Линклар

Журналистларга босим кучайган

  • Гулнора Равшан

Freedom House халқаро ташкилоти ҳисоботида айтилишча, минтақа давлатларидаги сўз эркинлиги вазияти яхши томонга ўзгарган эмас.

Freedom House халқаро ташкилоти ҳисоботида айтилишча, минтақа давлатларидаги сўз эркинлиги вазияти яхши томонга ўзгарган эмас.

Тожикистонда сўз эркинлигига доир вазият яхши томонга ўзгармаган. “Озодлик уйи” (Freedom House) халқаро ташкилоти сўз эркинлиги куни арафасида эълон қилинган ўз йиллик ҳисоботида шундай хулосага келган.

“Озодлик уйи” ташкилоти бу йилги ҳисоботида Тожикистонни Қозоғистон, Судан ва Озарбойжон қаторига қўшар экан бу мамлакатда сўз эркинлигига доир вазият ҳамон яхши томонга ўзгармай қолаётганини маълум қилган.

Шу ўринда эслатиш жоизки Тожикистон ўтган йил ҳам рўйхатнинг 165 қаторидан жой олган эди.

“Фараж” мустақил рўзномаси бош муҳаррири Хуршеди Атовулло Тожикистондаги сўз эркинлигига доир вазиятнинг Қозоғистондаги вазиятга қиёсланишига рози эмас.

- Тожикистондаги сўз эркинлигига доир вазият Қозоғистондагидан анча ёмон. Масалан, Тожикистон жиноят Кодексига киритилган тухмат ва таҳқир моддалари айнан журналистлар фаолиятини чеклаш учун қаратилганини ҳамма яхши билади.

Шуни назарга олган ҳолда, менимча, Тожикистон бу рўйхатда Қозоғистондан ҳам пастроқда туриши керак, хатто қўшни Ўзбекистондан ҳам, - дейди “Фараж” рўзномаси бош муҳаррири.

Хуршеди Атовуллога кўра, тожикистонлик журналистларга нисбатан турли хилдаги босимлар аввалги йилларга нисбатан кучайган ва шунинг учун ҳам улар касбий фаолиятларида бир қатор қийинчиликларга дуч келишмоқда.

Ҳисобот муаллифлари тожикистонлик журналистларда ўз ўзини цензура қилиш муаммоси кучли эканини таъкидлашган.
Тожикистондаги қалам аҳли ва таҳлилчилар “Озодлик уйи” ташкилотининг бу каби хулосасини қувватлашмоқда.

Аммо расмийлар сўнгги бир йил мобайнида Тожикистон ҳукумати мамлакатда сўз эркинлигини таъминлаш борасида мақташга арзигулик ишларни амалга оширганидан сўзлайдилар.

Тожикистон ҳукуматининг расмий нашри саналган “Минбари халқ” рўзномаси бош муҳаррири Бахтиёр Ҳамдамов “Озодлик уйи”нинг ҳисоботи воқеликка тўғри келмаслигини таъкидлайди.

- Бу ташкилотнинг мамлакатимизда сўз эркинлиги ҳукумат томонидан бўғиб қўйилганлигига доир иддаоси асоссиздир. Аксинча ҳукумат матбуот эркинлигини таъминлаш учун ҳамиша демократик принципларга амал қилиб келади.

Масалан, шу йил президентимизнинг давлат идора ва ташкилотлари раҳбарларининг матбуотда нашр қилинаётган ҳар қандай танқидий мақолаларга вақтида муносабат билдириши ва унга тезда жавоб қайтаришига доир фармони сўзим далилидир,- дейди Ҳамдамов.

Бироқ Тожикистон журналистлари миллий уюшмаси раиси Нуриддин Қаршибоев президентнинг бу фармони ҳеч нарсани ўзгартирмаётганини билдирар экан, жиноят Кодексидан тухмат ва таҳқир моддаси олиб ташланмагунга қадар тожик матбуотида вазият яхши томонга ўзгаришига шубҳа қилишини билдирди.

-Ўтган бир йил ичида 68 журналист ҳуқуқлари қўпол тарзда оёқ ости қилинган эди. Жорий йилнинг дастлабки уч ойи давомида эса 26 та шундай ҳолат қайдга олинди.

Журналистларнинг кўпчилиги прокуратура ходимлари томонидан босимга учраган, жумладан, ҳукумат амалдорларини танқид қилган журналистлар ҳам. Расмийлар камчилигини қаламга олган муаллифларнинг босимга олинишига доир ҳолатлар сўнгги вақтлар жуда кўп учрайдиган бўлиб қолди,- дейди Қаршибоев.

Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, сўнгги бир йил мобайнида Тожикистонда танқидий мазмундаги мақолаларни нашрга берган ўнлаб журналистлар устидан жиноий иш очилган, аммо бу ишлар судгача борганига доир ҳолатлар қайд этилмаган.

“Аммо - дейди Қаршибоев,- бир марта прокуратуралардаги жараёнлардан ўтган журналистлар, жумладан, мустақил нашрларнинг энди иш бошлаган мухбирлари орасида ўз - ўзини цензура қилиш оммавийлашмоқда”.
XS
SM
MD
LG