Линклар

logo-print

АҚШ Гуантанамо маҳбусларига бошпана изламоқда


Қўшма Штатлар Германия ҳукуматидан Гуантанамо маҳбусларидан айримларини ўз паноҳига олишни сўраган.

Германия Ички ишлар вазирлиги расмийларидан бири "Spiegel" журналига берган суҳбатида буни тасдиқлади.

Журналнинг ёзишича, гап турли сабабларга кўра ватанларига қайта олмайдиган Гуантанамо тутқунлари ҳақда бормоқда. Улар орасида тўрт нафар ўзбек ҳам бор. Уларни ватанларида қийноқлар остидаги ўлим кутаётганидан хавотирлар бор.

Ҳозирча дунёдаги бирорта давлат уларга бошпана бериш ҳақида хоҳиш билдирмади.

АҚШ президенти Барак Обама вазифасига киришганининг илк кунлариёқ Кубадаги Гуантанамо қамоқхонасини бир йил давомида ёпиш ҳақида буйруқ чиқарган эди.

Террорчиликда гумонланиб қўлга олинган икки юз элликка яқин маҳбус етти йилдан буён судловсиз Гуантанамо қамоқхонасида ушлаб турилибди.

Ҳозиргача АҚШ ҳукумати Гуантанамонинг 30 маҳбуси Европа давлатлари тарафидан қабул қилиб олинишга лойиқ экани ва улар Европа жамияти учун хавф туғдирмаслигини билдирган.
XS
SM
MD
LG