима учун била туриб, бу нарсанинг олдини олмади? Назаримда, ҳукумат ўйлаб кўриб, “бунақа террористик актлар манфаатимизга тўғри келади”, деб ўйлаган бўлса керак.

1999 ва 2004 йиллардаги портлашлар геосиëсий мақсадларни кўзлар эди.

Биринчиси сиëсий - чунки Ўзбекистон ичкарисида тозалаш қилиш¸ демократик ва сиëсий ислоҳотларни ортга суриш ва экстремизм ҳамда терроризмга қарши бўлган курашни янги поғонага кўтариш мақсадлари кўзланган эди.

Иккинчиси геосиëсий - бу орқали Ўзбекистон терроризмдан жабр кўраëтган давлат сифатидаги халқаро терроризмга қарши коалициядаги кураш мавқеини мустаҳкамлашга ҳаракат қилди¸ дейди Камолиддин Раббимов.

Камолиддин Раббимов фикрича, Ўзбекистон ҳукумати диний экстремизга қарши кураши билан демократик жамият шакллантиришни ўз олдига мақсад қилиб қўймаган. Аксинча...

- Экстремизмга қарши кураш орқали демократияга йўл бермасликни мақсад қилиб қўйган, дейишимиз мумкин¸ дейди Камолиддин Раббимов.

Сиёсатшунос фикрича, ҳукумат ҳозир 20 мингдан ортиқ одамни диний айбловлар билан қамоққа ташлаган. Ана шунинг ўзи ҳукумат учун катта хавфга айланди. Зеро, бу йигирма минг одамнинг орқасида миллион-миллион одам турибди:

- Ҳукумат диний соҳада масъулиятсиз ҳолатда сиëсат юритди. Бир сўз билан айтганда, дунëвий давлат ғояси жуда обрўсизлантирилди. Дунëвий давлатчилик ва Ислом дини ўртасида бир-бирига душманона бўлган руҳият шакллантирилди. Ҳақиқатан ҳар бир қамалган одамнинг бир қанча қариндоши бор.

Иккинчидан, қамалган шахсларнинг кўпчилиги адолатсиз қамалган. Умид қилиш керак¸ балки кейинги ҳукуматлар бу муаммони тўғрилашга ҳаракат қилар. Буни бу режимдан кутиш нотўғри бўлар эди¸ дейди Камолиддин Раббимов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG