Линклар

logo-print

Ўзбекистонда диний эркинлик вазияти ҳамон аянчли

  • Ҳасанжон

Халқаро диний эркинлик бўйича АҚШ комиссияси вакиллари фикрича, Ўзбекистонда диний эркинликларни таъминлаш жабҳасида ижобий ўзгаришлар кузатилаётгани йўқ.

Халқаро диний эркинлик бўйича АҚШ комиссияси вакиллари фикрича, Ўзбекистонда диний эркинликларни таъминлаш жабҳасида ижобий ўзгаришлар кузатилаётгани йўқ.

Халқаро диний эркинлик бўйича АҚШ комиссияси 1 май куни галдаги йиллик ҳисоботини чиқарди. Мазкур ҳисоботдаги “алоҳида хавотир уйғотувчи давлатлар" рўйхатида Ўзбекистон ҳам бор.

Халқаро диний эркинлик бўйича АҚШ комиссияси чиқарган йиллик ҳисоботнинг биринчи қисми “алоҳида хавотир уйғотувчи давлатлар”, иккинчи қисми Комиссия кузатувидаги давлатлар рўйхати, учинчи қисми қўшимча кузатув лозим бўлган давлатлар рўйхатидан иборат.

Ҳисоботининг “алоҳида хавотир уйғотувчи давлатлар” рўйхатига Бирма, Ироқ, Корея Халқ Демократик республикаси, Нигерия, Покистон, Хитой Халқ Республикаси, Саудия Арабистони, Судан, Туркманистон, Ўзбекистон, Эритрея, Эрон ва Вьетнам киритилган.

Комиссиянинг Сиёсат ва тадқиқотлар бўйича директори Нокс Теймс Озодлик радиосига берган интервьюсида Ўзбекистоннинг “алоҳида хавотир уйғотувчи давлатлар” рўйхатидан ўрин олгани сабабини бундай изоҳлади:

- Ўзбекистонда диний эркинлик билан боғлиқ вазият аянчли аҳволда қолмоқда. Шу боис Комиссия АҚШ Давлат департаментига Ўзбекистонни “алоҳида хавотир уйғотувчи давлатлар”, яъни диний эркинликлар энг ёмон кўринишда бузилаётган давлатлар рўйхатида қолдиришни яна тавсия қилди.

Давлат департаменти Ўзбекистонни аллақачон шу рўйхатга киритган ва биз бу қарорни қўллаб-қувватлаймиз. Тошкент расмийлари диний эркинлик бўйича қонунлар ва ўз сиёсатини ислоҳ қилиши учун биз Оқ Уй маъмуриятини зарурий чоралар кўришга даъват қиляпмиз, деди Нокс Теймс.

Халқаро диний эркинлик бўйича АҚШ комиссияси чиқарган йиллик ҳисоботда Ўзбекистон ҳукумати сўнгги йилларда давлат кўрсатмаларига амал қилмаган минглаб мусулмонни 20 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум этгани, турли диний гуруҳлар аёвсиз таъқиб қилингани, ҳукумат ўз ҳатти-ҳаракатини уларнинг Ҳизбут-Таҳрир каби экстремистик гуруҳларга алоқадорлиги билан изоҳлагани билдирилган.

Давлат департаменти маълумотига кўра, 2007 йилдан бери Ўзбекистонда экстремизмга алоқадорлик айби билан 5000–5500 одам қамалган.

Халқаро диний эркинлик бўйича АҚШ комиссияси раҳбарларидан бири Нокс Теймс Ўзбекистонда хавфсизликка реал таҳдид борлигини инкор қилмаган ҳолда, бу таҳдид ҳукуматга ёқмаган диндорларни таъқиб қилиш учун баҳона бўла олмаслигини айтди.

- Айни пайтда Ўзбекистонда хавфсизликка таҳдид¸ жумладан, экстремистик гуруҳларга алоқадор бўлганлар томонидан хавфсизликка таҳдид мавжуд. Аммо бу ҳукуматнинг мустақил мусулмонларга нисбатан аёвсиз муносабатда бўлишига баҳона бўла олмайди. Аксинча, бундай муносабат консерватор ўзбекларнинг ҳукуматга қарши бўлиши ва экстремизм таҳдидининг кучайишига сабаб бўлади, деди Нокс Теймс.

Халқаро диний эркинлик бўйича АҚШ комиссиясининг йиллик ҳисоботида ҳозир Ўзбекистонда туркиялик диний уламо Саид Нурсийнинг издошлари ҳукумат томонидан таъқиб қилинаётгани билдирилган.

Жорий йил февралида диний экстримизмда айбланаётган икки гуруҳ, жумладан “Ирмоқ” журналининг беш нафар ходими судланиб, саккиз йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум этилган.

Бухорода “Нурчилар” иши юзасидан декабрь ойида тўққиз киши қўлга олинган. Куни кеча улар олти йилдан тўққиз йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум этилди.

Халқаро диний эркинлик бўйича АҚШ комиссияси ҳисоботида Ўзбекистонда нафақат мусулмонлар¸ балки бошқа диний гуруҳлар вакиллари ҳам таъқибларга учраётгани қайд этилган. Хусусан, насроний динига мансуб гуруҳларнинг рўйхатдан ўтиши учун жиддий қийинчиликлар борлиги билдирилган.

- 1998 йилда диний эркинлик ҳақида қабул қилинган қонун диний эркинликни чеклайди. Биз озчиликни ташкил этган диний гуруҳнинг тўққиз аъзоси қўлга олингани ва ҳозирда улардан тўрт нафари¸ жумладан, пастор Дмитрий Шестаков ҳам қамалганидан хабардормиз.

У тўрт йиллик қамоқ жазосини меҳнат колониясида ўтамоқда. У Андижонда шунчаки диний йиғин ўтказгани учун қўлга олинган, дейди Халқаро диний эркинлик бўйича АҚШ комиссияси аъзоси.

Ҳисоботининг Ўзбекистонга оид қисми охирида АҚШ ҳукуматига қатор тавсиялар берилган.

Хусусан, Халқаро диний эркинлик бўйича АҚШ комиссияси Давлат Котибига Ўзбекистонни “алоҳида хавотир уйғотувчи давлатлар” рўйхатида қолдиришни тавсия қилган.

Бундан ташқари, АҚШнинг Ўзбекистонга кўрсатажак ёрдами мамлакатдаги диний ва эътиқод эркинлиги, инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилаш, шубҳали айбловлар билан қўлга олинган шахслар, яъни диний, сиёсий ёки хавфсизликка таҳдид солганлик каби айбловлар билан қўлга олинганлар ишларини қайта кўриб чиқиш механизмини яратиш, дин эркинлиги бўйича халқаро келишувларга Ўзбекистоннинг риоя қилиши ва бошқа шу каби қатор шартлар асосида амалга оширилиши тавсия қилинган.

- Инсон ҳуқуқлари ва диний эркинликлар билан боғлиқ муаммолар ҳал этилиши учун биз Қўшма Штатлар ҳукуматига барча тадбирлар ва баёнотлар АҚШ Давлат департаменти, Мудофаа вазирлиги ва ҳукуматнинг бошқа идоралари билан мувофиқлаштирилган ҳолда амалга оширилишини тавсия қилдик, деди Халқаро диний эркинлик бўйича АҚШ Комиссиянинг Сиёсат ва тадқиқотлар бўйича директори Нокс Теймс.

Шунингдек, Халқаро диний эркинлик бўйича АҚШ комиссияси ҳисоботида АҚШ ҳукуматига ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва диний эркинлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва шу каби бошқа тавсиялар таклиф қилинган.
XS
SM
MD
LG