Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:15

Муваққат бирлашув тўзиди


Қирғизистондаги энг бой мухолифатчи Темир Сариев ўз номзодининг президентликка кўрсатилиши тўғрисидаги қарор узоқ давом этган мунозаралардан сўнг қабул қилинганини айтди.
Қирғизистондаги энг бой мухолифатчи Темир Сариев ўз номзодининг президентликка кўрсатилиши тўғрисидаги қарор узоқ давом этган мунозаралардан сўнг қабул қилинганини айтди.

Қирғизистон мухолифати президентликка ягона номзод кўрсатиш масаласида келиша олмади ва бу борада бир ой аввал эришилгани эълон қилинган битим бекор бўлди.

Бир қатор мухолифат партияларини бирлаштирган Қирғизистон Бирлашган халқ ҳаракати президентликка мамлакат собиқ бош вазири, Социал-демократлар партияси раиси Алмаз Атамбаев номзодини илгари сурган эди.

4 май куни эса мухолифатдаги “Оқ шумқор” партияси ўз лидери Темир Сариев номзодини президентликка кўрсатгани маълум бўлди.

“Оқ шумқор” партияси раҳбари Темир Сариевнинг айтишича, президентликка мухолифатдан яна бир номзод кўрсатиш тўғрисида қарор қабул қилиш жараёни осон кечмаган.

- Бу борада жуда қизғин ва кескин муҳокамалар бўлди. Мунозараларда ёшлар ҳам, катталар ҳам иштирок этди. Бошқа сиёсий кучлар, сиёсатчилар, сиёсатшунослар билан маслаҳатлашувлар ўтказилди.

Албатта, мухолифатдан ягона номзодга қарши яна бир номзод кўрсатиш тўғрисида қарор чиқариш ўта масъулиятли. Аммо биз шунга мажбурмиз, деди Темир Сариев.

Қирғизистонлик сиёсатшунослар фикрича, мухолифат лидерлари орасида энг бадавлат шахс ҳисобланадиган Темир Сариев номзодининг президентликка кўрсатилиши ҳокимият учун ҳам, мухолифат учун ҳам кутилмаган воқеа эмас.

Сиёсатшунослар, 25 апрелда 7000 делегат иштирокида ўтган мухолифат халқ қурултойида Алмаз Атамбаев номзоди президентликка тасдиқланганидан сўнг, Темир Сариев ўз амбициялари таъсирида ҳокимиятни қўлга киритиш пойгасида иштирок этишини башорат қилаëтган эди.

Бу мухолифат қурултойида делегатлар генерал Исмоил Исақовни ҳам президентликка номзод сифатида рўйхатга олишни таклиф қилган эдилар.

- Темир Сариев билан Исмоил Исақов тандем тузиб, сайловда иштирок этса, бу жуфтлик президент Бакиевга энг асосий рақиб бўлиши аниқ. Темир Сариев ана шу имкониятни қўлдан бой бермоқчи эмас.

Алмаз Атамбаев эса президентликка ўз номзоди кўрсатилишидан воз кечган Ўмурбек Текебаев билан бирлашиши мумкин. Бу ҳолатда мухолифат Бакиевга қарши иккита кучли номзодлар тандемига эга бўлади, деди сиёсатшунос Табилди Акеров.

Унинг айтишича, бундай вазиятда сайлов пайти мухолифатга берилган овозлар бўлиниб кетади. Бу эса Қурмонбек Бакиевнинг яна ҳукумат тизгинини ўз қўлида сақлаб қолишига имконият яратади.

Ҳозирча Қирғизистон президентлигига номзоди кўрсатилган саккиз сиёсатчи орасида Қурмонбек Бакиев ҳам бор. Айни мана шу номзод нафақат ҳукуматга мойил бўлган сиёсий кучлар, балки қирғиз мухолифатидаги айрим партиялар томонидан ҳам қўллаб-қувватланмоқда.

Жумладан, “Қирғизистон Коммунистлари” ва “Янги Қирғизистон” партиялари сайловда Бакиев номзодини қўллашларини билдирганлар.

Коммунистик партия раҳбари Исҳоқ Масалиевга кўра, бундай қарор партия қурултойида қабул қилинган.

Сиёсатшунос Қуван Абдимен бу борада фикр билдирар экан, Бакиевни қўллаётган мухолифат партиялари раҳбарлари ҳукуматга яқинлашмоқчи эканликларини айтади:

- Масалиев сайловда Бакиевнинг ғалаба қозонишига кўзи етгачгина¸ мана шундай қарорга келган. У бу билан ўз партиясини мухолифатдан узоқлаштиришга ва ҳокимият билан яқинлаштиришга ҳаракат қилмоқда, дейди Қуван Абдимен.

Бундан бир ой аввал қирғиз мухолифати амалдаги президент Қурмонбек Бакиевнинг иккинчи муддат президентликка сайланишига йўл қўймаслик мақсадида, 23 июлда ўтадиган президентлик сайловига ягона номзод кўрсатиш борасида келишувга эришганини эълон қилган эди.

Сиёсатшуносларнинг айтишларича, Темир Сариев номзодининг президентликка кўрсатилиши, бу битимнинг бекор бўлганини англатади.
XS
SM
MD
LG