Линклар

Ўзбекистон қаҳрамони Абдулла Ориповнинг Ёзувчилар уюшмаси раиси лавозимидан кетиши ўзбек адибларининг айримлари назарида аҳамиятсиз воқеа. Уларнинг айтишича, Ўзбекистонда Ёзувчилар уюшмаси ташкилот сифатида аллақачон ўлган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг 30 апрел кунги кенгайтирилган ҳайъат мажлисида¸ уюшма раиси Абдулла Орипов ишдан олинди.

Расмий хабарларга кўра¸ анжуманда Ўзбекистон президентининг Давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов, бош вазир ўринбосари Рустам Қосимов ва бошқа ҳукумат мулозимлари иштирок этган.

Мажлис сўнгида ташкилий масала кўрилиб, уюшма раиси Абдулла Орипов лавозимидан олинди. Унинг ўрнига Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бош директори бўлиб ишлаб келаётган Бобур Алимов тайинлангани расман эълон қилинди.

Айни пайтда ëзувчилар уюшмаси йиғилишига Шукрулло¸ Одил Ëқубов каби таниқли ëзувчилар таклиф қилинмаган.

Ўтган аср охирида Ўзбекистон ëзувчилар уюшмасига раҳбарлик қилган ëзувчи Одил Ëқубовга қўнғироқ қиламиз.

Озодлик: Одил ака¸ ассалому алайкум. Ëзувчилар уюшмасида раис ўзгарипти.

Одил Ëқубов: Бўлди-ку бу. Бизни чақиргани йўқ. Мен билмайман, чақирса ҳам бормас эдим. Ëзувчилар уюшмаси қолибдими? Аллақачон йўқ бўлиб кетдию. Ëзувчилар уюшмасига янги раис келди. Абдулла кетди.

Озодлик: Янги раис ëзувчи эмас экан.

Одил Ëқубов: Ëзувчи бўлмаса нима қипти? Ҳукумат қўяди-да. Уни ҳукумат қўйган. Шуҳрат аканинг ўғли. Бўлса бўлади-да. Бизга нима оғир-енгиллиги бор?

Озодлик: Совет даврида Ёзувчилар уюшмасига ëзувчилар раислик қиларди.

- Сиз нима ким бўлишини ëки бўлмаслигини белгилайдиган Ўзбекистон президентимисиз? Ëзувчилар уюшмаси аллақачон йўқ бўлиб кетдию¸ дейди Одил Ëқубов.

Одил Ëқубов билан суҳбатимиздан маълум бўлишича¸ Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси жамоатчилик ташкилоти сифатидаги ролини бой бериб, ҳукумат етовидаги идорага айланган, холос.

"Бундай идоранинг жамият учун нафи йўқ", деган фикрни муҳожирликда яшаëтган шоир Ëдгор Обид ҳам билдирди.

Ëдгор Обид: Аслида олиб қараганда, бу унчалик катта аҳамиятга эга бўлган гап эмас.

Биринчидан, Абдулла Орипов президентнинг топшириғи билан Ёзувчилар уюшмасига раҳбар бўлиб келгандан кейин, кўплаб ëзувчиларнинг гувоҳлик беришларига қараганда, Ёзувчилар уюшмаси ташкилот сифатида ўлиб бўлган эди.

Менимча¸ у ерда ижодкорликнинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ. Ташкилот олдига ижодкорларга қандай хизмат қилиш масаласини қўйиш мумкин эди. Бу масалани қўювчи одам бўлмади.

Абдулла Орипов бу масала билан мутлақо қизиққан эмас. У бугунги сиëсий системага хизмат қилаëтган бошқалар сингари ўзининг манфаати йўлида ўзининг ишини бажариб юришга эришди, холос. Ëзувчилар ташкилотига ижодий ташкилот сифатида жон куйдирган эмас.

Мана, мен Рауф Парфи билан бўлган воқеани мен яхши эслайман. Рауф Парфи унинг олдига борганида: “Менинг олдимга террорчи келиб ўтирибди”, деб милицияга телефон қилган. Бу шоир одам учун¸ ижодкор одам учун жуда катта уят. Воқеа қандай бўлганидан кўпчиликнинг хабари бор.

Озодлик: Бир пайтлар Абдулла Орипов сизга қарата: “Ëдгор, сен бечора эмассан¸ мен сендан кўра бечорадурман” деб шеър ëзган эди.

- "Ëдгор, мен сендан бечорароқман" деган шеъри бор эди. Умуман Абдулланинг ижодкор сифатидаги дастлабки поғоналари жуда юқори бўлган. У адабиëтга янгилик олиб кирган. Афсуски, узоққа бора олмади.

Ундан кейин ëзган ҳамма асарлари ҳақиқатан жуда бўш ва кўплари мақтов ҳамда мадҳияномалардан иборат бўлиб қолди. Бу Абдулла Ориповнинг мендан кўра бечорароқ эканини кўрсатади¸ дейди Ëдгор Обид.

Мана бу сатрлар эса Ўзбекистон Ёзувчилар уюмасининг собиқ раиси Абдулла Орипов қаламига мансуб.

На ишончу на қувончу на кўнгилдан гапни оч¸
Барчасидан ушбу кун йўқдир самар¸ кетмоқдаман.

Билмадим¸ ҳеч бормикин асли дардимга шифо¸
Хаста бу Абдулладан олгин хабар¸ кетмоқдаман.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG