Линклар

Олмаота норозилик намойишига чиқмади


1 май куни Олмаотада мухолифатнинг норозилик намойишига чиққанлар сони қалин эди, деб бўлмайди.

1 май куни Олмаотада мухолифатнинг норозилик намойишига чиққанлар сони қалин эди, деб бўлмайди.

Хориждаги қозоқ мухолифати вакилларининг 1 май куни мамлакат йирик шаҳарларида аҳолини норозилик намойишларига олиб чиқиш режаси муваффақиятсиз якунланди.

Апрел ойи бошида қозоқ мухолифатининг қочқинликдаги вакили Акежан Кажегельдин мамлакатдаги 13 нафар сиёсатчига мактуб йўллаб, унда қозоқ мухолифати амалдаги ҳукумат юритаётган сиёсатга қарши ҳамжиҳатликда ҳаракат қилиши вақти келганини билдирган эди.

Ўз мактубида Кажегельдин қозоқ ҳукумати мамлакатда кузатилаётган молиявий бўҳронга қарши етарли даражада кураша олмаётгани, Қозоғистонда эса кун сайин авторитаризм белгилари кучайиб бораётгани сабаб аҳоли орасида норозилар қатлами тобора қалинлашиб бораётгани ва уларни қамаш ёки мамлакатдан қувғин қилиш ҳолатлари ҳам кучайиб бораётганини алоҳида таъкидлаган эди.

Ҳозирда Европа мамлакатларидан бирида истиқомат қилаётган Акежан Кажегельдин мамлакат ичидаги ўз сафдошларига мурожаат қилиб, 1 май куни соат 10 да ҳукумат сиёсатига қарши бўлганларни намойишга олиб чиқиш таклифини киритганди.

Айни пайтда мухолифат вакили ушбу чақириғи орқали аҳолини қўзғолон ёки тартибсизликлар ўтказишга даъват қилмаганди.

Аммо 1 май куни соат 10 да Қозоғистоннинг йирик шаҳарларида одамлар оммавий равишда намойишларга чиққанлари йўқ.

Биз Кажегельдин чақириғи қозоғистонликлар томонидан қандай қабул қилинганини кузатиш мақсадида Олмаота шаҳри кўчаларидаги вазиятни кузатишга ҳаракат қилдик.

Лекин 1 май куни аҳолининг мухолифат вакили киритган таклифига нисбатан фаоллиги сезилмади. Кўчадагиларнинг байрам кайфиятида ёки одатдагидек кундалик юмушлари билан юрганини кузатдик.

Олмаотадаги Байзақов-Тимирязев кўчасидан кетаётиб, 5-6 нафақахўр ва бир-икки журналистнинг йиғилиб, ўзаро баҳс қилиб турганига кўзимиз тушди. Улар ёнига яқинлашгач эса йиғилганларнинг Кажегельдин чақириғига биноан амалдаги ҳукумат сиёсатига қарши фикр билдириш учун кўчага чиққанларини билдик.

“Поколение” ҳаракатининг раиси Ирина Савостина Акежан Кажегельдин чақириғини ижобий қарши олгани ва бу ҳақда 300 дан ошиқ нафақахўрга маълум қилгани, бироқ бу куни кўчага атиги бир-икки пенсионер чиққанини айтаркан, бундан ҳафсаласи пир бўлганини яширмайди:

- Ҳеч ким чиққани йўқ. Демак, халқ тирикчилик учун зарур энг кам маблағ - 13 минг тангага яшашга рози. Демак, 9800 танга миқдоридаги нафақа уларга етаяпти. Бизни нарх-навони кўтариш билан эзаяптилар, бундан буён ҳам нархлар кўтарилаверади. Демак, халқ буларнинг барчасига рози, деди Ирина Савостина.

Кўчага чиққанлар орасида бўлган мустақил журналист Галина Дирдина эса мухолифатчи Кажегельдиннинг чақириғи аҳоли томонидан эътиборсизлик билан қабул қилингани Қозоғистонда фуқаролик позициясининг ўта сустлиги билан боғлиқлигини айтади:

- Ўйлашимча, халқнинг норозилик акциясига нечоғли тайёрлигини кўрсатадиган вақт ҳали келганича йўқ. Ҳозирча нефт сотиш билан боғлиқ иқтисодий фаровонлигимиз ҳукуматга мамлакатда барқарорлик ҳукм сураётгани, бизда ҳаммаси жойида эканини айтишга имкон бераяпти.

Аммо Қозоғистоннинг чекка жойларида вазият тамоман бошқача. Жанаўзенда нефт қазиб олувчилар бекорга норозилик намойишларини ўтказаётганлари йўқ. Халқнинг сабр косаси аста-секин тўлиб бораяпти. Ҳукумат бу ҳақда ўйлаб кўриши керак, деди мустақил журналист.

Мавзуни ёритиш асносида қозоқ мухолифатчиси Акежан Кажегельдиннинг чақириғи мамлакат ичидаги мухолифат вакиллари томонидан ҳам олқиш билан кутиб олинмаганига гувоҳ бўлдик. 1 май соат 10 да мамлакатдаги атиги икки мухолифат партияси, яъни социал-демократлар ва коммунистлар намойишга чиққани маълум бўлди.

Мухолифатдаги “Олға” партияси раиси Алихан Байменов Акежан Кажегельдин таклифига биноан қозоқ мухолифатининг бирлаша олмаётгани ва 1 май куни халқни норозилик акциясига ҳам олиб чиқмагани сабабини бундай изоҳлади:

- Шуни инобатга олиш лозимки, айрим сиёсий ташкилотлар молиявий гуруҳларга қарам. Шу жумладан, ўзини демократик ташкилотлар деб атайдиганлари ҳам. Мен қозоқ мухолифатининг сўнгги форуми натижалари даставвал ана шу молиявий гуруҳлар раҳбарлари ўртасида ўзаро келишувга эришиш зарурлигини кўрсатди, деб ўйлайман, деди Алихан Байменов.
XS
SM
MD
LG