Линклар

Апрел ироқликлар учун энг қонли ой бўлди


Апрел ойи Ироқдаги АҚШ ҳарбийлари ва мамлакат аҳли учун сентябр ойидан буён қайд этилган энг қонли ой бўлди.

Ироқ ҳукумати тарқатган маълумотларга кўра, апрел ойида рўй берган тўқнашувлар чоғида камида 355 нафар ироқлик қурбон бўлган. Қурбон бўлганларнинг 300 га яқини тинч аҳоли вакилларидир.

АҚШ аскарларидан эса апрел ойи ичида 18 нафар киши ҳалок бўлган.

Апрел ойида Ироқда қурбон бўлган одамлар орасида эронлик 50 дан зиёд шиа мусулмонлари ҳам бор. Улар Дияла вилоятига зиёратга келган чоғида ўлдирилган эди.

АҚШ кучлари матбуот котиби генерал-майор Дэвид Перкинс апрел ойида Ироқда содир бўлган бир неча йирик портлашларни уюштирганликда Ал-Қоида жангариларини айблади.

Унга кўра, жангарилар бу ҳаракатлари билан мамлакатда этник ва мазҳаблараро зўравонликларни келтириб чиқаришга уринган.

Бироқ уларнинг бу уриниши муваффақиятсиз якунланганини урғулаган Перкинс айни пайтда Ироқда портлаётган бомбалар сони сўнгги бир йил ёхуд 18 ойдагига қараганда сезиларли даражада камайганини қўшимча қилди.
XS
SM
MD
LG