Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:22

Автоҳалокатда 30 киши нобуд бўлди


1 майдан 2 майга ўтар кечаси Қашқадарё вилоятида катта тезликда келаётган “Мерседес” автобуси йўл четидаги экскаваторга урилиши натижасида 30 киши ҳалок бўлди, 23 йўловчи жароҳатланди.

Мазкур фожеа тунги соат 01:35 да Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида Ғузор-Чим-Кўкдала автойўлининг 42-километрида содир бўлгани хабар қилинмоқда.

Қашқадарё вилоят Давлат автомобил назорати бошқармасининг навбатчиси Қамаши туманида автоҳалокат содир бўлганини тасдиқлади, бироқ автоҳалокат қурбонлари ҳақида аниқ маълумот йўқлигини айтди.

- Авария бўлгани аниқ. Автобус экскаваторга урилган. Ҳалок бўлганлар бўйича аниқ маълумот йўқ, деди Қашқадарё вилоят ДАН ходими.

Регнум, Интерфакс каби бир қатор ахборот агентликлари Қамашидаги автоҳалокатда 26 киши ҳаётдан кўз юмгани ҳақида хабар қилишди.

Қамаши туман марказий шифохонаси ходимаси эса автоҳалокатда ҳалок бўлганлар сони ўттиз нафарлигини ва жароҳатланганларнинг барчаси туман шифохонасига олиб келинганини билдирди.

- Ҳозир бизларнинг шифохонага ётқизилгани 23 та. Автобусдаги одамлар сони 53 та бўлган, шундан жароҳатланган 23 одам бизга олиб келинди.

Озодлик: Нечта одам ҳалок бўлган?

- Қолгани барчаси ҳалок бўлган. Биздаги маълумотлар бўйича шунақа.

Озодлик: Демак, 53 одамдан 23 киши шифохонада, қолган 30 одам ҳалок бўлганми?

- Албатта.

Озодлик: Ҳозир бу жароҳатланган 23 одамнинг аҳволи қандай?

- Учтасиники оғирроқ, қолганлари ўртача аҳволда.

Озодлик: Бу одамлар Қашқадарё фуқароларими?

- Йўқ, уларнинг барчаси сурхондарёлик.

Қамаши туман марказий шифохонасининг бошқа бир ходимига кўра, айни пайтда шифохонада автоҳалокат бўйича штаб ташкил қилинган.

- Ҳозир ҳамма шифокорлар шу аварияда жароҳатланганлар билан овора бўлиб юрибди, деди шифохона ходими.

Интерфакс агентлигининг Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигидаги манбага таяниб хабар қилишича, автоҳалокат “Мерседес” автобуси катта тезликда келаётгани натижасида содир бўлган.

Қашқадарё вилоят Ички ишлар бошқармаси ходими айни пайтда суриштирув ишлари кетаётгани боис автоҳалокат тафсилотлари бўйича аниқ маълумотлар мавжуд эмаслигини билдирди.

- Ҳозирча текширишаяпти. Конкрет бир нарса дея олмайман, деди Қашқадарё вилоят ИИБ ходими.

Қашқадарёлик ҳуқуқ фаоли Нодир Аҳатовга кўра, Қашқадарё ҳудудида фожеавий автоҳалокатлар тез-тез содир бўлади.

- Бу биринчи ҳолат эмас. Шу йилнинг январ-феврал ойларида иккита жуда катта авария бўлди. Ҳар бир аварияда камида ўттиздан эллик нафаргача одам ўлди. Лекин ҳеч жойда бу ҳақда ёзилмади.

Ўзбекистон телевидениеси, умуман, бутун оммавий ахборот воситалари, агар чет элда бирорта фуқаронинг оёғини туфлиси сиқса ҳам дарров айтишади. Лекин ўзимизнинг одамлар ўлиб кетса ҳам ҳеч қачон айтилмайди, дейди ҳуқуқ фаоли.

Нодир Аҳатов автоҳалокатларга сабаб бўлаётган бир қатор жиҳатларни тилга олади.

- Энг аввало, йўлларнинг сифатсизлигидир. Кейин агар солиштириб кўрадиган бўлсак, аварияларнинг кўпи Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган автомобиллар ҳиссасига тўғри келаяпти. Бу автомобиллар жуда ҳам сифатсиз.

Шунингдек, ҳайдовчиларнинг стресс билан ишлаши ҳам сабаб бўлаяпти. Чунки одамлар пул топиш учун деярли 24 соат ишлашга мажбур бўлишмоқда. Тошкентдан келгунча 8-9 соат давомида йўлда бўлган ҳайдовчилар, Қашқадарёга келибоқ дам олмасдан, яна Тошкентга йўлга чиқишади. Булар барчаси аварияларга сабаб бўлаяпти, дейди Нодир Аҳатов.

Регнум ахборот агентлигининг хабар қилишича, Қамашидаги автоҳалокат сабабларини ўрганиш ва жабрланганларга кўмак кўрсатиш мақсадида ҳукумат комиссияси тузилган.
XS
SM
MD
LG