Линклар

Ўзбекнинг боласи Европани забт этди

  • Абдулла Искандар

Беҳзод Абдураимов Лондон филармониясида фортопиано чалган ягона ўзбек сифатида тарихга кирди.

Беҳзод Абдураимов Лондон филармониясида фортопиано чалган ягона ўзбек сифатида тарихга кирди.

Ўзбекистонлик 18 ёшли созанда Беҳзод Абдураимов Лондонда ўтказилган Халқаро пианиночилар танловининг тўрт босқичидан муваффақиятли ўтгани ва бош совринга эга бўлганидан Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг хабари йўқ..

Лондондаги нуфузли танлов ғолиби Беҳзод Абдураимов Тошкентдаги Успенский номли санъат даргоҳида таниқли мураббия Тамара Попович қўлида таҳсил олган эди.

Тамара Поповичнинг айтишича, Беҳзод Лондондаги танлов ғолиби бўлгани ҳамон устози билан қувончини баҳам кўрган.

- Анчагина мураккаб танлов эди. Лондондаги мусобақа тўрт босқичдан иборат машаққатли бир синов. Таланти бор бўлгани учун мақсадга эришиш йўлидаги изчиллик ўз мевасини берди.

Мен ниҳоятда хурсандман. Лондон мусобақасидаги ғалаба Беҳзод учун катта мусиқа эшикларини очади, дейди Тамара Попович

Биринчидан, бу ғалаба қувончи¸ иккинчидан, Беҳзод учун катта концерт залларида чолғу чалиш имконияти дегани. Бундан буëн менежерлар ва продюссерлар унинг атрофида парвона бўлади.

Учинчидан, мукофот Беҳзод чўнтагига уч-тўрт танга пул бўлиб киради, бу ҳам ëмон эмас¸ дейди дейди Тамара Попович.

Лондон филармониясида фортепиано чалган илк ўзбек чолғучиси сифатида тарихга кирган Беҳзод Абдураимов Озодлик радиосига интервю берди.

Озодлик: Ало, ассалому алайкум.

Беҳзод Абдураимов: Ассалому алайкум.

Озодлик: Авваламбор сизни бу катта муваффақият билан табриклаймиз.

Беҳзод Абдураимов: Катта раҳмат.

Озодлик: Бу мукофотни олиш жараëни қандай бўлди?

Беҳзод Абдураимов: Жуда кутилмаган бўлди. Мен бундай катта конкурсга биринчи марта қатнашяпман. Биринчи ўринни олганимни айтишганида шунақанги хурсанд бўлдим. Аввалига ишонмадим.

Озодлик: Устозингизнинг айтиши бўйича¸ бу конкурс тўртта босқичдан иборат бўлипти. Анча қийин бўлипти¸ тўғрими?

Беҳзод Абдураимов: Ҳа¸ тўртта босқич бўлди. Ундан олдин ҳам танлов бўлиб мусобақага 110 пианистдан 24 нафарини танлаб олишди.

Озодлик: Сиз қайси композицияларни чалдингиз?

Беҳзод Абдураимов:
Биринчи¸ иккинчи, учинчи турларнинг ҳаммаси якка тартибдаги программа бўлди. Бах¸ Шуберт¸ Шопен асарлари десак бўлади.

Озодлик: Лондондаги мусиқа ихлосмандлари қандай қабул қилди?

Беҳзод Абдураимов: Биринчи турдан бошлаб жуда яхши қабул қилишди. Тўртинчи тур жуда ҳам кутилмаган бўлди. Европада кўпинча концертлардан кейин қарсак чалишади¸ лекин ўринларидан туришмайди. Яъни ўринларидан туриб қарсак чалишмайди. Лекин тўртинчи турдан кейин кутилмаганда одамлар ўринларидаб туриб қарсак чалишди. Мен бундан жуда ҳам хурсанд бўлдим.

Озодлик: Кейин дарров устозингизга телефон қилибсиз.

Беҳзод Абдураимов: Ҳа¸ телефон қилдим.

Озодлик: Ëнингизда яқинларингиз борми ë ота-онангиз Тошкентдами?

