Линклар

Чўчқа гриппи ҳануз таҳдид манбаи


Мексика ҳукумати янги вируснинг тарқалиши сусайганини эълон қилиши ортидан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти барча давлатларни чўчқа гриппи номини олган H1N1 вурусига нисбатан ҳушёр туришга даъват қилмоқда.

Мексика Соғлиқни сақлаш вазири Хосе Анхел Кордоба мамлакатда ушбу вируснинг тарқалиши анча сусайганини билдириб, расмийлар бугун пойтахтдаги тарихий обидаларни жамоатчилик учун очиш масалаларини муҳокама қилишларини маълум қилди.

Бироқ Мексикадан тарқалган чўчқа, парранда ва одамда учрайдиган грипп вирусларининг ўзига хос қоришмаси бўлган H1N1 вурусига чалиниш ҳолатлари жаҳон бўйлаб ҳануз кузатилмоқда.

Айни пайтда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Маргарет Чан ўлим ҳолатларининг камайгани ушбу касаллик борасидаги хавотирлар ортда қолди дегани эмас, деган фикрни билдирди. Financial Times нашрига гапирган Маргарет Чаннинг билдиришича, мазкур вирус яқин келажакда янада хавфлироқ кўринишда қайтадан тарқалиши мумкин.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, жаҳон бўйлаб 18 давлатда хавфли касаллик билан боғлиқ 787та ҳолат қайд этилган. 20 нафар одам ўлимига айнан шу вируснинг сабаб бўлгани расман тасдиқланган.
XS
SM
MD
LG