Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:25

Ўзбекистон яна рўйхат тубида


Қароргоҳи АҚШда бўлган "Озодлик уйи" ташкилоти Халқаро матбуот эркинлиги куни арафасида жаҳондаги матбуот эркинлиги аҳволи борасида йиллик ҳисоботини чиқарди. Мазкур ҳисоботда Ўзбекистон матбуот аҳволи энг абгор давлатлар қаторидан жой олди.

Жаҳоннинг 195 мамлакатидаги матбуот аҳволи ўрганилган "Озодлик уйи" ( Freedom House) ташкилоти ҳисоботида давлатлар уч тоифага - "эркин", "қисман эркин" ва "эркин бўлмаган" давлатларга ажратилган. Ўзбекистон бу сафар ҳам "эркин бўлмаган" давлатлар қаторидан жой олди.
- Ўзбекистон матбуот эркинлиги борасида рўйхат тубида, ёмонларнинг ёмони қаторида турибди. Бунга сабаб Ўзбекистонда танқидий овозларнинг қаттол бир тарзда ўчирилаётгани, танқидчи журналистларнинг қамоққа ташланаётганидир, дейди ҳисобот муаллифи бўлган "Озодлик уйи" ташкилоти раҳбари Кристофер Уолкер.

2005 йилги Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистон ҳукумати нафақат инсон ҳуқуқлари фаоллари, мухолифат аъзолари¸ балки мустақил журналистларга нисбатан ҳам босимни кучайтирди.

Бунинг натижасида ўнлаб журналист мамлакатни тарк этди, кетишга улгурмаганларининг айримлари қамалди, аккредитация олиш билан боғлиқ мураккабликлар боис қатор чет эл оммавий ахборот воситалари Ўзбекистонда фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлди.

- Cўнгги йилларда Ўзбекистонда матбуот соҳаси қақраб қолаётганининг гувоҳи бўлаяпмиз ва мамлакатда долзарб муаммоларни ёритадиган журналистлар деярли қолмаган, дейди Кристофер Уолкер.

Андижон воқеалари ортидан Ўзбекистонни тарк этган ва мамлакат ташқарисида журналистик фаолиятини давом эттираётган www.uznews.net сайти бош муҳаррири Галима Бухорбоеванинг айтишича, ҳозирда камида саккиз ўзбек журналисти қамоқда қолмоқда.

- Афсуски, Ўзбекистон сўнгги йилларда матбуот аҳволини яхшилашга интилаётгани белгиларини кузатмадик.

Агар ҳукумат мамлакатда юзага келган абгор вазиятни яхшиламоқчи бўлса, ҳеч бўлмаганда 2005 йилги Андижон воқеаларидан олдинги ҳолатга қайтиши, кетиб қолган журналистларни қайтариши ва уларнинг фаолиятига ҳалақит қилмаслиги керак.

Шунингдек, Андижон воқеаларига қадар мамлакатда фаолият олиб борган чет эл оммавий ахборот воситалари фаолиятига ҳам рухсат бериши керак, дейди Галима Бухорбоева.

Ҳозир Ўзбекистонда ўз вазифаларини бажараётган кам сонли журналистлар ўз исмларини ошкор этмай, аноним тарзда хабар беришга мажбурлар.

-Ўзбекистонда бошқачасига ишлашнинг иложи йўқ. Сабаби, 2006 йилда Ўзбекистонда Вазирлар Маҳкамасининг ҳар бир журналистга ўз фаолиятини бошлашдан аввал аккредитация олиш мажбуриятини юкловчи, Конституцияга зид бўлган қарори қабул қилинди.

Ана шу қарор Ўзбекистонда аккредитациясиз журналистик фаолиятни "ноқонуний фаолият", деб белгилади. Ноқонуний фаолият учун эса қамашлари ҳам мумкин.

Мана шу қонуности ҳужжати билан ҳукумат Ўзбекистондаги кўплаб қаламкаш дўстларимизни журналист бўлиш ҳуқуқидан маҳрум этди, дейди Галима Бухорбоева.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ўзини сўз эркинлиги ҳимоячиси сифатида намоён этишга уриниб келади.

- Журналист деган одам бу курашчи бўлиши керак. Авваламбор одамларга ҳақиқатни етказиш учун. Ва шу ҳақиқатни охиригача етказиш учун¸ уни амалга ошириш учун нафақат сўз билан, керак бўлса, ўзининг ҳаракати билан охиригача етказиш керак.

Холисона гапирадиган¸ холисона кўрадиган¸ холисона англайдиган журналистлар қанча кўп бўлса¸ ўйлайманки, ўзбек халқи миннатдор бўларди¸ деган эди Каримов.

Лекин Ўзбекистонда ҳали ҳам матбуот ҳукуматнинг кучли назорати остида қолмоқда.

Ню-Йоркдаги Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси, Париждаги Чегара билмас мухбирлар ташкилоти ҳисоботларида ҳам Ўзбекистон ёмонларнинг ёмони, Матбуот душмани сифатида Бирма, Куба, Ливия, Шимолий Корея ва Туркманистон каби оммавий ахборот воситаларини ўта қаттиқ чекловчи давлатлар қаторида тилга олинади.
XS
SM
MD
LG