Линклар

Туркман чегарачиси яна ўқ узди


Туркманистонга қарашли Туямўйин сув омборига балиқ ови учун борган ўзбекистонликлардан бири туркман чегарачиси отган ўқдан ҳалок бўлди.

Туркманистонга қарашли Туямўйин сув омборига балиқ ови учун борган ўзбекистонликлардан бири туркман чегарачиси отган ўқдан ҳалок бўлди.

Хоразмдаги “Нажот” инсон ҳуқуқлари гуруҳининг 3 май куни хабар қилишича, 20 апрел куни туркман чегарачилари ўзбек-туркман чегарасида бир ўзбекистонликни отиб ўлдирган¸ яна бирини оғир жароҳатлаган.

Хоразм вилояти Янгиариқ тумани Чиқирчи қишлоғида яшовчи 31 яшар Отабек Оллоберганов туркман чегарачиси ўқидан воқеа жойида ҳалок бўлган, унинг шериги - 19 ёшли Жалол Матёқубов эса оғир тан жароҳати билан шифохонага ётқизилган.

Ўзбекистон-Туркманистон чегарасидаги ушбу воқеа тафсилотларини Хоразмдаги “Нажот” ҳуқуқ ҳимояси гуруҳи раҳбари Ҳайитбой Ёқубов ҳикоя қилади.

- Бу воқеа 2009 йил 20 апрел куни Хоразм яқинида жойлашган Туямўйин сув омборида юз берган.

Тўсатдан пайдо бўлган Туркманистон чегарачилари ўша ерда балиқ овлаëтган қайиқдагиларга қарата ўқ отган.

Ўқ отиш пайтида Оллоберганов Отабек исмли йигит ўша ернинг ўзида ўлган. Унинг шериги, 1990 йилда туғилган Матëқубов Жалолбек елкасидан ярадор бўлган. Бу йигитлар Ўзбекистон фуқароларидир, дейди Ҳайитбой Ёқубов.

Янгиариқ туман Ички ишлар бўлими ходими ҳам ушбу воқеа 20 апрел куни содир бўлганлигини тасдиқлади.

- 20 апрел куни бўлган. Биттаси ўлган¸ биттаси ярадор бўлган.

Озодлик: Иккаласи ҳам Янгиариқда яшовчи фуқароларми?

-Ҳа, Янгиариқ тумани¸ Чиқирчи қишлоғи Оқмачит фермерлар уюшмасида яшовчи фуқаролар, деди Янгиариқ ИИБ ходими.

Янгиариқ туман Ички ишлар бўлимининг бошқа бир ходимига кўра, воқеа Хоразм вилояти Ҳазорасп тумани Питнак шаҳри яқинидаги Туркманистонга қарашли Туямўйин сув омбори ҳудудида содир бўлган.

- Бу Янгиариқда бўлган эмас. Туркманистон ҳудудида бўлган. Туямўйин сув омборининг ëнида. Бу болалар ўзи Янгиариқ туманидан бўлиб, у ëққа балиқ овига боришган.

Озодлик: Воқеа балиқ ови пайтида бўлганми?

-Ҳа. У жой Туркманистон ҳудуди-ку.

Озодлик: Демак, улар Туркманистон ҳудудига ноқонуний ўтишганми?

-Ҳа¸ шундай, дейди Янгиариқ ИИБ ходими.

Янгиариқ туманидаги Чиқирчи қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Ботир Қаландаров воқеага ойдинлик киритиб, воқеа жойида уч нафар чиқирчилик фуқаро балиқ овлаётган пайти туркман чегарачилари уларга қарата ўқ узганлигини айтади.

- Булар балиқчи болалар. Уларда балиқчилик қилишга рухсат берувчи ҳужжат бўлган. Энди бир сабаб билан зонага кириб қолишгандир.

Озодлик: Зона деганингиз ¸Туркманистон ҳудудими?

-Ҳа. Шу зонани ёнида, 500-600 метр масофада балиқ овлаётган бўлишган.

Чегарачилар уларга тўхта дейишган¸ улар тўхтамаганми, хуллас, шунақа бир нима бўлган.

Булар чегарачиларга “отма” дейишибди. Лекин улар барибир отибди. Битта ўқ Оллоберганов Отабекка теккан, у ўлган¸ Матëқубов Жалол елкасидан ўқ еган. У ўлмай қолган. Ҳозир Жалол даволанишда. Аҳволи анча яхши.

Улар қайиқда учта бўлишган. Учинчиси Оллоберганов Отабекнинг акаси Оллоберганов Даврон. Унга ҳеч нарса бўлмаган. У қирғоққа чиқиб, телефон қилиб, машина чақириб, шерикларини қишлоққа олиб келган, дейди Ботир Қаландаров.

Унга кўра, Чиқирчи қишлоқ фуқаролар йиғини томонидан туркман чегарачилари ўқидан жароҳатланган Жалол Матёқубовга моддий кўмак кўрсатилаяпти. Лекин йиғин раисининг айтишича, ҳалок бўлган Отабек Оллаберганов оиласи моддий кўмакка муҳтож эмас.

- Ўлган боланинг оиласи иқтисодий жиҳатдан жуда яхши. Улар ҳеч нарсага муҳтож эмас. Жалолга олти ойлик моддий ëрдам пули ажратдик. Ҳар ойда 56 минг сўм атрофида олади, дейди Ботир Қаландаров.

Хоразмдаги “Нажот” ҳуқуқ ҳимояси гуруҳи раҳбари Ҳайитбой Ёқубовга кўра, ўзбек-туркман чегарасида фожеали воқеалар тез-тез содир бўлиб туради:

- Туямўйин сув омборида 2004 йилларда ҳам отишма бўлган. 2005 йилда ҳам Туямўйинда еттита хоразмлик қамоққа олинган эди. Улар икки йилдан кейин Туркманистон давлати чиқарган амнистия туфайли озод бўлган.

Чегарада келишмовчилик келиб чиқишининг сабаблари жуда кўп. Қонун бўйича чегарадош районларда сув чегара белгилари ёки қуруқликдаги чегара белгилари бўлиши керак. Шунингдек, огоҳлантирувчи ёзувлар ёки инсонларнинг хавфсизлигини таъминлайдиган назоратчилар бўлиши керак. Айни шу нарсалар йўқлиги боис келишмовчиликлар келиб чиқаяпти.

1993 йилдан 2009 йилгача 62 нафар хоразмлик чегарадош ҳудудларда Туркманистон чегарачилари томонидан отиб ўлдирилган, дейди Ҳайитбой Ёқубов.

Маълумотларга кўра, ҳозирча Туркманистон томони янгиариқлик фуқаролар билан боғлиқ воқеа юзасидан расмий билдирув бергани йўқ.

Ўзбекистон томонида эса воқеа юзасидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилаяпти.
XS
SM
MD
LG