Линклар

Ўзбекистон энг охирги ўринда

  • Фаррух Юсуфий

Кузатувчилар фикрича, Ўзбекистонда газета ва журналлар сони кўп, бироқ мазмун жиҳатидан улар бир-биридан фарқ қилмайди.

Кузатувчилар фикрича, Ўзбекистонда газета ва журналлар сони кўп, бироқ мазмун жиҳатидан улар бир-биридан фарқ қилмайди.

Freedom House ташкилоти 3 май - Халқаро сўз эркинлиги куни арафасида эълон қилинган янги ҳисоботида Ўзбекистонни яна матбуот эркинлигини бўғаётган давлатлар рўйхатига қўшди.

Халқаро матбуот эркинлиги куни 1993 йилда БМТ Бош ассамблеяси томонидан таъсис этилган ва у ҳар йили 3 май куни нишонланади. Бу кун матбуот эркинлиги асосларини ҳимоя қилиш ва қадрлаш, журналистик фаолияти учун жабр кўрган журналистларни олқишлаш фурсатидир.

Ўзбекистонда ҳам бу кун турли тадбирлар воситасида нишонланади. Чунки Ўзбекистонда матбуот ва сўз эркинлиги Конституция билан кафолатланган ҳуқуқлардан бири ҳисобланади.

Ҳар қалай Конституциянинг 29 - моддасида ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга экани айтилган.

Лекин Ўзбекистоннинг бошқа соҳаларидаги каби, сўз эркинлигига оид реал воқелик мутлақо ўзгача экани ҳақида Озодлик радиоси дастурларида кўп гаплашганмиз.

Ўзбекистонлик мустақил кузатувчи Искандар Худойберганов мамлакатда матбуот ва сўз эркинлигига оид вазият кундан кунга ёмонлашиб бормоқда, деган фикрда.

- Сўз эркинлиги масаласида шароит борган сари оғирлашиб бормоқда. Бизнинг матбуотни кўрсангиз¸ телевидениени эшитсангиз¸ дарров сезилади. Чунки бўлаëтган воқеалар тўғрисида ҳақиқий гаплар йўқ. Бу биринчидан.

Иккинчидан¸ бизларнинг матбуотда мухолиф фикрлар ҳеч баëн этилмайди. Шунинг ўзи далиллардан бири.Чунки Ўзбекистон раҳбариятининг матбуот эркинлигига оид тушунчаси ўзи нотўғридир.

Бизда матбуот эркинлиги бор деганда кўпинча чиқаëтган газета¸ журналларнинг сони гапириб ўтилади. Бешта¸ 20 та¸ 30 та газета чиқиши мумкин¸ аммо ҳамма газеталарнинг фикри бир: фақат давлат сиëсатини қўллаб-қувватлайди.

Ана шундан билинади. Шунинг учун улар сон ҳақида гапирганда¸ сифат тўғрисида гапирмайди. Матбуот ҳар хил фикрларни бериши керак¸ - дейди Искандар Худойберганов.

Оддий ўзбекистонликлар ҳам ўзбек матбуоти эркин деган фикрдан йироқда. Тошкентлик оддий ўқитувчи Шавкат ака гапиради.

- Қисқа ва лўнда қилиб айтганда¸ бизнинг маҳаллий ОАВларда айтилаëтган гапларга жуда ишониш қўйин. Мустақиллик бошланганидан бери ҳамма ëқ лақиллатиш¸ ҳамма ëқ алдов. Бирор бир гапда ростгўйлик бўлгани йўқ. Жуда оғзини кўпиртириб гапиришади¸ - дейди тошкентлик ўқитувчи Шавкат ака.

Халқаро матбуот эркинлиги куни арафасида, дунёда эркинлик ва демократия ғояларини тарғиб этиш билан шуғулланадиган Freedom House – Озодлик уйи ташкилоти матбуот эркинлигига оид йиллик ҳисоботини эълон қилди.

Дунёнинг 195 давлатида матбуот эркинлигига оид вазиятга баҳо берилган ушбу ҳисоботда Ўзбекистон одатдагидек Шимолий Корея ва Бирма каби мамлакат қаторида рўйхат тубидан жой олди.

Ўзбекистонлик мустақил журналист Галима Бухорбоева, Ўзбекистоннинг бир неча йилдан бери сурункасига матбуот эркинлиги бўғилган мамлакатлар қаторидан чиқа олмаётгани ҳам вазиятга яхши чизги бўлади, дейди.

- Афсуски, Ўзбекистон матбуот эркинлиги бўйича собиқ иттифоқ республикалари ичида энг охирги ўринда қолмоқда. Чунки собиқ иттиффоқ мамлакатларининг ҳеч бирида қамоққа ташланган журналистлар сони Ўзбекистондагидек кўп эмас.

Бугун Ўзбекистон турмаларида саккиз нафар журналист қолмоқда ва афсуски¸ Ўзбекистон ҳукумати матбуот эркинлигига оид вазиятни яхшилаш истагини кўрсатмаяпти, - дейди Галима Бухорбоева.

Матбуот эркинлиги куни бу йил якшанба кунига тўғри келгани учунми, ё бошқа сабабданми, Ўзбекистон матбуотида бу санага бағишланган хабар ва лавҳаларни топиш қийин бўлди.

Бу сана муносабати билан журналистлар орасида ўтказилажак танлов ёхуд Ўзбекистонда матбуот эркинлигини таъминлашнинг устувор масалалари муҳокамасига бағишланган анжуманга оид хабарларни келаси ҳафта ўқиб қолсак ажабмас.

Лавҳани тайёрлаётганимизда Ўзбекистон Ёшлар телеканалида мазкур каналнинг фаолятига оид реклама лавҳасидан жой олган президент Ислом Каримовнинг мана бу баёноти диққатимизни тортди.

- Бу шундай бир балоки¸ бунинг киришини сезмасдан қоламиз. Телевидение ва умуман мана шу информацион воситалар. Буларни ҳам, айтайлик, ëпиб бўлмайди. Булар ҳам ўз ишини қилаяпти.

Бу балони тўхтатиш¸ бу балога қанақадир тўсиқ қўйиш ëки буни парда билан ëпиш мумкин эмас. Нима керак¸ қандай қурол бизларга керак?

Нима ҳисобидан биз фарзандларимизнинг¸ невараларимизнинг маънавий ҳаëтини¸ онгини қўриқлаймиз¸ керак бўлса ҳимоя қиламиз¸ -дейди матбуот ҳақида гапирган президент Ислом Каримов.

Ана шунақа гаплар, бугун 3 май халқаро матбуот эркинлиги куни.
XS
SM
MD
LG