Беҳзод Абдураимов: Ҳозир онам Тошкентдалар.

Озодлик: Қандай қилиб мусиқа соҳасига кириб қолдингиз? Ўқитувчингиз "Биринчи синфдан менинг олдимга келган", деяпти.

Беҳзод Абдураимов: Онам биринчи бўлиб мени Тамара Поповичнинг олдида олиб борди. Мен ўшанда олти ëш эдим. 15-16 ëшимгача Успенский академик лицейида ўқидим. Кейин Канзас шаҳрининг Парк университетига имтиҳон топширдим. Ҳозир шу ерда ўқияпман.

Озодлик: Устозингиз бундан буëн сизнинг ëнингизга менежерлар келади¸ катта даргоҳларнинг эшиклари очилади, деди.

Беҳзод Абдураимов: Олдимиздаги шанба куни (2 май куни) мени Рўв филармоник оркестр билан концерт беришга таклиф қилишаяпти. Бу жаҳонда танилган жуда катта оркестр. 2010 йил октябр ойида Лондон филармониясида дебют концертим бўлади.

Озодлик: Сиздан олдин ўзбеклардан кимдир Лондон филармониясида яккахон сифатида фортепиано ижро қилганми?

Беҳзод Абдураимов: Менимча¸ ўзбекларнинг ичида мен биринчиман.

Озодлик: Табриклаймиз. Мана бизга етиб келган маълумотларга кўра¸ Қозоғистонда қандайдир халқаро танловда ғолиб бўлган экансиз. Бу қандай бўлган эди?

Беҳзод Абдураимов: Бу 2000 йилдаги мусобақа эди. Мен 2008 йилда Америкада учта халқаро мусобақада ютдим.

Озодлик: Ўзбеклар кўпроқ фолклор¸ тор¸ доира чалишади. Ўша куйнинг тажрибаси бор бизда. Классик Европа маданияти бу бошқа дунë маданияти. Сиз нима учун бу классик санъатни танладингиз?

Беҳзод Абдураимов: Биринчидан¸ фортепиано чалиш менга жуда ҳам ëқади. Уйда кичкиналигимдан бери катта опам фортепиано чалардилар. Мен шуни ҳар доим эшитиб юрардим.

Мен яна шуни айтишим керак: Тошкентдаги Успенский академик лицейида¸ Глиэр мусиқа мактабида¸ Ўзбекистон давлат консерваториясида мусиқани юқори даражада ўқитишади. Ўқитувчиларимиз жуда ҳам зўр. Кўплаб лауреатларимиз бор.

Озодлик: Ўзбекистон бастакорлар уюшмасининг раиси Рустам Абдуллаев “Талант бу талант. Уни рўëбга чиқарадиган бу устоз. Беҳзоднинг ютуғи устозларининг ютуғи”, деган бир гапни айтди. Сиз бунга нима дейсиз?

Беҳзод Абдураимов: Албатта. Мен бунинг учун устозларим Тамара Поповичга ва Станислав Феденичга катта миннатдорчилик билдираман. Тамара Попович менинг биринчи ўқитувчим¸ Станислав Феденич эса ҳозиргиси.

Мен улардан мендан вақтларини аямаганликлари учун¸ менга шунча илмларини берганликлари учун жуда ҳам миннатдорман.

Озодлик: Беҳзоджон¸ орзуларингиз қандай?

Беҳзод Абдураимов: Ҳозирча ўқишларни давом эттириб Канзас шаҳрида концертлар бермоқчиман. Келажакда Ўзбекистонда ижодимни давом эттириб¸ болаларни ўқитиш¸ Ўзбекистонда классик мусиқани давом эттириш ниятим бор.

Озодлик: "Пианист" деган кинони кўрганмисиз?

Беҳзод Абдураимов: Ҳа¸ албатта.

Озодлик: Ëқадими сизга шу кино?

Беҳзод Абдураимов: Қайси маънода?

Озодлик:
Биз кеча (29 апрел куни эфирга кетган эшиттириш назарда тутилмоқда) радиопрограммада ўша филмдаги мусиқалардан фойдаландик.

