Линклар

Карзай яна президентликка даъвогар


Афғонистон президенти Ҳамид Карзай август ойига режалаштирилган президентлик сайловига номзод сифатида рўйхатга олинди.

Ҳамид Карзай мамлакатдаги этник тожик ва этник ҳазора етакчиларини вице-президентликка номзод қилиб танлади. Улардан бири этник тожиклар етакчиси Муҳаммад Қосим Фаҳим.

Иккинчиси¸ ҳозирда Ҳамид Карзайнинг иккинчи вице-президенти лавозимини эгаллаб турган этник ҳазоралар етакчиси Карим Халилийдир.

Ҳамид Карзай ўз президентлик даврида айрим хатоларга йўл қўйганини тан олган бўлсада, афғон халқи хизматида қолиш учун сайловга яна ўз номзодини қўйганини таъкидлади.

Халқаро кучлар амалиётларидан нобуд бўлаётган тинч аҳоли вакиллари сонининг ортиб бориши ҳамда ҳукумат даражасида коррупциянинг авж олгани муносабати билан Ҳамид Карзайнинг обрўйи анча тушиб кетди.

Маълумотларга кўра, 20 августга белгиланган президентлик сайловига ҳозирча Ҳамид Карзайдан бошқа номзод расман рўйхатга олинмаган.
XS
SM
MD
LG