Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:52

Миллат келажаги - унинг емагида


Камбағал ўзбекнинг қора қозонида қайнаëтган бугунги қувватсиз емак¸ мутахассислар фикрича¸ қатор жиддий касалликларни урчитаëтган омиллардан бири бўлиб қолмоқда.
Камбағал ўзбекнинг қора қозонида қайнаëтган бугунги қувватсиз емак¸ мутахассислар фикрича¸ қатор жиддий касалликларни урчитаëтган омиллардан бири бўлиб қолмоқда.

Мустақил кузатувчилар¸ миллат генофондини асраб қолиш учун аҳоли овқатланиш сифатини яхшилаш миллий стратегиясига қатор муҳим қўшимча ва тузатишлар киритиш лозимлигини таъкидлашмоқда.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси март ойида 2009-2011 йилларда Ўзбекистон аҳолисининг овқатланиш сифатини яхшилаш Миллий стратегиясини қабул қилган эди.

Ўзбекистондаги “Ҳозиржавоб гуруҳ” ўтказган тадқиқотларга кўра, бу Миллий стратегиянинг бир қанча камчиликлари бор. Бу борада гуруҳ ўз мустақил кузатувларини эълон қилди.

Хўш, бу камчиликлар нималардан иборат? Миллий стратегия аҳолининг овқатланиш сифатини яхшилашда қайси жиҳатларни эътиборга олмаган?

Биз ана шу саволлар билан “Ҳозиржавоб гуруҳ” аъзоси Шуҳрат Ғаниевга мурожаат қилдик.

- Авваламбор¸ бу стратегиянинг яхши томонини айтиш керак. Бу ҳақиқатан актуал ва керакли нарса. Ҳозирги пайтда бу дастур борлигининг ўзи ижобий¸ деб ўйлайман. Аммо гап унинг қандай амалга оширилишида.

Энг паст қатлам бўлган муҳожирлар қатламини бизнинг миллионлаган фуқароларимиз ташкил қилади. Буларнинг ярми Ўзбекистонда¸ ярми Россия ва Қозоғистонда юрипти. Бу дастур уларга қандай таъсир қилаяпти?

Биз шуни аниқлаш мақсадида¸ ўша юқорида мен айтган қатлам ичида сўровнома ўтказган эдик. Сўровномага жавоб берганларнинг бирортаси Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ун маҳсулотларининг темир моддаларига¸ витаминларга бой эканлигини¸ тузларнинг йодга бой эканлигини сезмаган¸ тиббий ëрдам кўрсатиши керак бўлган ҳамширалар томонидан ëрдам кўрмаган.

Дастурда “Биз мана шу табақаларга ëрдам берамиз” деб айтилган. Лекин ҳаëтда бу ëрдам мавжуд эмас¸ дейди Шуҳрат Ғаниев.

Шуҳрат Ғаниевнинг айтишича, ҳозир Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган ва таркибида йод бўлган ун аҳолининг эҳтиёжини тўла қоплай олмаяпти. Бу ҳолат эса Миллий стратегияда эътиборга олинмаган:

- Йод қўшиладиган унни Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган ун деб ҳисоблаймиз¸ шундайми? Бу Қозоғистон ëки Россия уни эмас.

Ўзбекистонда ун ишлаб чиқарадиган корхоналарнинг бошлиқлари билан гаплашсак¸ уларнинг тасдиқлашича¸ бу ун аҳолининг учдан бир қисмига етаяпти.

Аҳолининг учдан икки қисми йодланмаган ëки бошқа витаминларга бой бўлмаган унларни истеъмол қилаяпти. Бу Россия ëки Қозоғистон уни¸ дейди Шуҳрат Ғаниев.

Шуҳрат Ғаниев сўзларига кўра, Миллий стратегияда Ўзбекистонда аёллар ва болаларнинг камқонлилик ва қалқонсимон безнинг касалланишига қарши курашиш учун мақсадли ёрдамлар кўрсатиш кўзда тутилмаган:

- Авваламбор¸ бизнинг ижтимоий дастурларнинг эффектив ишлаши учун ҳозирги пайтда энг кам ижтимоий муҳофазага тушган қатламларга – пенсионерлар¸ ëш болалар¸ камқонлилик ëки бўқоққа учраган аëлларга ëрдам бериш керак. Дастурда шу гуруҳларга витаминларга бой озиқ-овқатларни тарқатиш кўрсатилиши керак. Ҳозирги пайтда эса дастурда бу нарса йўқ¸ дейди Шуҳрат Ғаниев.

Шуҳрат Ғаниев бу миллий дастурни такомиллаштириш учун амалг оширилиши лозим бошқа вазифаларни ҳам тилга олади.

- Собиқ СССР даврида касалхонада ëки тиббий ëрдам кўрсатиш пунктларида рўйхатда турган аëлларга¸ магазинда бор-йўқлигидан қатъий назар¸ мана шу маҳсулотлар арзон нархда¸ давлат нархида олиб берилар эди. Мен ўйлайманки¸ мана шу методни ҳозир қайтадан тиклаш керак.

Икинчидан¸ дастурда муҳожирлар қатлами умуман кўрсатилмаган. 4-5 миллион одам ҳозир Россия ва Қозоғистонда иш қидириб юрипти. Уларга нисбатан¸ уларнинг болаларига нисбатан дастур қандай қилиб ишлатилади? Бу миллионлаб аëллар¸ миллионлаб болалар деганику¸ дейди Шуҳрат Ғаниев.

"Ҳозиржавоб гуруҳ" фикрича, бугун мамлакатда тўйиб овқат емаëтган қатлам сафи қалинлашмоқда ва мана шу ҳолат Миллий дастур ўзагини ташкил қилиши керак.

Аҳоли орасида камқонлилик ва қалқонсимон без касаллигининг кўпайиши эса¸ мутахассисларга кўра¸ энг аввало тўйиб овқат емаслик билан боғлиқ.

Шу боис¸ кузатувчилар¸ аҳолининг овқатланиш сифатини яхшилаш Миллий стратегияси энг аввало қашшоқ аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш механизмини ишлаб чиқишни ўз олдига мақсад қилиб қўйиши кераклигини таъкидламоқдалар.
XS
SM
MD
LG