Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:22

Имтиҳон учун 25 минг сўм


Андижондаги мактаб битирувчиларидан имтиҳонлар ва битирув кечаси учун 25 минг сўмдан пул йиғишаяпти.
Андижондаги мактаб битирувчиларидан имтиҳонлар ва битирув кечаси учун 25 минг сўмдан пул йиғишаяпти.

Ўзбекистон мактабларида ўқув йили якунланиши олдидан битирувчилардан пул йиғиш кампанияси бошланди. Андижонлик тингловчиларга кўра¸ битирув имтиҳонлари ва кечаси учун ўқувчилардан 25 минг сўмдан пул олиб келиш буюрилган.

Андижон шаҳридаги 43 ўрта мактабнинг 9 синфида ўқиётган Қамарзода Ҳожихонованинг онаси Гулбаҳор Тўраеванинг Озодликка айтишича, мактаб раҳбарияти ота-оналар қўмитаси орқали ҳар бир ўқувчига битирув кечаси учун 25 минг сўмдан пул олиб келишни талаб қилмоқда:

- Қизим 9 синфни битираяпти. Битирув кечаси қилиш учун 25 минг сўмдан йиғиш ҳамма мактабларда одат бўлиб қолипти. Мен унга “Май ойининг бошларида бераман¸ озгина сабр қилиб тургин” десам¸ ота-оналар қўмитасининг вакили келиб, бермаган ўқувчиларни таҳқирлай бошлапти.

Мен ўшандан кейин синф раҳбарига бориб “Озгина кечикади пул. Менда ҳозир пул йўқ. Бешта болам бор. Озгина сабр қилинглар. Нимага ота-оналар қўмитасининг вакили боламни таҳқирлайди? Агар пул сизларга керак бўлса¸ ўзларингиз йиғинглар”, деб мурожаат қилдим¸ дейди Гулбаҳор Тўраева.

Барибир ота-оналар қўмитаси раҳбари Людмила Фролова дарсларга кириб, қизимни пул олиб келмагани учун таҳқирлаган ва бунга синф раҳбари Зарифа Каримова ҳам қўшилган, дейди Гулбаҳор Тўраева.

Шунда у синф раҳбарининг олдига бориб, бунча пул нимага сарф бўлиши билан қизиқиб кўрганлигини айтади:

- Синф раҳбари менга “Бу пулни суриштиргани сизда ваколат йўқ”¸ деяпти. 25 минг сўм пул бераман¸ менинг ваколатим бўлмайдими? Мен онаманку. Бу пул 5000 эмас¸ 10 минг эмас¸ 15 минг эмас. Мен берган пулимнинг қаерга ишлатилишини билишим керакми!?

Кейин директор ўринбосарининг олдига кирдим. У менга пул йиғмаслик тўғрисида қоғоз кўрсатаяпти. “Биз пул йиғмаяпмиз. Пул йиғиш нотўғри. Бу бўлмаган нарса”, деб ўзини оппоқ қилиб кўрсатди.

Ўша пайтда ота-оналар қўмитаси раҳбари Людмила Фролова келиб қолди ва “Сен сиëсий қамалгансан. Сен мактабнинг пулларини суриштириб сиëсатга қарши чиқаяпсан. Сени бош прокуратурага ëзиб бераман. Сен халқ душманисан. Сенинг боланг мактабда ўқиши керак эмас”, дейди. Директор ўринбосари эса бу нарсани тасдиқлаб турипти¸ дейди Гулбаҳор Тўраева.

Эслатиб ўтамиз, «Анима кор» ҳуқуқ ҳимояси ташкилотининг раҳбари Гулбаҳор Тўраева 2007 йилнинг январида мухолифатдаги «Эрк» партиясига тегишли китоблар билан ўзбек-қирғиз чегарасини кесиб ўтаётган пайтда ҳибсга олинган ва олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

Аппеляция суди кейинроқ бу жазони уч йиллик шартли жазо муддатига алмаштирган эди.

- Мен сиëсий қамалган бўлсам¸ нима учун бу нарсага менинг болаларим жавоб бериши керак? Нимага? Бу қаерда ëзилган? Мактабда йиғиладиган пуллар сиëсатга тегишли эканлигини мен билмабман.

Мен сиëсат деб конституцияни ҳурмат қилардим¸ ҳозир демократик давлатда яшайман деб ўйлаяпман¸ қонунни ҳурмат қиламан. Лекин мактабнинг пуллари сиëсат эканлигини мен тушунмабман.

Мактабда йиғиладиган пуллар сиëсатга киради деб қаерда ëзган экан? Мен ўша нарсага ҳеч ҳам тушунмаяпман¸ дейди Гулбаҳор Тўраева.
Бироқ 43 мактаб директори Ирина Товадова ўқувчилардан пул йиғилиши ҳодисасини қатъиян рад этди.

- Бу ëлғон. Мен ҳеч нарса йиққаним йўқ. “Ҳеч нарсага пул йиғилмасин”, деб катта қилиб эълон осиб қўйганман¸ дейди Ирина Товадова.
Мактаб директори улардан сўрамай қилинган бу ҳаракат учун ота-оналар қўмитаси раҳбари Людмила Фроловага дашном берганлигини айтади:

- Мен унга "йиғ" деб айтганим йўқ. Уни роса уришдим. Битта бола мана уйига бормаган экан. Уни излаб кечқурун кўчада юриб, люкнинг ичига тушиб кетдим. Қўлим синди. Шу аҳволда ишга чиқиб, ким йиққанининг тагига етдим. Биз пул йиққанимиз йўқ. Бизга пул керак эмас¸ дейди мактаб директори Ирина Товадова.

Лекин Гулбахор Тўраеванинг айтишича, мактабда ўқувчилардан пул йиғиш одат тусига айланиб қолган:

- Ремонтга ¸ металлоломга¸ макулатурага – ҳар нарсага йиғилади. Уларга пул бериб бўлганман. Ундан қарзим йўқ менинг. Фақат шу битирув кечасига озгина пул бўлмай қолди.

Мен уни берардим. Лекин¸ тўғри тушунинг¸ мен бир ўзим ишлайман. Кичкина қизим касал бўлгани учун ҳамма пулларим ўшанга кетиб қолаяпти¸ дейди Гулбаҳор Тўраева.
XS
SM
MD
LG