Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:41

Россияда байрам намойишларга уланди


Россияда Меҳнаткашлар халқаро бирдамлик куни нишонланаётган бир пайтда мамлакат меҳнаткашлари байрам кайфиятда эмас. Боиси иш жойлари қисқариши давом этмоқда, ишсиз қолганлар сони кўпаймоқда.

Россиялик меҳнаткашлар 1 май байрамини яхши кайфиятда нишонламаётгани сабабини таҳлилчилар глобал иқтисодий бўҳрон сабабли Россиянинг қатор завод ва фабрикаларида ишчилар сони қисқартирилаётгани, баъзи корхоналарда ишчиларга маошлар ўз вақтида берилмаётгани ва бошқа сабаблар билан изоҳламоқда.

1 май куни Москва марказидаги Тверская майдонида иқтидордаги "Единая Россия" партияси ҳамда Россия мустақил касаба уюшмалар иттифоқи биргаликда 25 минг кишилик намойиш ўтказди. Тадбир иштирокчилари “Россия олға!”, “Кечувда стратегия ўзгартирилмайди!”, “Кичик бизнесга кўпроқ эркинлик!”, “Россияга болалар керак!”, “Ноқонуний ишдан бўшатиш – жиноят!” каби шиорларни кўтариб чиқди.

"Единая Россия" партияси раҳбарларидан бири, Давлат Думасининг Меҳнат қўмитаси раиси Андрей Исаев Озодлик радиоси мухбири билан суҳбатда оғир вазиятда ўз партияси олдинга қадам ташлаётганини айтди:

- Бу ерда ҳеч қандай ғайриоддий ва кутилмаган нарса йўқ. Намойиш ва йиғилишларда ҳукумат шаънига танқидий гаплар айтилади. Биз буни қўрқинчли нарса, деб билмаймиз. Бу нормал демократик жараёндир. Ҳокимият кўп нарсада вазиятга мослаша олмаяпти, деди "Единая Россия" партияси раҳбарларидан бири Андрей Исаев.

Сўнгги ойларда Россияда ҳамма соҳада вазият оғирлашиб бормоқда. Шу кунгача Россия бўйича ярим миллион ишчига ўз вақтида берилмаган маошлар миқдори 8 миллиард 755 миллион рублни (тақрибан 262 миллион АҚШ доллари) ташкил этмоқда.

27 апрел куни Россиянинг Иқтисодий тараққиёт вазирлиги мамлакатда ишга лаёқатли фуқароларнинг ўн фоизи, яъни етти ярим миллион киши ишсиз эканини маълум қилди.

Яқинда давлатга қарашли Россия Темир йўллари ширкати ўз ишчилари сонини 54 минг кишига қисқартиришини билдирди. "Северстал" заводи эса ишчилар сонини 9500, автомобил ишлаб чиқарувчи ГАЗ заводи расмийлари ишчилар сонини 7500 тага камайтиришини айтди.

Айни пайтда Россиядаги бошқа корхоналар иш соатларини камайтирмоқда ёки ишчиларни ҳақ тўланмайдиган мажбурий таътилга чиқармоқда.

Умумроссия Меҳнат конфедерацияси раҳбари Борис Кравченко Россияда меҳнаткашлар аҳволи ёмонлашишда давом этаётганини айтди:
- Вазият тобора ёмонлашиб бормоқда. Бу¸ айниқса, рублнинг бошқа валюталарга нисбатан қадрсизланиши ва инфляциянинг ошиши билан боғлиқ. Ишчиларнинг харид қобилияти ва маошлари тахминан 40 фоизга камайди. Биз вазият яхшиланаётганини кўрмаяпмиз, дейди Борис Кравченко

Меҳнаткашлар халқаро бирдамлик куни муносабати билан мухолифатдаги Россия коммунистик партияси, Бирдамлик ва Яблоко партиялари Москва, Санкт-Петербург ва бошқа шаҳарларда намойишлар, митинглар ва юришлар ўтказди.

Россия Федерацияси Коммунистик партияси Москвада ташкиллаштирган юришга 200 га яқин киши қўшилган. Акция пайтида тартибсизлик чиқаришга уринган тўрт нафар шахс ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан қўлга олинган.

Интерфакс ахборот агентлиги хабарига кўра, Санкт-Петербург шаҳри ва Ленинград вилоятида 1 май тадбирлари бошланишидан олдин милиция ходимлари 120 киши, яъни 20 нафар ашаддий миллатчи, 100 нафар антифашист ва анархистни қўлга олган.

Тинтув ўтказилган пайтда улардан пичоқлар, шикаст етказувчи қуроллар ва портловчи мосламалар топилган. Милиция ходимларига кўра, улар 1 май тадбирларида тартибсизлик келтириб чиқаришни режалаган.
XS
SM
MD
LG