Беҳзод Абдураимов: Албатта. Бу кинонинг менга ëқадиган жойи шуки¸ уруш ўз йўлига¸ аммо мусиқа барибир қолади. Жаҳонда нима содир бўлса ҳам орадан вақтлар ўтади¸ аммо мусиқа барбир қолади.

Мусобақа жуда ҳам зўр ташкиллаштирилган эди. Тайëрланиш учун шуғулланадиган хоналари зўр эди.

Финалда Лондон филармония оркестри билан чалдим. Бу ҳамма мусобақа ташкилотчилари ташкил қила олмайдиган нарса. Бу 2900 та одам сиғадиган катта залда бўлди.

Озодлик: Сизга кийимларни ким тикди?

Беҳзод Абдураимов: Ростини айтсам мен костюм билан галстук кийишни ëқтираман.

Озодлик: Буни яхши бир дизайнерлар тикадими ëки магазиндан олиб қўяверасизми?

Беҳзод Абдураимов: Мен Лондонга келишдан олдин Италияда бўлган эдим. Ўша ерда ўзимга яхши бир италянский костюм олган эдим. Мен ҳозиргина учрашувдан келдим. Концертлар бўйича менежерлар билан учрашдим. Улар концертда менинг иштирок этишимни хоҳлашаяпти.

Яна битта нарса эсимдан чиқипти: у ерда биринчи ўринни олганга приз сифатида дебютний диск чиқариб беришади. Наксес Марко поло фирмаси чиқаради.

Озодлик: Ўзбекистондаги бошловчи мусиқачиларга¸ ота-онангизга¸ устозларингизга¸ синфдошларингизга айтадиган гапларингиз борми?

- Албатта. Биринчидан, мен устозимга катта миннатдорчилик билдираман. Онамга¸ мен билан бирга ўқиган синфдошларимга¸ Тошкентда ўқиган пайтларимда мени қўллаб-қувватлаганларнинг ҳаммасига алангали салом йўллайман¸ дейди Беҳзод Абдураимов.

Ўзбекистон бастакорлар уюшмаси раиси Рустам Абдуллаев Беҳзоднинг ғалабаси ўзбек мусиқасининг катта ютуғи эканини айтади.

- Жуда зўр бўлган. Мен у болани ëшлигидан биламан. У жуда меҳнаткаш¸ истеъдодли¸ одобли йигит. Мен унинг интилишини¸ истеъдодини ҳар доим қўллаб-қувватлайман. Мен унинг Лондонга эришган ютуғидан бениҳоя хурсанд бўлдим. Унга келажакда катта омадлар тилайман¸ дейди Рустам Абдуллаев.

Беҳзод Абдураимовнинг Лондондаги ютуғи, Рустам Абдуллаев фикрича, Ўзбекистонда классик музика чолғучилар сафи қалин эканидан ҳам далолатдир.

- Бу, биринчидан, бизда ижрочилик санъатининг ривожланганлигидан далолат. Бундан ташқари, Улуғбек Полвонов¸ Фазлиддин Ҳусанов деган истеъдодли йигитларимиз бор. Бизда талантлар жуда кўп.

Бу ëшларимизнинг жаҳон санъатини яхши эгаллаганидан далолат. Шу билан бирга, бу яхши анъанавий педагогларимиз борлигидан далолат беради.

Талант ўз йўлига талант¸ лекин уларни саҳнага олиб чиқадиган устозлар бўлади. Шунинг учун ҳам мен авваламбор Тамара Поповични табриклайман. Бу санъатнинг, жаҳон санъатининг ютуғи¸ дейди Рустам Абдуллаев.

Ўзбекистон бастакорлар уюшмаси раҳбарига кўра¸ бу қувончли хабар Ўзбекистондаги ëш мусиқачиларни янги ғалабалар сари илҳомлантиради.

Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг мусиқа бўйича мутасаддилари ўзбек мусиқачисининг халқаро саҳнадаги ғалабасидан хабарсиз эканлигини айтишди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG