Линклар

“Ўзбекистонда жорий йилнинг биринчи чорагида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўртача белгиланган иш ҳақи 40,2 фоиз, пенсияларнинг ўртача миқдори 51,9 фоизга кўпайди”.

Айни маълумот Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги билан Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг қўшма ҳисоботида қайд қилинади.

Маҳаллий таҳлилчиларга кўра, иш ҳақи ва пенсия пулларининг бу миқдорда ошгани аҳолининг ижтимоий-иқтисодий аҳволига ижобий таъсир кўрсатмаяпти.

Тошкент шаҳрида яшовчи пенсионер аёл Фотима Муқодирова айни пайтда 56 минг сўм нафақа пули олади.

Фотима Муқодировага кўра, ҳозирда оладиган пенсия пули ўтган йилнинг шу даврига нисбатан салкам эллик фоизга ошган бўлса-да, бу маблағ рўзғор ҳаражатларини деярли қопламаяпти.

Фотима Муқодирова: Қанақа қилиб, бизларда яхши бўлиши мумкин? Энди кимга яхши¸ кимга ëмон. Масалан, бизда кетма-кет қийинчилик бўлиб ëтипти. Ишлаб топадиганлар топаëтгандир. Бизларнинг уйдагилар ҳаммаси вояга етмаган болалар.

Озодлик: Пенсия олаяпсизми?

Фотима Муқодирова: Ҳа.

Озодлик: Қанча олаяпсиз?

Фотима Муқодирова: (кулиб) 56 минг сўм. Бу нимага етади? Борига сабр қилиб ўтирибмиз. Дастурхонингизда бир кило шакарингиз бўлса, хурсандсиз, кундалик нонингиз бўлса, хурсандсиз. Гўштни пули бор ейди. Пули йўқ қаердан олиб ейди?..

Озодлик: Ҳозир гўшт нархи қанча бўлган ўзи?

Фотима Муқодирова: Билмайман. Мен яқин орада гўшт олганим йўқ.

Озодлик: Охирги марта қачон олган эдингиз?

Фотима Муқодирова: (кулиб) Эсимда ҳам йўқ.

Озодлик: Ўзи гўштли овқат еб турасизларми?

Фотима Муқодирова: Бизларга гўштли овқат шарт эмас. Қозонга сувни солиб, макаронни соламиз. Қайнаса бўлди, еяверамиз.

Пенсионер Фотима Муқодирова оиласида ўн киши яшайди. Фотима момо пенсия пулидан ташқари яна неваралари учун олтмиш минг сўм нафақа пули олади.

Момо бу пулнинг маълум миқдори ўн кишининг яшаши ва еб-ичиши учун кетишини айтади.

Фотима Муқодирова бу маблағнинг асосий қисми коммунал тўловларга сарфланишини айтар экан, коммунал тўловлар тез-тез оширилиши иқтисодий муаммолари кўпайишига сабаб бўлаётганидан нолийди.

- Нархлар ўсмаяптими? Бу ëқдан беш сўм қўшса, у ëқдан ошиб кетмаяптими? “Светга¸ газга¸ сувга” деб кун ора келиб туришади. Тўламасак¸ ўчириб туради. Нима қиламиз энди. Иложимиз йўқ бошқа, оч ўтирсак-да тўлаймиз, дейди Фотима момо.

Шаҳрисабзлик Ойша опага кўра, айни пайтда ойликка кун кўрадиган ишчи-хизматчиларга ҳам осон эмас.

- Ҳозир ўтган йилга қараганда аксинча қийинлашиб бораяпти. Одамларнинг аҳволи оғир. Додлаган додлаб, йиғлаган йиғлаб юрипти.

Бизда ҳозир ун ва ëғнинг нархи ўтган йилгига қараганда тушган. Бошқа ҳамма нарсанинг нархи ошган. Лекин халқимизда ўшанга яраша пул йўқ.

Бозорларда савдо ҳам тўхтаган ҳозир. Мол гўшти 6200 сўм¸ қўй гўшти 7500 сўм. Ҳали арзонлагани йўқ. Ойлик ёки пенсияга яшаш жуда қийин, дейди Ойша опа.

Лекин “Ўзбекистон Республикасини 2009 йил биринчи чорагида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари тўғрисида”ги ҳисоботи билан танишган одам мамлакат аҳолисининг турмуш тарзи аъло даражада, деган тасаввурга эга бўлиши мумкин.

Ҳисоботда қайд қилинишича, Ўзбекистонда жорий йилнинг январ ва феврал ойларида ўтган йилнинг шу даври билан солиштирганда аҳолининг пул даромадлари 21, 5 фоизга ошган.

Ўзбекистонлик иқтисодий таҳлилчи Комрон Алиевга кўра, ўтган йилга нисбатан бу йил аҳолининг пул даромадлари ошгани ёки пенсия ва ойлик маошларининг кўтарилгани одамларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволига заррача ҳам таъсир қилаётгани йўқ.

- Бу ўсишлар маош ëки нафақа оладиганларни реал сотиб олиш қобилиятига деярли таъсир қилмаган, дейишимиз мумкин. Чунки бир йил давомида нарх-наволар жуда ҳам қаттиқ ўсиб кетди. Ўзбекистонда нарх-навони камайтириш бўйича ҳеч қандай чора кўрилмаяпти.

Асосий озиқ-овқат турларининг ҳаммаси икки ва уч бараварга қимматлаган. Масалан, гўштларнинг нархи 7-8 минг сўмга бориб етган. Пишлоқнинг 5-6 мингдан арзони йўқ. Сариëғлар 10-12 минг сўм. Битта лағмон оладиган бўлсангиз, унинг нархи 1500-2000 сўм, чойнинг нархи 200 сўм¸ битта нон 400-500 сўм атрофида. 3000 сўм билан қорнингиз тўяр-тўймас даражада бўлади.

Бир эркакнинг бир кунда нормал равишда овқатланиши кунига 10 минг сўмни ташкил қилади.

30 кунда бу 300 минг сўм бўлади. Бу фақат еб ичиши учун, бошқа ҳаражатларни ҳам ўзингиз ўйлаб кўраверинг, дейди Комрон Алиев.

Иқтисодий таҳлилчига кўра, қора бозорда доллар нархининг давлат курсига нисбатан йигирма фоизга қимматлиги ҳам аҳолининг иқтисодий муаммолари кўпайишига олиб келаётир.

Бироқ Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги билан Ўзбекистон Республикаса Давлат статистика қўмитасининг “Ўзбекистон Республикасини 2009 йил биринчи чорагида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари тўғрисида”ги қўшма ҳисоботида айтилишича, “Инқирозга қарши чоралар дастурида белгиланган вазифаларнинг бажарилиши жорий йилнинг биринчи чорагида мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг барқарор ижобий суръатларини сақлаш имконини берди”.
XS
SM
MD
LG